Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, турли ҳудудларда режали ўрганишлар олиб бормоқда. Асосан озиқ-овқат, энергия хавфсизлиги, бандлик, жиноятчиликка қарши курашиш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда. Ўрганишлар жараёнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг сессиялари ўтказилиб, реал ҳолат таҳлил қилинмоқда, вазифалар белгиланмоқда.
Масалан, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида вазият атрофлича ўрганилди. Ижобий ишлардан ташқари, муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланди. Ана шулардан бири аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ажратилаётган ерларнинг меъёрий қиймати ошиб кетганида экани маълум бўлган. Яъни, е-аукцион платформаси орқали ўтказилаётган савдога кўра юқори нарх таклиф этган талабгор ерга эга бўлади. Натижада «Ягона ижтимоий реестрда» рўйхатга олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларидаги ишсиз ва кам даромадли аҳолининг ер сотиб олиш имконияти пасаймоқда. Афсуски, бу ҳолат республиканинг барча ҳудудида мавжуд.
Шунингдек, тадбиркорлар кредитланган лойиҳаларини суғурталаган бўлишига қарамай, суғурта компанияларида ҳеч қандай масъулият йўқлиги тизимли муаммоларга сабаб бўлмоқда. Умуман, банкротликнинг олдини олиш ҳамда банкларга бўлган ишончни ошириш учун кредит тизимини қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ таклифлар билдирилди.
Сессия кун тартибидан яна бошқа масалалар ҳам ўрин олган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида муҳокама қилинди. Камчиликларни бартараф этиш, муаммоларга ечим топиш, ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш билан боғлиқ таклифлар билдирилди. Табиийки, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик қайсидир ҳудудда ошган, яна бошқа жойда камайган. Унинг турлари ҳам шу тариқа ўсиш ва камайиш хусусиятига эга. Аммо бу хотиржамликка асос бўлолмайди. Шу боис профилактик тадбирларни кучайтириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга, фойдали ишларга йўналтиришга ҳаракат қилиш лозим.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолати, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги юзасидан ҳам ахборотлар эшитилди. Муаммоларнинг ечими муҳокама қилинди.
Аслида қандай ўтиши керак?
Парламентнинг бир неча вакиллари қатнашган сессиялар анча демократик ўтиши табиий. Лекин фақат ўша ҳудуд депутатлари ва мутасаддилари иштирокида ўтадиган сессияларнинг ижро ҳокимияти йиғилишидан катта фарқ қилиши мушкул. Бунинг бир нечта сабаблари бор.
Сессия аслида қандай ўтказилади? Муаммо ўрганилади, сессияга киритилади ва депутатлар ҳамда маҳаллий ижро органлари иштирокида кўриб чиқилади. Йиғилиш якунида қарорлар қабул қилинади, аниқ вазифалар белгиланади. Уларнинг ижро этилиши ҳаётни яхшилашга, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.
Шунда экан, мажлис ўтказиб, жадвал ясаш, қоғоз тўлдириш билан сессия ўтган, депутатлар вазифасини бажариб қўйган ҳисобланмайди.
Аксинча, ҳаммаси қарор қабул қилингач бошланади. Чунки муаммонинг ечими қарорнинг ижросига боғлиқ. Ўрганишлар натижаси эса назорат тадбирларига қараб самарали ёки самарасиз бўлади.
Вазият қандай?
Депутатлик корпуси ҳамда маҳаллий ҳокимият ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорлик қай даражада? Депутат кўтарган масалага масъулларнинг муносабати ва қарор ижроси устидан назорат қониқарлими?
Шу каби саволлар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ўрол Ўрозбоев фикрлари билан ўртоқлашди:
— Биласизми, сўнги йилларда давлатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг туб моҳияти инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қонунда ва амалда таъминлаш, бунинг кафолатларини яратишдан иборат.
Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили билан боғлиқ ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси яратилган. Конституциямизнинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади, деган жумлалар билан белгилаб қўйилди. Ҳудудий вакиллик ва ижро органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий асослар шакллантирилиб, ислоҳотлар кетма-кет ривожлантириб бориляпти.
Эсласангиз, Президентимиз «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала — бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратишдир», деган эди. Маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши демократик меъёрларга тўғри келмайди.
Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Биласизми, бугун халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг олдида турган айрим муаммоларни ўрганиш, таҳлил этиш, маҳаллий бюджетни қабул қилиш, унинг ижроси назорати халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларига кирсада, ҳудудларда айрим ҳолатларда бюджет ижроси ҳар чоракда кўриб чиқилмаяпти. Оқибатда нима бўлаяпти? Маҳаллий бюджетни ижро этишда, маблағларни мақсадли сарфлашда муаммолар ҳам юзага келмоқда.
Нима учун бу фикрни билдиряпман? Ҳудудларда ҳокимларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш жараёнида, барибир, ҳокимларнинг муносабатига, кўрсатмасига таяниб қолиняпти. Бунга сабаб табиийки, ҳуқуқий асоснинг тўлақонли эмаслиги ва андиша бўлиб қолмоқда.
Бугун, тўғрисини айтишимиз керак, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириб беришимиз керак. Қонунларда ҳоким ҳисоботини эшитиш механизмлари тўлиқ тартибга солинмаган. Яъни, қонунчиликда Кенгашнинг ҳоким ва маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятини баҳолаш мезонлари, ҳоким ҳисоботини қандай ҳолларда қониқарсиз, деб баҳолаш мумкинлиги, бундай ҳолларда қандай таъсир чоралари кўриш мумкинлиги ҳақидаги ва бошқа қатор масалалар очиқ қолган.
Айни вақти
Янгиланган Конституциямизнинг 120-моддасида вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимияти вакиллик органлари сифатида Кенгашнинг мақоми белгиланган. Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Ушбу янгилик асосида Халқ депутатлари кенгаши раҳбари алоҳида бўлиши ҳамда ҳоким кенгашларнинг раҳбари бўла олмаслиги тўғрисида алоҳида қоида белгиланди. Шунингдек, Халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши кенгашларнинг демократик табиатини ифода этади.
Қарангки, Конституциямизда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил этиш, шошма-шошарликка йўл қўймаслик мақсадида ҳам аниқ нормалар белгилаб қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, бир шахс бир вақтнинг ўзида ҳам ҳоким, ҳам маҳаллий кенгаш раиси бўлмаслиги ҳақидаги нормаларнинг белгиланиши маҳаллий Кенгашларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтиради, жойлардаги маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради. Самарали депутатлик назоратининг амалга оширилиши учун конституциявий кафолатларни кучайтиради. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширади. Ушбу ўзгаришлар келгусида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият олиб боришига албатта хизмат қилади.
Кўпроқ депутатларга боғлиқ
Маҳаллий ҳокимлик бошқаруви органларининг депутатлар фаолиятига муносабати ўзгармагани ҳақида эзилиб гапиргандан фойда йўқ. Аввало депутатлик корпусининг ўзи ҳурматга лойиқ даражада бўлиши муҳимдек туюлади.
Қайси депутатдан сўраманг, тортиниб гапиради. Жавобларда ҳам андиша сезилиб туради. Тўғри, маданиятли кўриниш яхши хусусият.
Аммо бу ерда бошқа масала ҳам бор. Айрим депутатлар ўз устида ишлолмагани, тер тўкиб, елиб-югургиси келмагани учун баҳона йўлини қидириб қолади. Ўзининг уқувсизлигида қонунлар, қандайдир катта сабабларни важ қилиб кўрсатмоқчи ҳам бўлади. Ҳурмат қонунлардан ҳам аввал меҳнатга ва жамоатга садоқатга, самимий фаолиятга қараб келади.
Инсон манфаати ҳақида гап кетганда айрим «анъана»лардан воз кечиш, керак бўлса, «қора рўйхат»га тушишдан чўчимаслик ва кескин чоралар кўриш билан боғлиқ таклифлар бера олиш зарур. Зеро, жойлардаги муаммо ва камчиликлар ҳақида гапириш учун уни кўра олиш, кўриш учун эса ўз яшаб турган жойини севиш, ҳамюртлари ва ватани тақдирига бефарқ бўлмаслик талаб этилади.
Ўз навбатида, масалани ўрганиб, сессияга олиб чиқаётган, масъуллардан ечим сўраётган депутатларга ҳам сиёсий ирода, ташаббускорлик ва албатта жасорат керак. Билим ва тажриба эса уларнинг энг муҳим қуроли бўлмоғи лозим.
Умид қиламизки, ижро ҳокимияти ва депутатлар халқ манфаати йўлида ҳамфикр бўла олади. Энг яхши ва тўғри ҳурмат хизматини тан олиш ортидан олинган ҳурматдир.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 4.10.2022, №39