Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарадорлигини оширишда меҳнат ресурслари балансини шакллантиришнинг аҳамияти: муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги масъул ходимлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, давлат иқтисодиёти ривожланиши ундаги ишсизлик даражаси билан белгиланади. Ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф эса бандлик хизмати органлари томонидан тартибга солинади. Мамлакатимизда аҳоли сонининг йилдан-йилга ошиши натижасида ҳар йили минглаб ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Миллий иқтисодиётимизга янги тармоқ ва йўналишлар қўшилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилаётгани аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларга бандлик хизмати кўрсатиш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та Конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилингани бу борадаги ишларни тизимли ташкил қилишга, аҳоли фаровонлигини ошириш орқали камбағалликни қисқартиришга хизмат қилаётир.
2020 йилда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун эса меҳнат бозорининг эркинлиги, аҳоли бандлиги билан боғлиқ барча ҳуқуқий муносабатларни ўз ичига олган ва тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида меҳнат бозорида бандликни таъминлашнинг янги инструментлари жорий этилиб, 13 турдаги субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди ва улар кенгайиб бормоқда. 54 турдаги касблар бўйича 59 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 140 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, 16 та ишга марҳамат “Мономарказ”лари ташкил этилди.
Ўзини ўзи банд қилиш, репетиторлик хизматини кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, 80 дан зиёд фаолият турлари даромад солиғидан озод қилинди. Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ёшларга 1 гектардан ер ажратилмоқда. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб, даромад топишлари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратиляпти.
Мамлакатимизда бандлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида республикамизда ишсизлик даражаси сўнгги олти йилда 9,5 фоиздан 8,1фоизга камайишига эришилди. Келгусида ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Зеро, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида бандлик кўламини ошириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш орқали меҳнат бозорининг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Семинар давомида “Аҳоли бандлигини таъминлашнинг хуқуқий асослари”, “Меҳнат ресурслари балансини шакллантиришнинг методологияси, усуллари”, “Аҳолини иш билан бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ва мавжуд механизмлар” “Норасмий бандлик улушини қисқартириш, меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан маърузалар тингланди.
Муҳокамалар давомида эришилган ижобий натижалар билан бирга мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ва камчиликлар ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлар ишсизлар сони тўғрисидаги маҳалладан олинган маълумотлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимидан олинган маълумотларга мос келмаслини, амалга оширилган ишларга қарамай ҳамон норасмий бандликнинг улуши юқори эканлигини қайд этдилар.
Шунингдек, иш ўринлари сонининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги меҳнат бозорида мувозанатнинг бузилишига, айрим ҳудудларда ишсизлик даражасининг ошиб кетишига, ноқонуний меҳнат миграциясини ўсишига олиб келаётгани таъкидланди.
Қизғин бахс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтган семинар якунида норасмий бандлик улушини қисқартириш, меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.