Сиёсатдаги аёллар: Катта ҳаёт мактабини яратган аёл

Ҳар кимнинг ўз ҳикояси ва ўзига яраша кечинмалари бўлади. Баланд чўққиларни забт этишни кўзлаган инсон қийинчиликларни енгиб, ҳар гал қоқилганидан сўнг уст-бошини қоқиб, йўлини давом эттириб кетади. У ёки бу соҳада донг таратиш, ишининг устаси бўлиш ёки шахсий муносабатлар борасида омади чопиши ҳам инсоннинг ўзига ва танлаган йўли, ҳаётдан олган сабоқларига ҳам боғлиқдир.

Тўғри хулоса чиқариш, ҳар қандай вазиятда ҳам енгилмаслик, муваффақиятга эришган инсонларнинг тажрибасини ўрганиш қайсидир маънода туртки бўлиши мумкин. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган инсон жамиятда, оилада ўз ўрнини топган ва барча аёл-қизлар учун намуна бўладиган, қалбларга илиқлик берувчи меҳрибон аёл, гўзал инсон Гулистон (Матёқубова) Аннақиличева бўладилар.

Айтиш жоиз, бутун ҳаёти ва фаолиятини халқ дарди билан боғлаган, халқ ғамига ҳамдард бўлибгина қолмай, унинг истиқболи учун қайғурган фидойи маърифатпарвар аёлларимизнинг ҳаёт йўли биз учун чинакам ибрат мактабидир. Биз Гулистон Аннақиличевани мана шундай ҳулқ-атвори, мафтункорлиги, ғайрати, шижоати кучли инсон сифатида тан оламиз.

Хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш - халқимизда азалдан буюк қадрият бўлиб келган. Зеро, аёл - ҳаётимизнинг файзи ва кўрки, мазмуни, хонадонларимиз фаровонлигининг кафолати ҳисобланади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини кўтариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг партиямизда ҳам юртимизнинг тараққиётида баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келаётган фаол хотин-қизларни жуда кўплаб учратиш мумкин. Гулистон Аннақиличева 42 йилдан бери узлуксиз депутат бўлиб сайланган хотин-қизлардан биридир. Албатта, ярим асрга яқин вақт мобайнида депутат бўлиш, халқнинг дардини эшитиш, унга ечим топиб бериш ҳар кимнинг хам қўлидан келмаса керак.

Бугунги кунда «Қорақалпоқ адабиёти» газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз ўз меҳнат фаолиятини 1964 йилда бошлаган.

Гулистон Аннақиличева 1980-1982 ва 1982-1984 йилларда Халқ депутатлари Тўрткўл туман кенгаши депутати, 1984-2015 йиллар давомида, 6 чақириқда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, 2005-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатасига депутат қилиб сайланиб, парламентчилик фаолиятини такомиллаштиришда катта тажриба тўплаган.

У Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро муносабатлар қўмитасининг аъзоси сифатида кенг фаолият олиб бориб, Ўзбекистон Парламенти делегацияси таркибида Хитой, Ҳиндистон мамлакатларида бўлган ва бу давлат парламентлари фаолиятини ўрганиб, қатор мақолалари билан матбуотда фаол иштирок этган. Шунингдек, Г. Аннақиличева Ўзбекистон ХДП нинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси сифатида қатор семинар ва тадбирларни ўтказишда ташаббускор ва ташкилотчи бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси. 2020 йил Г.Аннақиличева иккинчи марта Олий Мажлис Сенати аъзоси қилиб сайланди. У Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси сифатида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга катта ҳисса қўшиб, фаолият олиб бормоқда.

Гулистон Аннақиличева депутатлик фаолияти давомида 200 дан ортиқ хонадонларда бўлиб 500 дан ортиқ фуқароларнинг яшаш шароитларини ўрганган. Фаолияти давомида 20 маротаба сайёр қабуллар ўтказиб, улардаги мавжуд муаммоларни ечиш учун турли ташкилотларга кўплаб депутатлик сўровлари юборган. Шунингдек, мавжуд муаммоларга ечим топиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент қарор ва фармонлари ижроси юзасидан халқ депутатларининг доимий комиссияси йиғилишларига 40 та ҳамда сессия йиғилишларига 30 та масала киритган.

Гулистон Аннақиличеванинг меҳнат фаолияти ва ижоди чин маънодаги ватанпарварлик ғояларига йўғрилган ва юрт тараққиёти йўлидаги эзгу ишларга ҳамоҳангдир. Унга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Миллионлаб аёл-қизларнинг орзусидаги намуна қилиб кўрсатувчи бир сиймо дея таърифласак арзийди.

Гулистон Аннақиличева республикада таниқли ижодкор, журналист ва ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида танилган жамоат арбоби. Ижоди давомида 40 дан ортиқ китоблари ўзбек, қорақалпоқ, рус ва бошқа тилларда чоп этилган. Бундай қайноқ ижод ҳар кимга насб қилмаса керак. Бу уйқусиз бедор тунлар, кўп ўқиш, кўп ёзишнинг самараси, албатта.

Гулистон опа ҳозирги кунда ҳам ижод билан банд. Унинг Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан нашр қилинган «Кўксимдаги нур» (2022 й) тўплами «Адиб ва жамият» рукнида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси «Ижод» фонди орқали чоп қилинди. «Махтимқули 1-2 том» (2022) китоби ўзбек тили таржимасида, «Қорақалпоқ кенгликлари» (2023) китоблари нашр қилинди.

Шунингдек, шоиранинг шеърлари Туркия шеърий альманахларида турк тилида, Туркманистон журналларида туркман тилида, Германияда 2002 йили “Шарқ шеърияти” китобида немис тилида босиб чиқарилган.

Шоиранинг бир неча асарлари рус тилига ўгирилиб, китоб бўлиб босилди. “Земля отцов” (1986), “Прекрасное чувство” (1989) номли китоблари турли йилларда ёзилган шеърий ва насрий асарлари мажмуасидан иборат. Муаллифнинг “Избранное” икки томлик китоби (2015) русий забон ўқувчилар учун муносиб туҳфадир. Ушбу китоблар ва интернетдаги «Стихи РУ», «Проза РУ» сайтларида эълон қилинган 300 дан ортиқ насрий ва назм асарлари учун Москвадаги «Искусство народов мира” Халқаро Ассоциациясининг лауреати унвонини олган. Шу билан бирга Гулистон опа киносценарист сифатида ҳам муваффақиятларга эришиб келмоқда. У «Меҳрли дунё», «Тақдир йўллари», «Гулойим ва Арслон», «Устюртга йўл» киносценарийларининг муаллифидир. «Ўзбекфильм» киностудиясида таниқли режиссёр А.Ғаниев билан ҳамкорликда «Устюртга йўл» бадиий фильми яратилди.

2019 йилда шоиранинг “Гулойим” опера учун либреттоси композитор Н.Мухаммеддинов билан ҳамкорликда саҳнага қўйилди.

Адибанинг истеъдодли қорақалпоқ ҳайкалтароши Ж.Қуттимуродов ҳақида ёзган “Қайтмоқ учун кетмоқдаман” эссеси 2002 йилда “Тафаккур” журналининг энг сара асарлари танловида биринчи совринга сазовор бўлди.

Гулистон Аннақиличева ўз журналистик фаолияти давомида 2006 йил Хотин-қизлар қўмитасининг «Гулойим» газетасига, 2011 йил январь ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар Уюшмасининг «Қорақалпоқ адабиёти» газеталарига асос солди. Ҳозирда бу газеталар ўз ўқувчиларига эга бўлиб келмоқда.

2019 йилдан эътиборан Қорақалпоғистон Республикаси Маданий маърифий ишлар тарғиботчилар гуруҳи сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Гулистон Аннақиличева ижод билан бирга, давлат ва жамият ишларини ҳам қўшиб олиб борди. Меҳнат фаолияти давомида Тўрткўл туман газетасининг Бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Совети Президиуми котиби, Жўқорғи Кенгеси Қўмита раиси, Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, «Қорақалпоғистон тонги» газетасининг Бош муҳаррири лавозимларида ишлади.

Оналар ҳақида гапирганимизда уларни улуғ зот, шундай буюк яратувчи, мўъжизавий хилқат, муқаддас инсон сифатида кўрамиз. Инсонга ҳаёт бағишловчи, уни яшашга ундовчи фазилатларини тўлиқ тасвирлаб бўлмайди. Шу оналар сингари Гулистон опа ҳақида хам шунчаки ёзиб бўлмайди. У ҳақида юракнинг тўридан муҳаббатга қоришган сўзлар билан ёзиш керак. Чунки, Гулистон опа барчамиз учун катта ҳаёт мактабини яратган. Унинг босиб ўтган йўллари барчамизга дарс беради.

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса, фарзандлар тарбияси, жамият ва оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Юртимизда амалга оширилаётган давлат сиёсати хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай ислоҳотларнинг амалга оширилишида Гулистон Аннақиличева сингари минглаб оналаримиз, аёлларимиз бир сафда туриб, фаровон ҳаёт, буюк келажак учун интилмоқда.

Гулистон опа ҳақида қанча гапирсак хам камлик қилади, менимча. Унга ҳавас қилмайдиган, ундан ўрнак олмайдиган аёл кам бўлса керак. Ҳар бир қадамида ҳақиқий мўъжиза яратиб келаётган устозимизнинг издоши бўлиш мен сингари қизларнинг орзу ҳаваси десам янглишмаган бўламан. Жамиятда, ҳаётда ёруғ юлдуз каби ярақлаб, зиё нурини таратувчи Гулистон опа бахтимизга ҳамиша омон бўлсин.

 

Гулназ Далибаева,

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши

хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш