Ҳаётимни ўзгартирган партия

 

Инсон ҳаёти давомида кўп яхши ишлар қилишга интилади. Мамлакатимиз мустақил бўлганда 11 синфни битирдим, ўқишга кирдим. 1991 йил 1 ноябрда партиямиз ташкил топганда, отам Умаралиев Акбарали биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига кирган. Фарзанд учун отаси ҳар доим идеал инсон бўлади ва менга ўғлим ХДПга аъзо бўлгин, бу партия мустақил Ўзбекистонда биринчи партия ва савобли партия, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлайдиган партия дея маслаҳат берган ва 1992 йилда мен Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси бўлганман.

Шу ғоя ва фикр ҳамда сиёсий куч менинг ҳаётим, муваффақиятларимга жиддий таъсир кўрсатди. Партияни тадбирларида қатнашдим, сиёсий фикрим ва ғояларим шаклланди. Хаётимни партия ўзгартирди. Узоқ меҳнатларим орқали 2008 йилда ХДП Марказий Кенгашида “Истиқбол” ёшлар қаноти раиси бўлиб ишлаш ва республика бўйлаб партия сафига фидоий, билимли ёшларни бирлаштиришга ҳаракат қилдим. ХДП янги лойиҳалар “Ёш сиёсатчи” танлови, Ёш лидерлар клубларини ташкил этиб, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг жамият ва давлат қурилишидаги иштирокини кучайтириш, уларни интелектуал салоҳиятини юксалтириш, ўз интилишлари, орзу ва мақсадлари рўёбига хизмат қилаётган самарали лойиҳалар сирасига киритиб ҳамда кўплаб иқтидорли ёшларни намоён қилишга эришдик. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, шу ўтказилган танловлар орқали минглаб ёшлар Ўзбекистон ХДП сафига кириш истагини билдиришди. Энг муҳими, улар онгли равишда сиёсий жараёнга кириб келишган. Шунингдек, танловлар орқали ХДП фаол ёшлар қатлами шаклланиб, улар партия электорати манфаатларини таъминлаш йўлида ўз ташаббуслари, ғояларини амалга ошириб боришди.

Шу партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат этиб сайландим. Бугунги кунда Тошкент вилоятида партия раиси сифатида фаолият юритиб, электоратимиз манфаати учун хизмат қилиб келмоқдаман.

Қандай ютуққа эришган бўлсам, бунда албатта шу сиёсий партиямнинг қайсидир маънода ўрни каттадир. Бугунги кунга келиб, ХДП сиёсий майдонда 32 йилдан буён ўзининг тарихига, ўзининг кучига ва мавқеига эга бўлган кучга айланди. Балки тарих учун 32 йил жуда катта муддат эмасдир, лекин сиёсат майдонида бу давр қимматли босиб ўтилган йўл, қилинган ишларни, кашф этилган сиёсатчиларни эслаш учун етарлидир. Бу қисқа аммо, мазмунан асрларга татигулик тарих ичида ХДП сиёсий –ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда катта ишонч билан қадам ташламоқда.

Ҳозирги кунда Тошкент вилоятида 22 та туман ва шаҳар партия кенгашлари, 50 минг нафарга яқин аъзоларни бирлаштирган мингга яқин бошланғич партия ташкилотлари фаолият олиб боради. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда бошқарувни демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларда партиямиз аъзоларнинг фаол иштирок этишиларига кўмаклашиш мақсадида жойларда анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Мазкур тарғибот ишлари натижасида минглаб аъзоларнинг ижтимоий онги, ҳаётга муносабати тобора ўзгариб бормоқда. Қувонарлиси шундаки, уларнинг сиёсий етуклиги, юртимизда ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда. Шу ўринда депутатларимиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами, хусусан, жисмоний имконияти чекланган кишилар, вақтинча ишсиз ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда. “Депутат маҳаллада”, “Меҳр улашинг!”, “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак”, “Партия сизга кўмакчи!” “Ёшлар келажагимиз” каби амалий лойиҳаларнинг кўлами ва қамрови орқали ижобий натижаларига эришмоқдамиз.

Барчамизнинг хабаримиз бор, яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси киритилган ва мамлакатимиз сайлов тизимига аралаш яъни мажоритар, пропорционал сайлов тизимини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини янги тизим асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати бўйича сайланиши таклиф этилмоқда.Албатта, бу сиёсий партияларнинг мавқе янада ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлади. Тошкент вилоятининг барча партия ташкилотларидан тортиб, бошланғич партия ташкилотларигача ҳамжиҳатликда ишлаб янада кўпроқ ютуқларга эришишга ҳаракат қиламиз.

 

Акмал Умаралиев,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаш раиси.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш