Сўнгги чорак аср давомида жаҳон миқёсида Буюк ипак йўли орқали туризм соҳасини ривожлантиришга қизиқиш тобора ўсиб бормоқда. Бу албатта, бевосита замон талаблари билан боғлиқ. Айниқса, денгиз билан бевосита биронта йўл орқали боғланмаган Ўзбекистон учун Буюк ипак йўли ниҳоятда аҳамиятли бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бу келгуси ривожланишимизнинг асосий талабларидан биридир.
Айтмоқчиманки, 16 октябрь куни Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеяси 25-сессиясининг айнан Самарқанд шаҳрида яъни Буюк ипак йўлининг чорраҳасида ўтказилганлигининг ўзи ҳам ўзига хос чуқур рамзий маъно касб этади ва буни юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларимиз тасдиғи сифатида ҳам қабул қилишимиз мумкин бўлади.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси яъни, Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирокида 20 октябрь кунига қадар давом этиши режалаштирилган бош тадбирида, соҳани янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон етакчиси туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири эканлигига тўхталар экан, бугун Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас бўлиб тус олган ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга ҳам устувор эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, кейинги йилларда салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилганлигини, сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилганлигини, кредит ва молиявий ёрдамлар тизимининг кучайтирилганлиги ва пандемия чекловларига қарамасдан, икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Давлат раҳбарининг туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган улкан саъй-ҳаракатлари туфайли Республика ҳудудида жойлашган мавжуд меҳмонхоналардаги ўринлар сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрутлари очилди, 6 та хусусий авиакомпаниялар ўз ишларини бошлади.
Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробарга кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказиш режа қилинган.
Бугунги кунда юртимизда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳам алоҳида эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон энг тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида сўзлаган нутқида, мамлакатда туризмни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган стратегияда замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади. Шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган янги автомобиль ва темир йўллар қурилишини, авиатранспорт парклари 2 баробарга кенгайтирилишини, авиақатновлар сони тўрт баробарга оширилишини, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилишини айтиб ўтди.
Умуман олганда, келгусида юртимизда туризм йўналишларини ривожлантириш ҳисобидан камида 1 миллионта янги иш жойлари яратилади.
Ўзбекистон етакчиси айни пайтда глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш эканини қайд этар экан, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш учун БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан ҳам ўз таклифини билдириб ўтди.
Бугунги кунда бутун дунё миқёсида иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган бир даврда, “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳам ҳар қачонгидан-да долзарб масала эканлиги Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу борадаги амалий қадамлар сифатида ЮНВТО доирасида “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этиш, шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратиш таклифи илгари сурилди.
Имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини ҳам ўртага ташлади.
Шунингдек, ЮНВТО доирасида тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибаларни алмашиш учун платформа - Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар Кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон Кенгашнинг биринчи йиғилишини Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрлигини ҳам қайд этиб ўтди.
Мамлакатимиз етакчиси яқинда Самарқандда очилган туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дунёда ўхшаши йўқ ЮНВТО Халқаро туризм академиясида мутахассисларни ўқитиш учун махсус грантлар ажратилишини ҳам эълон қилди.
Ўзбекистон раҳбари ёшлар учун ишлаб чиқилган сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари, уларнинг келгусида янги ғояларни яратиш борасидаги ишларида ўта муҳим ва фойдали майдонга айланишини таъкидлаган ҳолда, Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этди.
Шунингдек, “Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ЮНВТО махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси билдирилди ва келгусида ушбу режани амалга ошириш давомида Самарқандда очилган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланиши таъкидлаб ўтилди.
Мамлакатимиз Президенти ўз нутқида Глобал медиа кампусини таъсис этиш ва унинг форумларини ҳар икки йилда бир марта Бош Ассамблея сессиялари доирасида ўтказиш муҳимлигига тўхталиб ўтар экан, биринчи медиа кампусини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёр эканлигимизни ҳам билдириб ўтди.
Давлатимиз раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирар экан, иштирокчиларнинг мазкур таклифга нисбатан мутлақо ижобий муносабатда эканликларини уларнинг юз-кўзларидаги мамнуният ва хурсандлик ифодалари ёки тадбир юзасидан билдирган ижобий фикр-мулоҳазалари орқали ҳам англаб олиш мумкин эдики, бу ҳолни тадбирдан кўзланган мақсадимизнинг фахрланса арзигулик муносиб натижаси, шунингдек бугун Ўзбекистон барча соҳаларда эришаётган кўплаб ютуқлардан бирига билдирилган ҳақиқий эътироф деб баҳолаш мумкин.
Гап Самарқандда ўтказилган нуфузли тадбир ҳақида борар экан, ушбу муқаддас маконда яшаб ўтган, Самарқанд номини дунёларга танитган буюк тождор-у, даҳоларимиз, азиз-у мукаррам авлиёларимизни ёд этмасликнинг асло иложи йўқ деб ўйлайман. Зотан, неча юз йилликлар билан ҳамнафас бўлган буюк тарихимиз, улар қолдирган ёрқин из ва бемисл кашфиётлар билан боғлиқ.
Табиийки, улар томонидан қолдирилган буюк мерослардан бири бўлган Самарқанд халқимизнинг ҳар қандай тадбири, тўю-тантанасида кўз-кўз қилишга арзигулик улкан бир бисот-ки, буни мазкур тадбирда иштирок этган меҳмонлар ҳам ҳис қилган бўлса ажаб эмас.
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.