Бугунги кунда Ўзбекистон фаол, прагматик ва кўп томонлама ташқи сиёсат юритмоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг муҳим йўналиши бу унинг яқин атрофдаги давлатлари, шунингдек, кўп томонлама институтлар - МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ, ТДТ билан ҳамкорлик қилишдир. Уларнинг ичида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам алоҳида ўринга эга.
Мазкур минтақавий давлатлараро ташкилот – ИҲТнинг мақсади Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида савдо ва сармоявий алоқаларини кенгайтиришдан иборат.
Шу кунларда пойтахтимиз мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи Саммитига мезбонлик қилмоқда.
Мазкур йирик тадбир доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш каби масалалар муҳокама қилинади.
Бугун давлатимиз раҳбари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилди. Бирлашма доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу кўп томонлама тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизнинг 2021 йилги Ашхобод саммити давомида илгари сурилган ташаббуслари изчил амалга оширилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Самимий мулоқотларда очиқ ва прогматик ташқи сиёсат юритаётган Ўзбекистон ҳамиша хорижлик ҳамкорлари ҳамда қўшнилари билан мулоқотга тайёр экани намоён бўлмоқда. Уларда билдирилаётган салмоқли таклифлар, ҳаётий ташаббуслар эса халқаро ҳамжамият олдидаги юртимиз нуфузи ошиши ва ўрни мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш ва янгиларини яратиш Ўзбекистон, хорижий шериклар ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.
Ўйлаймизки, саммит доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинади ва ИТҲга аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш борасида ўзига хос якунлари билан муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фпакцияси аъзоси.