Машҳур океаншунос Жак Ив Кустонинг шундай гапи бор: “Ер — ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони”. Бу сўзлар бежиз айтилмаган, албатта. Унинг таг-замирида жуда катта маъно-мазмун бор. Зеро, сув – ҳаёт, саломатлик, озиқ-овқат, энергия ва атроф-муҳит учун энг муҳим ресурсдир. Биз уни тежаб ишлатишни ўрганмас эканмиз, бу яқин келажакда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мамлакатимизда сув манбалари бир текис жойлашмаган. Баъзи ҳудудларда у етарли бўлса, баъзи вилоятларда ичимлик сув юзлаб чақирим узоқдан олиб келинади. Ўзбекистон, биринчи навбатда, сув ресурслари тақчиллиги муаммосига дуч келяпти. Ҳозир бутун Ер юзида, хусусан, Ўзбекистонда сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш масаласи кун тартибида турибди. Бу борада мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Тадқиқотларга қараганда, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб чучук сув танқислиги минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Глобал иқлим ўзгариши, Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши, миллий иқтисодиёт турли тармоқларининг жадал ривожланиши ва уларнинг сувга бўлган талабининг ўсиши туфайли республикада сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга ортиб боряпти. Ўзбекистонда мавжуд чучук сув ҳажмининг қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.
Айтиш жоизки, сув билан таъминланганлик ҳолати аҳоли турмуш даражасинининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Демак, марказлашган ичимлик сувининг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли сувни тежаш жараёнида фаолроқ роль ўйнаши керак.
Аммо биз сувни тежаш масаласига деярли эътибор қилмаймиз. Бундай масъулиятсиз муносабат советларнинг режалаштирилган иқтисодиёти, яъни истеъмолчиларни сувдан тежамкор ва оқилона фойдаланишга ундовчи бирор бир чора кўрилмаган бир даврда шаклланган. Чунки, у пайтларда сув таъминоти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидияланган.
Шундай қилиб, истеъмолчиларнинг сувдан норационал фойдаланиши, бир томондан, сувдан фойдаланиш маданиятининг пастлиги, иккинчи томондан, аҳолида сувни тежашга рағбатлантиришнинг йўқлиги билан боғлиқ. Шу боис, бугунги кунда сув тарифларини шакллантиришда бозор муносабатларига ўтиш муаммоси жуда долзарбдир.
Инчинун, бозор – одамларнинг сувни тежашига туртки берувчи энг кучли мотивация бўла олади. Aмалиёт шуни кўрсатадики, аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиши кўп жиҳатдан ҳар бир истеъмолчининг тўловларни камайтиришдан шахсий манфаатдорлигига боғлиқ. Бошқа томондан, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, бу тушунтириш ишларини “боғча – мактаб – университет” тамойилида, энг муҳими, оилада доимий олиб бориш лозим.
Энг кучли таъсир кўрсатувчи омил – бу, шубҳасиз, сув нархидир. Тарифларни кескин ошириш йўли билан бўлса-да, нормал даражага етказиш сув исрофгарчилигига чек қўйишга ёрдам бериши аниқ. Бозор қонунлари ҳар қандай замонда, ҳар қандай шароитда ишлаган ва бундан кейин ҳам ишлайди.
Марказий Осиёда ичимлик сув учун тўлов нархи энг юқори мамлакат Қозоғистон ҳисобланади. Мамлакатда сув тарифлари ҳудудларга қараб аҳолига 1 м3 сув учун 73 тенгедан (1 905 сўм) 304 тенгегача (7 934 сўм) белгиланган. Дунёдаги энг қиммат тарифлар Европада. Хусусан, Норвегияда 5,51 евро (71 минг.сўм), Германияда 4,67 евро (60 минг.сўм), Данияда 4,43 евро (57 минг.сўм) ва Нидерландияда 3,99 евро (51 минг.сўм). Ва бу ерларда сувнинг ҳар бир томчиси қадрланишига шубҳа йўқ.
Тирик эканмиз, биз сувга доимо муҳтожмиз. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишининг гаровидир. Тўғри, тоза ичимлик сувни узлуксиз етказиб бериш, сув бормаган ҳудудлардаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигига сув етказиб бериш йўналишида катта ишлар бошланган, улар давом этмоқда. Лекин сувдан оқилона фойдаланиш маданияти туриш-турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмас экан, бу йўналишда сезиларли муваффақиятларга эришиш қийин бўлади.
Сув нархларининг либераллаштирилиши истеъмолчилар хулқ-атворига таъсир қилиб, ундан хўжасизларча фойдаланиш одатларига чек қўйишга хизмат қилади. Акс ҳолда, биз мамлакат учун ўта қадрли ресурс бўлган ичимлик сувдан машина ювиш, томорқани суғориш, ёзда микроклимат ясаш учун фойдаланишда давом этаверамиз.
Мухтасар айтганда, сувни эъзозлаш келажакни асрамоқ демакдир. Аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланиш маданияти қанчалик юксак бўлса, сарф-харажатлар ҳам шунчалик камайиб, соҳани техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштиришга имкон яратади. Демак, ичимлик сувини асрайлик.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.