Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда, айниқса, туризмни ривожлантириш, ушбу йўналишдаги имкониятларимизни янада кенг намоён этиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бугун ўз натижаларини кўрсатмоқда.
Буни шу ҳафта юртимиз сиёсий, маданий ҳаётида муҳим воқеликлар билан бошлангани ва унинг руҳи йил охиригача қизғин сақланиб қолиши мисолида кўриш мумкин. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессиясида иштироки давлатимиз ташқи сиёсатида ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаяётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг сайёҳлик йўналишидаги салоҳияти улкан. Ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда.
Пандемия чекловларига қарамасдан, ўтган икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди. Бундан ташқари, салкам юзта давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими жорий этилди. Натижада мамлакатимизга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди.
Нуфузли анжуманда Президентимизнинг соҳани янада ривожлантириш бўйича илгари сурган муҳим ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қизғин кутиб олинди. Булар, албатта, Ўзбекистоннинг энг тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтинглардаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айниқса, 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ҳамда махсус декларация қабул қилиш ташаббуси имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш билан бирга, инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш имконини ҳам беради.
Мухтасар айтганда, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг йиғилиши соҳада ҳали имкониятлар кўплигини кўрсатиш учун қулай фурсатдир. Яратилган катта майдон эса ана шу мақсадларга хизмат қилиши аниқ.
Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.