Инсон вояга етиб, мустақил ҳаёт, шахсий ва қатъий тараққиёт йўлига ўтиши билан катта мақсадлар сари интилади, ташқи дунё билан фаол муносабатга киришади. Бу – ҳаёт қонуни.
Бугун Ўзбекистон давлати халқаро майдонда ўз сўзига эга давлат бўлиш учун дунё билан фаол мулоқот қилмоқда, халқимиз истиқболи учун тинимсиз курашмоқда. Миллий манфаатларимиз ҳамма жойда қаттиқ ҳимоя қилинмоқда. Ўзбекистон номи тилга олинган ҳар бир минбарда ўрнимиз, позициямиз аниқ кўринмоқда. Ишончли, очиқ ва мустаҳкам ҳамкорга айландик.
Давлатимиз раҳбари ҳар ҳафта катта воқеаларнинг иштирокчиси бўлиб, мамлакатимиз таклиф-ташаббуслари, халқимизнинг эзгу ниятларини билдирмоқда. Шундай катта воқеалардан бири 13 октябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикрлар алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Аввало, Президентимиз Қирғизистоннинг 2023 йилдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислигини самарали, дея баҳолаган.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг оқибатлари барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатаётганини афсус билан таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурган.
Муқобил савдо-логистика йўналишларини шакллантириш, қўшилган қийматнинг қисқа ва янада самарали занжирларини яратиш, мамлакатларимиз иқтисодиётидаги бир-бирини тўлдирадиган захиралардан имкон қадар юқори даражада фойдаланиш, бизнес алоқаларини рағбатлантириш ҳақида тўхталган.
Пайдо бўладиган хавф-хатарларни биргаликда баҳолаш, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт қарорларни қабул қилиш учун МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ноёб платформаси тўлиқ ишга солинишидан манфаатдорлигимизни ва шу муносабат билан Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли янги кун тартибини ишлаб чиқиш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари иштирокида конференция ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган.
Шу йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми атиги 5 фоизга ошгани, шу билан бирга, ўсиш суръатларининг секинлашиш тенденцияси кузатилаётганини ҳам очиқчасига айтиб ўтган.
Давлатимиз раҳбари изчил таклифларни ҳам санаб ўтган.
– биринчидан, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг товарларни олиб қўйишга доир қоидаларини қайта кўриб чиқиш.
Шартнома имзоланганидан буён етарлича вақт ўтди ҳамда ушбу ҳужжатни бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз билан тўлиқ мувофиқлаштириш вақти келди;
– иккинчидан, импорт ўрнини босишга қаратилган миллий дастурларни ўзаро уйғунлаштириш;
– учинчидан, давлат харидлари бозорига имтиёзли кириш ҳуқуқини ўзаро келишув асосида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқиш;
– тўртинчидан, қўшма улгуржи тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилиш;
– бешинчидан, электрон савдони ривожлантиришни, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш йўли билан рағбатлантириш, каби таклифларни илгари сурган.
Ўзаро савдодаги техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар натижаларини тан олиш тўғрисидаги МДҲ битимларининг қабул қилинишини жадаллаштириш муҳимлиги ва бу масалаларнинг барчаси Ҳамдўстлик Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритилиши зарурлиги таъкидланган.
Шавкат Мирзиёев Саноат кооперацияси истиқболлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
– Бугунги кунда МДҲ мамлакатлари билан қўшма инвестиция лойиҳаларига доир портфелимиз ҳажми 25 миллиард доллардан ошди.
Яқинда қабул қилинган Саноат кооперациясини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш ҳамда технопаркларни ташкил этиш бўйича Қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қиламан.
Бунда харидларни молиявий қўллаб-қувватлаш, суғурта ҳисобидан қоплаб бериш ва офф-тейк харид масалаларини пухта ўйлаб кўриш муҳимлиги айтилган.
Шу билан бирга, келгуси йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “ИННОПРОМ” саноат ҳафталиги доирасида МДҲ мамлакатларининг саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказишга ҳам тайёрмиз, деган Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари МДҲ доирасида аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
– Яна бир устувор вазифа – Ҳамдўстлик давлатларида истеъмолчиларни юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.
Шу муносабат билан агросаноат комплекслари, логистика ва “экспресс” коридорларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тармоқни технологик модернизация қилиш ва тизимли илм-фан алмашинуви масалаларини ҳал этиш талаб этилади.
Амалдаги тармоқ кенгаши доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янгиланган ҳамкорлик дастурини ва Агросаноат секторида кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлашни таклиф қилган.
Ҳудудлараро ҳамкорлик жуда катта имкониятга эга экани, бундай шерикликни қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, жумладан, ҳудудларнинг биринчи Форумини, кўргазма ва ярмаркаларни ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташрифларини ўтказиш зарурлиги айтилган.
Ўзбекистон етакчиси саммит иштирокчиларига Транспорт соҳасида қуйидаги имкониятларни яратиш зарурлигини таъкидлаган.
– транспортнинг барча турларида мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт коридорларини ривожлантириш;
– асосий минтақавий коридорлар орқали юкларни ташишда бизнес учун жозибадор шартларни шакллантириш;
– йўловчи ва юк ташишда бошқариш жараёнларини ва кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш;
– транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш.
Саммитнинг ўзига хос жиҳатларидан бири қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига 2024 йилда “Ҳамдўстликнинг маданият пойтахти” мақомининг берилиши ва “Ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти” деб Тошкент шаҳри эълон қилингани бўлди.
Шу муносабат билан келгуси йил баҳорда Самарқандда МДҲ давлатларининг маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.
Юртимиз раҳбари ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масаласини ҳам долзарб аҳамиятга эга, деб таъкидлади.
– Биз янги қўшма лойиҳамиз доирасида келгуси йилда “Ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти” деб эълон қилинган Тошкент шаҳрида тадбирларга бой дастурни тайёрлаяпмиз.
Шунингдек, “Ҳамдўстлик кубоги” футбол турнирини қайта тиклаш ва ёшларимиз жамоалари ўртасида навбатдаги учрашувларни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилган.
Шавкат Мирзиёев сўзи якунида Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Ҳар қандай соғлом фикрли инсон Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ташқи сиёсати ўзаро тенг ва очиқликка асосланганини эътироф этиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари кўп вақтини чет эл сафарларида ўтказишига тўғри келмоқда. Сабаби Ўзбекистоннинг ҳозирги имиджи ҳамма учун қизиқ ва жозибадор кўринмоқда. Бунга осонликча эришилмаяпти, албатта. Бунинг ортида улкан машаққат, катта тажриба ва асосийси халқимизнинг тарихий орзу-истаклари турибди.
Аҳмад Қурбонов
«Ўзбекистон овози», 18.10.2022, №41