Жамият ва давлат ишларини бошқаришда аёлларнинг иштироки янада ошади

 

Бугун, 30 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб, фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасини амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Сайлов кодексининг 70-ва 91-моддаларига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бу борадаги хорижий тажриба ҳам ўрганилган бўлиб, хусусан, Европа давлатларида 40-50 фоиз кўрсаткични ташкил этса, МДҲ давлатларида ҳам аёллар учун квоталар турлича 25-30 фоиз атрофида белгиланган. Масалан, Россия, Беларусь ва Тожикистонда аёллар учун квоталар назарда тутилмаган. Арманистонда 25 фоиз, Қозоғистонда аёллар билан биргаликда ёшлар ва ногиронлар 30 фоиз, Қирғизистонда эса, номзодларнинг кўпи билан 70 фоизи бир жинс вакили бўлиши мумкинлиги назарда тутилган.

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг муҳимлигини, биринчи навбатда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг амалиётга самарали жорий этилишига хизмат қилишини таъкидладилар. Шу билан бирга, бугунги кунда жамият ва давлат ишларини бошқаришда аёлларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг вакиллик органларидаги улушини янада ошириш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматовга “Республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш