Шу кунларда дунё нигоҳи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида, десак асло муболаға бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ушбу сессияда илгари сурган ташаббуслари, билдирган фикр-мулоҳазалари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда мамлакатимизда давом этаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти, глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсмоқда. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Шунингдек, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди.
Ўтган даврда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар бугун юқори натижа бераётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга бандлик хизматлари кўрсатиш “Ягона ойна” тамойили асосида сифат ва натижадорлиги юқори даражага оширилди. Бу орқали иш билан банд бўлмаган аҳолига кўрсатилган хизматлар 4 баробарга ошди. 2017 йилда 274,0 минг, 2018 йилда 626,5 минг, 2019 йил 773,5 минг, 2020 йилда 1 096,4 минг, 2021 йилда 880 минг нафар фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилган.
Иш берувчи ва ходимлар ўртасида меҳнат шартномалари тузиш, электрон меҳнат дафтарчаси юритиш бўйича “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси ишга туширилди. Мазкур тизим орқали аниқланган бўш иш ўринларига 2017-2021 йилларда 1 388,7 минг ишсизларга ишга жойлашишга кўмаклашилди.
Эътиборлиси, 2019 йилдан бошлаб эса Меҳнат бозорида бандликни таъминлашнинг янги инструментлари жорий этилиб, 13 турдаги субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. 2019-2021 йиллар мобайнида 113,8 минг нафар ишсиз, кам таъминланган, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оила аъзоларини бандлигини таъминлаш учун 263 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилган. Албатта, бу каби омиллар юз минглаб ёшлар, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда ҳамда касбларга ўқитиш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфида кўплаб касб-ҳунарга ўқитиш маркази, касб-ҳунарга ўқитиш маскани, ишга марҳамат “Мономарказ”и фаолияти йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусларини маъқуллаган ҳолда, 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўли” бутунжаҳон конференциясини Ўзбекистонда ўтқазишни таклифини илгари сурди.
Шунингдек, камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили ҳамма учун очиқ ва сифатли таълим эканлиги билдирилди. Бу борада Ўзбекистоннинг аниқ режалари борлиги айтилиб, 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилиши қайд этилди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва ғоялар мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларни янада кенгайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.