Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб фракция аъзолари томонидан “Интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 121-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда интеллектуал фаолият билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, интеллектуал мулк соҳасини ислоҳ қилиш, муаллифлар ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд.
Хусусан, ижодий ва тадбиркорлик фаолиятида яратилган интеллектуал мулк объектларидан рақамли муҳитда қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқ қилмишлар ахборотлаштириш соҳасини тартибга солувчи махсус қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгиланмаганлиги, интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаларини бу турдаги ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатлар мавжуд эмаслиги бир қатор долзарб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунига интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини Интернет жаҳон ахборот тармоғида ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча киритилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг нақадар муҳимлиги, инсон, унинг меҳнати, яъни интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояланишига хизмат қилишини таъкидлаб, ахборот ресурси эгасининг шахсий жавобгарлигини ошириш қатор қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга замин яратишини қайд этдилар. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда шунингдек, “Давлат хизматлари кўрсатиш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамкўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, давлат хизматлари марказлари томонидан хизматларнинг қамраб олиш даражаси пастлиги, давлат хизматларини кўрсатиш муддатларининг узунлиги, улар бўйича тўловларнинг юқорилиги, аксарият давлат органларининг зарур маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаганлиги долзарб бўлиб қолмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Яъни, 13 та қонунга фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилмаслик бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётган бўлса, 2 та қонун билан айрим давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилмоқда. Масалан, оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш муддатини 15 кундан 10 кунга қисқартириш белгиланмоқда.
Депутатлар таъкидланганидек, қонун лойиҳаси давлат хизматларини сифатли кўрсатилишини таъминлашга, турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилгач, таклиф ва тавсиялар билан қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.