Халқлар бирдамлиги — давлатлар тинчлиги гарови

 

БМТнинг олий минбарида бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар фонида сайёрамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда ишончни тиклашга қаратилган муҳим даъватлар янгради. Мамлакатимиз етакчисининг ўзбек тилидаги нутқи ва ундаги мазмунли, ўринли ҳамда айни пайтда зарур бўлган таклифлар ҳар бир ватандошимизга ғурур бағишлаши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди.

Айни пайтда минтақа мамлакатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилиш таклиф этилди. Унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигига алоҳида урғу берилди.

Тан олиш керак, яқин ўтмишимиздаги баъзи воқеалар яқин қўшнилар ўртасидаги тушунарсиз ҳамда ўринсиз адоватни юзага келтирди. Собиқ тузум таъсиридан чиқолмаган авлод вакиллари ўз ҳаракатларини тўғри, деб баҳолади. Ваҳоланки, биз барчамиз оға-иниларнинг болалари каби бир-биримизга яқин бўлиб яшаганмиз. Буни тарихий ҳақиқатлар яққол исботлаб туради. Ота-боболаримиз бир дарёдан сув ичиб, битта нонни ҳам бўлишиб еган.

Бугун улуғ қадриятларни қайта жонлантириш, одамлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, халқлар бирлашса, дўстлашса, бир-бирига кулиб қараса, елка тутишга ўзида куч топа олса, мана шу ҳақиқий тараққиёт омили бўлади. Халқларнинг бирдамлиги эса бевосита давлатлар раҳбарлари қабул қилаётган қарорлар, уларнинг муносабатига боғлиқдир.

Масалан, яқинда Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги қўшни Қирғизистоннинг Бекобод тумани билан туташ ҳудудидаги чегара пункти қайта очилди. Бу одамларнинг чексиз қувончи, миннатдорлигига асос бўлди. Узилган ришталар қайта тикланди, сўниб қолган ҳаёт яна жонланди ва бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Агар улар сирасига минтақа ёшлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ташаббуслари киритилса, тараққий этган келажак ҳақидаги тасаввурларимиз ҳақиқатга айланади.

Муҳими, ёшларда шарқона маданият ҳамда миллий ғурурни кучайтириш, замонавий билимларни пухта эгаллашига замин яратиш ва ана шулар асосида минтақа ҳаётида акс этувчи лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга интилишни кучайтириш зарур. Ўйлайманки, ёшлар ўртасидаги ўзаро алоқаларининг яхшиланиши янгидан­янги ташаббусларга йўл очади.

 

Олим Равшанов,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 27.09.2022, №38

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш