Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа марказида «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Бошқаруви, барча даражадаги партия кенгашлари раислари ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б.Юсупов олиб борди. У ўз сўзида мамлакатимизда 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган фуқаролар борлиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг мос меҳнат фаолияти орқали турмуш кечиришга етарли пул ишлаб топиш имкониятига эга бўлишлари учун зарур ва рақобатбардош шароит яратиш, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишлари учун яратилаётган шароитлар, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб борилаётганлиги ҳақида гапириб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати У. Уразбоев 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида 66-мақсад Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш деб белгиланганлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Сирдарё вилояти Боёвут тумани Кенгаши депутати Жумабой Рахмонқулов партиядан сайланган вилоятнинг барча даражадаги депутатлари бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини мунтазам олиб бораётганлиги ҳақида маълумот берди. Ўрганишлар доирасида бошқа вазифалар билан биргаликда – ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш борасида амалий ишлар ҳаётга татбиқ этилганини таъкидлади. Хусусан, Ногиронлар, Кўзи ожизлар ҳамда кўрлар жамиятлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказига ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун сурдо таржимони ишга олиниб уқаловчи, электрик, ошпазлик, маиший техника қурилмаларини таъмирлаш устаси, сартарошлик, пайвандлаш устаси, қандолатчи, тикувчи йўналишларида ўқув курслари ташкил қилиниб, сертификатлар берилган.
Йиғилишда таъкидланганидек, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларни касбий реабилитация қилиш, уларни меҳнатда кузатиб бориш, мос келадиган касблар бўйича иш ўринларини захира қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кабилар бўйича зарурий чоралар кўриб келинмоқда.
Давра суҳбати сўнггида, мамлакатимизда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича улкан қадам ташланганидан далолат бериши билан биргаликда катта масъулият ҳам эканлиги эътироф этиб ўтилди.