Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар Кенгашидаги Медиа марказида “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор долзарб масалалар юзасидан қулай жисмоний муҳитни яратиш тўғрисида қонунчилик талабларининг амалга оширилиши” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, Ўзбекистон Кўзи Ожизлар Жамияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассислари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Давра суҳбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилган ҳолда олдинда турган вазифалар хусусида мулоҳаза юритилди.
“Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар маҳаллий Кенгаш депутатлари ўрганиш ишларини олиб борди. Қарор билан 2022 йил якунига қадар «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Нурли маскан» мактаблари ҳудудида «Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча»ларини ташкил этиш ҳамда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш чораларини кўриш белгиланган эди.
Ишчи гуруҳи мактаб интернати ҳудудида белгиланган талаблар асосида махсус майдончада дарслар бериб келинаётгани, Тошкент шаҳрининг Чўпон ота кўчасига “эксперимент” сифатида овозли светафор ўрнатилганини аниқлаган. Бундан ташқари, Чўпон ота кўчасининг бошланишидан то чорраҳага қадар ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи белгилар яъни 7.15 “Кўзи ожиз пиёдалар” йўл белгилари ўрнатилган. Бироқ, чорраҳаларга овозли светафорнинг ўрнатилиши эса бир қанча қийинчиликлар келтириб чиқараётгани ойдинлашди. Масалан, чорраҳага кириб келган пиёдага қайси томонга қизил чироқ ва қайси томонга яшил чироқ эканлигини билдиришда муаммо бор.
Миробод тумани Қўйлиқ 1 даҳа, Баёт МФЙ ҳудудида эса 125 нафар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар истиқомат қилади. Аҳоли билан мулоқот чоғида овозли светафорларни айнан улар яшайдиган ҳудудлар атрофидаги кўчаларга қўйишни сўрашган.
— Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, Тошкент шаҳрининг йўловчи ташувчи жамоат транспортлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун қулайликлари ўрганилган. Ногиронларнинг жамоат транспортидан фойдаланиши, йўлларда ҳаракатланиши учун шароитлар яратилмоқда, сўнгги йилларда бу борада сезиларли ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўляпмиз, аммо баъзи камчиликлар ҳамон кўзга ташланмоқда, — деди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Нигора Эшметова. — Бекатларда ногиронлик аравачасидаги фуқаролар ёмғир ёки қор ёққанида бекатдан чиқишга қийналадилар, бекатлар ердан бироз баландда, лекин унга чиқиш учун махсус жой йўқ.
Йиғилишда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг овозли светофорлар ва инновацион йўл белгиларини ўрнатиш, жамоат транспорти, ижтимоий, йўл–транспорт ва бошқа инфратузилмани ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланишини таъминловчи техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозлаш бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Мавжуд муаммо ва камчиликлар ўртага ташланди, уларнинг ечими юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниб, баҳслашилди. Масъул ташкилотлар билан тегишли чоралар кўришга келишиб олинди.