Ажратилаётган маблағлар кам даромадли оилаларнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилади

 

Бугун, 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибдан иккита — Давлат дастурининг 9 ойлик ҳисоботи ва 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги масала ўрин олган.

Фракция аъзолари дастлаб 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид чора-тадбирларнинг 9 ойлик ижроси билан боғлиқ ҳисоботни тинглади.

Давлат дастурининг жами 443 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 250 тасининг ижро муддати 2023 йилнинг 9 ойи этиб белгиланган. Шундан 187 та банд (кичик банд) тўлиқ бажарилган, 42 тасининг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 14 тасининг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган. 2023 йилнинг 9 ойи якунида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,7 фоизни, хизматлар – 6,5 фоизни ташкил қилган.

Эътиборлиси, кўрилган қўшимча чоралар натижасида 914 млн. долларлик 2009 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 24 мингта янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Депутатлар бюджет маблағларининг катта қисми ижтимоий соҳаларга ажратилганини ҳисобга олиб, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қувватлаш, ишсиз ва кам даромадли оилаларга ёрдам қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим тизими каби қатор йўналишлардаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар учун йўналтирилган маблағларнинг мақсадли ва манзиллилигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 7,7 млн. нафар 30 ёшдан ошган хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг 1 млн. 680 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларнинг 929 813 нафарига ёрдам кўрсатилган. Хусусан, 425 760 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 414 849 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилган. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 44 956 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилган.

Бундан ташқари, ёшлар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этилиб, ёшларга “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси, “1093” қисқа рақамли колл-маркази ёки маҳалла етакчиси орқали онлайн ариза қолдириш ва мурожаат ҳолати тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилган. Ҳисобот даврида Ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилишига эришилган, етакчилар тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари 11 тадан 25 тага етказилган.

Ҳисоботни тинглар экан, депутатлар партия электорати билан боғлиқ масалаларда мутасаддиларга саволлар билан мурожаат қилди. Ижтимоий соҳадаги масъулларнинг жавобгарлигини кучайтириш, бюджет маблағларининг манзиллилигини таъминшга оид ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда Бюджетномани кўриб чиқилди. Лойиҳада Давлат бюджетининг асосий параметрлари белгиланган.

2024–2026 йиллар учун солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилаб олинди:

консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз этиб белгиланиб, 2025-2026 йилларда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;

бюджет тақчиллиги қисқартирилиши иқтисодиётда ялпи талабнинг ўсишини тартибга солиш, ўз навбатида, ташқи савдо баланси манфий тақчиллигини ва инфлацион босимни камайтиришга хизмат қилади.

Депутатлар лойиҳада 2024 йилда ижтимоий соҳа, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, эҳтиёжманд кишиларни уй-жой билан таъминлаш каби қатор масалалар учун Давлат бюджети харажатларининг 48 фоизга яқини йўналтирилиши кўзда тутилганига эътибор қаратди. Бу орқали партия электорати манфаатлари, эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларининг ижтимоий ҳимоя масалаларини янада кучайтириш мумкинлигига урғу берилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун 18,6 трлн. сўм, шундан кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш харажатларига 10,3 трлн. сўм маблағ режалаштирилмоқда. Фракция аъзолари ушбу маблағлар камбағалликни қисқартириш, кам даромадли оилаларнинг турмуш тарзини яхшилашда долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этишди.

Шунингдек, келгуси йилда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари) сақлаш харажатлари, маҳаллаларни нодавлат нотижорат ташкилот ва бюджетдан маблағ олувчи сифатида сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари давлат бюджетининг тақсимоти билан боғлиқ масалаларда масъулларга саволлар билан мурожаат қилди.

Хусусан, фракция аъзоси Мақсуда Ворисова дори-дармоннинг реализацияси билан боғлиқ масалада саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, соҳадаги суғурталаш тизимининг бекор қилиниши, солиқларни жорий этиш нарх-навонинг ошиб кетишига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади. Бу борада Сирдарёдаги воқеалар бирор қарор чиқаришдан олдин жиддий ўйлаб кўришни тақазо қилиши қайд этилди. Шу билан бирга, 40 ёшдан ошган фуқароларни қандли диабет касаллигига текшириш учун маблағлар йўнатрилимаганига эътироз билдирди.

Молия вазирлиги аҳоли глюкоза топшириши учун 14 миллиард қўшимча маблағ лойиҳага киритилишини маълум қилди.

Фракция аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан келтирилган рақамлар, тақдим этилган маълумотлардан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш