Мамнун бўлишга ҳали бор

 

Мамлакат нормал ривожланиши бир қанча омиллар, хусусан, ижтимоий-сиёсий институтлар қанчалик шаклланиши ва ишлашига боғлиқ. Кучли иқтисодиётга эга қайси давлатни олманг, у ерда ижтимоий-сиёсий институтлар реал ишлайди. Бунга бир-икки йилда эришиб бўлмайди. Лекин, шу билан бирга, ислоҳотлар ҳам ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун фаоллар, фидойилар, сўраб турувчилар, жавоб беришга ундовчилар, яъни сиёсий тузилмалар ташаббускор бўлиши лозим.

10 йил олдин маҳаллий Кенгаш депутатларида қанча ваколат бор эди? Ҳозир реал вазият қандай?..

Бугун барча даражадаги раҳбарлар депутатлар олдида ҳисобдорга айланди. Аммо ҳисоб сўрай олиш учун меҳнат ва катта тайёргарлик керак. Аксарият депутатлар мутасаддилардан ҳисоб сўрашга тайёрми? Саволни бу тарзда қўйсак, жавоб ва фикрлар бир қадар ўзгаради.

Айни пайтда юртимизда депутатлик мақомига эга кишиларнинг неча фоизи шу номга муносиб, қанчаси шунчаки юрибди – аниқ айтиш қийин. Нисбатан тўғрироқ жавобни депутатлар фаолиятига бевосита назар ташлаш орқалигина билиш мумкин.

 

Сессияга масала киритилди

Маҳаллий Кенгашларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 1500 нафарга яқин депутат фаолият юритади. Партия Сайловолди дастуридаги мақсад-вазифаларни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий ҳаракат дастури қабул қилинган. Унга биноан октябр ойига қадар 800 дан ортиқ масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Амалда, маълумотларга кўра, 600 га яқин масала партия гуруҳларида муҳокама қилиниб, шундан доимий комиссияларда 422 таси, сессияларда эса 371 таси кўриб чиқилган.

Таҳлилларга кўра, сессияга киритилган масалаларнинг аксарият қисми аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқдир ва улар 89 тани ташкил этади.

Соғлиқни сақлаш соҳасига оид 68 масала, таълим тизимини ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича 48 та масала сессияга киритилган.

Шунингдек, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳасини яхшилаш, намунавий маиший хизмат комплексларини ташкил этиш ҳамда транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш каби қатор масалалар депутатлар томонидан ўрганилиб, сессия қарорлари қабул қилинишига эришилган.

Аслида сон эмас, иш сифати муҳим саналади. Шундай экан, доимий комиссия ва сессияларда кўрилган масалаларнинг ижроси назоратга олинганми, ечими бўйича ишлар якунига етказилганми-йўқми, деган саволларнинг жавобига қараб натижани баҳолаш мумкин. Бу эса бевосита маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари масъулияти ва виждонига боғлиқ.

Бир нарса аниқки, ўз ишининг устаси бўлган ва қонуний ҳуқуқ ҳамда ваколатларидан тўғри фойдалана олган депутатнинг сўзи ерда қолмайди. Яъни, у ўрганилган масаланинг тақдирига бефарқ бўлмайди, унинг охирига етмай қўймайди. Лоқайд, бефарқ халқ вакиллари эса «сессия масала киритдим, ишимни зўр бажардим», деган хулоса билан хотиржамликка берилади ва хато қилади. Чунки ҳақиқий иш сессиядан сўнг бошланади. Унда қабул қилинган қарор асосида бирор бир ҳудуддаги муаммо ечим топади, одамларнинг мушкули осон бўлади. Вазифасига садоқатли депутат эса масала ҳал бўлмагунига қадар ҳаловат топмайди.

Масалан, самарқандлик ва тошкентлик депутатларни ана шундай қалби уйғоқ кишилар сирасига киритиш мумкин. Гап шундаки, сон жиҳатдан бошқа ҳудудлардан кам бўлишига қарамай, ушбу ҳудудларда доимий комиссия ва сессияларга киритилган масалалар сони анча юқори.

Айтайлик, вилоят Кенгашида 8, туман ва шаҳарларда 109 нафар вакилиги эга депутатлик корпуси аъзолари 43 та масалани сессияга киритишга муваффақ бўлган. Андижондаги депутатлар сони улардан кўп бўлса-да, ҳозирча 16 та масала билан кифояланилган.

Тошкентда 61, Сирдарёда эса 84 нафар ХДПдан сайланган депутатлар фаолият кўрсатади. Сирдарёликлар 10 та масалани сессияга киритган бўлса, пойтахтлик вакиллар 44 та масала юзасидан сессия қарори қабул қилинишига эришган.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи:

— Партия гуруҳи аъзоларининг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлардан тўлиқ фойдаланиши долзарб масала. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир муҳим масалаларни ҳал қилишда халқ депутатлари Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳларининг роли ва иштироки сезиларли даражада ошмоқда.

Ҳокимларнинг ҳар йили ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалалари юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳисобот бериши бўйича мониторинг олиб борилмоқда. Партия гуруҳларининг назорат-таҳлил фаолияти якунига доир қарорларида фақат тавсиялар эмас, балки чуқур асослантирилган, қонунлар ижросини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар, кўрсатмалар бўлишига эришилмоқда.

Қонун нормаларининг халқчиллигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаларини «марказ – вилоят – туман» тизими асосида партия қуйи бўғинларида ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини олиш борасидаги ишлар давом эттирилди.

Ижроси ўрганилган қонунларни такомиллаштириш, замон талабларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар фракцияга тақдим этиб келиняпти.

Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, муаммоларни тезкорлик билан жойида ҳал этишга қаратилган «Депутат маҳаллада», «Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш» лойиҳалари самарали амалга ошириляпти. Депутатлар томонидан фуқаробай, хонадонбай аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Мулоқотда республика даражасида ҳал бўладиган масалаларни партия фракциясига, вилоят даражасида ҳал бўладиган масалаларни партия гуруҳи орқали вилоят Кенгаши ҳамда туман даражасида ҳал бўладиган масалаларни туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқиш тартиби жорий этилди.

Депутатларнинг долзарб масалалар бўйича аниқ позицияга эга бўлиши, фикр-мулоҳаза билдириши, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ташаббуслар илгари суриши бутун фаолиятимизни янгича руҳ билан кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

 

Депутатлик сўрови

Маълум бўлишича, депутатлик сўрови юборишда ҳам рақамларда ўзгаришлар бор. Масалан, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган 3601 та депутатлик сўрови масъулларга юборилган. Унинг аксарият қисми, яъни 2353 таси бўйича ижобий жавоб олинган. Англашиладики, масалаларнинг 60 фоиздан ошиғи ечим топган.

Бу йўналишда фарғоналикларга тенг келадигани бўлмаган. Мазкур ҳудудда ХДПдан сайланган 132 нафар депутат 459 та сўров юборган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи ёки 419 таси ижобий ечим топган. Бу эса камида шунча одам ва уларнинг оиласига кўмак берилгани, масаласи ҳал этилганини англатади.

Сессияга масала киритишда ҳам илғорлар сафида бўлган хоразмлик ноиблар 315 та сўров юборишга эришган. Аммо негадир юборилган депутатлик сўровларининг 210 тасига жавоб берилган.

Рақамларга эътибор қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Андижон вилоятидаги сўровлар сони 100 тадан камлигини кўриш мумкин. Бунда мазкур ҳудудларда муаммолар йўқдирда, деган хулосага келса ҳам бўлади. Аммо Ҳаракатлар дастуридан ўрин олган масалалар ечимини кутаётган камчиликлар оз эмаслигидан далолатдир.

Мисол учун, Наманганда 140 нафарга яқин ХДПдан сайланган ноиблар бор. Улар 8 ойда 200 та сўров юборган. Ҳаракатлар дастури бўйича белгиланган масалаларни кам қисми сессияларда муҳокама этилган.

Депутатлар вақт сарфлаб юборган сўровининг тақдиридан у қадар хавотирда эмасдек гўё. Акс ҳолда, уларнинг ечимига эришиш учун масъулларнинг эшигини такрор ва такрор тақиллатишдан эринмаган бўлишарди. 200 та сўровнинг атиги 70 дан ортиғига жавоб берилган. Қолганларининг тақдири ҳали номаълум.

Албатта, бу рақамлар жойлардаги, партия гуруҳлари фаолиятидаги ҳақиқий ҳолатни англатмайди. Реал кўрсаткичлар ўзгарган ёки фарқ қилиши мумкин. Асосий масала фақат рақамларда эмас.

 

Эшитувлар сони

Маълумки, партия гуруҳлари фаолиятида ҳар бир ҳудуднинг раҳбар ва мансабдор шахсларининг ахборот ҳамда ҳисоботларини эшитиш ҳам йўлга қўйилган. Бу орқали жойларда олиб борилаётган ишларнинг соҳалар кесимидаги ҳолати, таҳлили, шунингдек, бюджет маблағларининг самарали сарфланиши каби масалалар ҳақида маълумот берилади. Жорий йилнинг 8 ойида партия гуруҳлари ташаббуси билан ана шундай йиғилишларнинг 318 таси ўтказилган.

Ҳисобот ва ахборот давомида олиб борилган ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида ҳам сўз юритилади. Депутатлар ўз ҳудудларидаги муаммоларга ечим топиш юзасидан масъулларга саволлар билан мурожаат қилади. Муаммоларни ҳал қилиш борасида ўз таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириши лозим. Агар ҳар бир эшитув шу тариқа ўтказилса, анча масалага ойдинлик киритилиб, ечими осонлашади.

 

Хулоса

Масалани ўрганиш, сессияларга киритиш, депутат сўрови юбориш, масъуллар ахбороти ёки ҳисоботини эшитиш – буларнинг барчасида аввало халқ манфаати ётади. Сессияга киритилган масаланинг моҳияти, унинг ўрганилганлик даражаси, ёндашув орқали депутат ёки депутатлик гуруҳининг савияси намоён бўлади. Юзакилик эса билимсизлик, ҳуқуқий жасоратнинг етишмаслигидан далолатдир.

Депутат, партия гуруҳи фаолияти давомида нафақат ўзи, балки сиёсий партиянинг кучини намоён этади. Депутатлар фаолияти кўламига қараб партиялар ҳақида хулоса қилиниши ҳам бежиз эмас.

Ҳар бир вакил зиммасидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилса, биринчи навбатда одамларнинг ишончини қозонади, виждони олдида ўзини оқлаган бўлади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 11.10.2022, №40

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш