Аралаш сайлов тизими жамиятимиз ҳаётида кўприк вазифасини ўтайди

 

Ҳақиқатдан ҳам сайлов муҳим сиёсий жараёндир. Барчамиз Янги Ўзбекистонимизнинг тарихий жараёнлари иштирокчиси бўлиб турибмиз. Мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ҳамда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан, уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларини кўзлаб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи анчадан буён илгари сурилиб келинаётган эди.

Республикамизда сайлов тизимини такомиллаштирилиши, хусусан мажоритар ҳамда пропорционал сайлов тизимига ўтилиши сизга ва бизга, қолаверса фуқароларимизга нима беради?

Мажоритар сайловда сайловчиларимиз сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларга овоз беришади.

Пропорционал сайловда эса, амалдаги сиёсий партияларга овоз берадилар. Бу эса ўз-ўзидан кўриниб турибдики, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини, қолаверса, нуфузини оширишда хизмат қилади.

Сайловчилар қайси сиёсий партиянинг ғоялари ва сайловолди дастурлари кучли бўлса, ўша сиёсий партияга овоз беради.

“Сайловлар демократия кўзгуси” деймиз! Сайловлар орқали ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этади ҳамда мамлакат тақдирига нисбатан бефарқ эмаслигини намоён этади.

Қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ҳамда ўтқазиш учун Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, сайлов органларининг вертикал тизимини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси зиммасига нафақат Ўзбекистон Республикаси сайлови ёки парламентга сайловни, балки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни ҳам ташкил этиш вазифалари юклатилмоқда.

Шунингдек, давлат бошқарувида меритократия тамойилларини татбиқ этиш мақсадида айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўринларига эга бўлиши ўрнатилмоқда. Агар ҳеч қайси партия камида етти фоиз овозни тўпламаган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилиши белгиланмоқда.

Ягона сайлов округи бўйича сайловчиларнинг овози асосида депутатлик ўринларини партиялар ўртасида тақсимлашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда. Бунда пропорционал сайлов тизимида етти фоизлик чегарадан ўтган партияларга ёқлаб берилган умумий овозлар сони 75 та депутатлик ўрнига бўлинади ва ундан чиққан рақам сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнгра ҳар бир партияга ёқлаб берилган овозлар сони мана шу сайлов коэффициентига бўлинади. Ундан чиққан сон эса ҳар бир партияга бериладиган депутатлик ўрнига тенг бўлади. Агар яхлит бўлмаган қолдиқ сонлар вужудга келиб, бунинг натижасида баъзи депутатлик ўринлари тақсимланмасдан қолса, уларни ҳам тақсимлаш тартиби аниқ очиб берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Конституциявий Қонун сиёсий партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятини оширади.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш