Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлида катта қадам ташлади. Бу борадаги ўзгаришлар халқаро майдонда эътироф этилмоқда. Айниқса, қонунчиликни такомиллаштириш, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ва парламентнинг ролини ошириш устувор вазифалардан бирига айланди. Чунки сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат мамлакатни тараққиёт сари етаклайди. Шу маънода Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ушбу мақсадларга хизмат қилади.
Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилмоқда. Жумладан, сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинмоқда. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда. Яъни Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда. Эътиборли жиҳати, партия рўйхатига ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизим бўйича номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилмоқда. Агар мажоритар сайловда сайловчи конкрет шахсга овоз берса, пропорционал сайловда у ўзи маъқул деб топган сиёсий партияга овоз беради. Бу эса, ўз-ўзидан сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширади. Зеро, пропорционал сайлов тизими сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобатни кучайтириб, сиёсий ҳаётда фикрлар хилма-хиллигининг ривожланишига олиб келади.
Қолаверса, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши белгиланмоқда. Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик ўринларини тақсимлаш тартиби, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қонун лойиҳасида акс этмоқда. Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, агар пропорционал тизим асосида шакллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса, тегишли партия рўйхатдаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан тўлдирилиши белгиланмоқда. Ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида 7 фоизи овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўрнига эга бўлиши белгиланмоқда. Агар ҳеч қайси партия камида 7 фоиз овозни тўплай олмаса, сайлов ўтмаган деб топилади. Ягона сайлов округи бўйича сайловчиларнинг овози асосида депутатлик ўринларини партиялар ўртасида тақсимлашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда. Бунда пропорционал сайлов тизимида 7 фоизлик чегарадан ўтган партияларга ёқлаб берилган умумий овозлар сони 75 та депутатлик ўрнига бўлинади ва бундан келиб чиқадиган рақам сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнгра ҳар бир партияга ёқлаб берилган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади. Ундан чиққан сон эса ҳар бир партияга бериладиган депутатлик ўрнига тенг бўлади.
Агар яхлит бўлмаган қолдиқ сонлар вужудга келиб, баъзи депутатлик ўринлари тақсимланмасдан қолса, уларни ҳам тақсимлашнинг аниқ тартиби Кодексда очиб берилмоқда. Шунингдек Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссияси ва участка сайлов комиссияси тузилмаси таклиф этилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш назарда тутилмоқда. Президент ва депутатлик сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий комиссияларга юклаш таклиф этилмоқда. Округ сайлов комиссиялари фақатгина, халқ депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича тузилиши мумкин бўлади.
Таъкидлаш керакки, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 40 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг сайлов тизимлари ва қонунчилиги ўрганилди. Бу ҳуқуқий ҳужжатнинг мукаммал бўлишига хизмат қилади. Парламент, депутат, сиёсий партияларга бўлган қараш ва талаблар ҳам ўзгаргани мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга сабаб бўлди. Энг муҳими, Конституциявий қонун лойиҳаси пропорционал ва можаритар сайлов тизимларининг кучли жиҳатларини ўзида мужассамлаштиргани халқимизнинг давлат бошқарувида иштирок этишдек устувор ҳуқуқидан фойдаланиши учун янги имкониятлар тақдим этмоқда.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.