Ислоҳотлар халқ фаровонлигига хизмат қилади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун ижодкорлиги жараёнлари, бунёдкорлик ишларининг моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка кенг тушунтириш мақсадида пойтахтимизда тарғибот-ташқивот ишларини амалга оширмоқда. Шунингдек, депутатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

Халқ депутатлари Яккасарой тумани Кенгашида бўлиб ўтган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Улуғбек Иноятов кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни жадаллаштириш, ижтимоий тенглик ва барқарорлик, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мулоқотда янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, сайлов ва референдум ўтказишга доир қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, ушбу дастуриламал ҳужжатда қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқнинг фаровонлигига эришиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган.

Бугунги кунда Конституцимизда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этиш ва уларни қонунларда акс эттириш, Стратегиядаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда юртимизда, хусусан, Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга ҳам эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласига 2 млрд. сўмдан маблағ ажратилгани маҳаллаларнинг обод бўлишига, аҳолининг розилигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бунёдкорлик ишлари натижасида бугунги кунда пойтахтнинг ижтимоий инфратузилмаси ва архитектура қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Тошкент яшаш учун қулай ҳудудга айланиб, йирик мегаполис шаҳарлар қаторида жой олди. Замонавий йўллар, кўприклар қурилмоқда, жамоат транспортидан фойдаланиш қулайликлари ортди.

Мулоқотдан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Яккасарой туманидаги 100-мактаб ва бошқа ижтимоий объектлар ҳудудларида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.

Бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш