Куни кеча юртимиз тарихи учун яна бир манфаатли тамал тоши қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни кенгайтириши ҳар жиҳатдан мақсадлидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Жумладан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда иккала мамлакатлар ўртасидаги изчил мулоқотлар жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги муносабатларда дўстона боғлиқлик яққол кўриниб турибди. Жорий йил май ойидаги учрашувларда эришилган келишувлар натижадор бўлгани, сиёсий мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани, асосийси икки давлат бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми 5 баробар, қўшма корхоналар сони 3 баробарга кўпайган. Айнан жорий йил ҳисобига ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошган, йил якунига қадар бу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Чунки, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади.
Шунингдек, камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг бир ечими сифатида Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва амалда жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, бу икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари кўп йиллар хизмат қилади. Ҳар икки давлат бир-бирини ҳурмат қилади, ўзаро манфаат ва ёрдамга интилади.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш лозим, Ўзбекистоннинг Хитой билан муносабатлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди ҳамда бу икки давлатнинг бир-бири билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканлигидан далолат бермоқда. Бу икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига ва ҳозирги замон талабларига тўлалигича мос ва хосдир.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.