Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа марказида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”: эҳтиёжманд аҳолига имкониятлар ва янгиликлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъул ходимлари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова очиб берди ва ижтимоий кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар сўнгги вақтларда тобора жадаллашиб бораётганига эътибор қаратди. Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш тартиби йўлга қўйилгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов партия электорати ҳисобланмиш эҳтиёжманд аҳолининг муаммоларига ечим топишда бу борада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижросини тўғри йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу мақсадда Жиззах вилояти Арнасой туманида ўрганишлар олиб борилган бўлиб, унинг якунлари йиғилишда ўқиб эшиттирилди.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати, ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси Нуриддин Холматов Арнасой тумани бўйича 2023 йил сентябрь ойи давомида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”орқали 322 та оилага нафақа ва моддий ёрдамлар тайинлангани, туманнинг “Ғолиблар” МФЙ да 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 257 тани ташкил этганини таъкидлаб ўтди. Бироқ, ижтимоий ёрдам учун ариза билан мурожаат қилиб, рад жавобини олганлар орасида эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ҳам бор экани ёки аксинча, айрим холларда кўчмас мулк ва автомашиналари яқин қариндошлари номида бўлган, ёки ишончнома асосида бошқариб юрган ўзига тўқ оила вакиллари томонидан ҳам тизим орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдамлар тайинланганлик ҳолатлари учраётгани, бу эса ўз навбатида бошқа ҳақиқий муҳтож фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги аниқланган. Ишчи гуруҳ масалани чуқур ўрганиб, адолатсиз ҳолатлар юзага келаётгани сабабларини аниқлаган ва уларнинг ечими юзасидан давра суҳбатида таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлари дастури” тингланди. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бу соҳада амалга ошираётган ишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Фуқароларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, меҳнатга ўргатиш борасидаги вазифалар юзасидан мулоҳазалар тингланиб, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар олинди.