Бола ҳуқуқлари ҳимоясида муҳим қадам

 

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан устун бўлиши бу амалга оширилиши зарур бўлган ҳаётий эҳтиёждир. Айниқса, ҳимоясиз кишилар, хусусан, болалар ҳақида гап кетган бу масала янада долзарб тус олади. Шундан келиб чиқиб, юртимизда болаларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида мустаҳкамланди.

Бош қомусимизнинг XIV бобига Оила, болалар ва ёшлар деб ном берилиши, нормаларда уларни ҳуқуқлари ва бурчлари акс этган. 77-моддада Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, деган норма киритилган. Бу ота-оналар қонун билан фарзандини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканини қатъий белгилайди ҳамда уларнинг қаровсиз қолиб кетишининг олдини олади. Сир эмаски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини ташлаб, хорижий давлатларга ишлаш учун кетиб қолиши оқибатида вояга етмаган болалар ўртасида турли хил нохуш ҳолатлар ҳам ҳаётимизда учраб турибди. Ёки вояга етмаган болаларни хорижда ўқиши учун назоратсиз қолдириш ҳолатлари кузатилади. Бу борада ҳам ота-оналарга, ҳамроҳлик қилувчиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилди.

77-модданинг иккинчи қисмида давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда ҳайрия фаолиятини рағбатлантиради нормасининг киритилишидан кўрсак ҳам бўладики, чин етим болаларнинг ўқишга киришидан тортиб, ўз йўлини топгунча ҳамда иш ва уй билан таъминлашни ҳам давлат ўз зиммасига олмоқда. 78-модданинг иккинчи қисмида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир нормаси билан тўлдирилди. Бу орқали давлат боланинг манфаатлари, ҳуқуқлари ҳимоясини тўлиқ ўз зиммасига олмоқда.

Шунингдек, 79-моддада Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишига, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишига, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт – шароит яратади нормасининг амалда ишлаши учун ҳам ҳозирги кунда манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида қабул қилган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам айнан болаларни соғлом ва ақлий ривожланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, чекка олис ҳудудларда жойлашган мактаблар учун 715 та автобус билан таъминлаш, ўқувчиларни бепул қатновини йўлга қўйиш, мактабларни ва мактабгача таълим ташкилотларини ичимлик суви билан таъминлаш, 1-4 синф ўқувчиларини бепул овқатланишини ташкил этиш каби ишларни амалга ошириш стратегияда белгилаб олинган.

Бундан ташқари, стратегиянинг 15-16 мақсадлари айнан болаларимизни келгусида соғлом ва маънавий етук бўлиб ўсишига қаратилганлиги муҳим аҳамият касб этади. 15-мақсадда Болалар ўртасида ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, 16- мақсадда Оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш учун 6-23 ойлик болаларни микронутримент кукуни, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати, 15-35 ёшдаги хотин-қизларни поливитамин, темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш белгиланган.

Айтиш керакки, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шу пайтгача Инсон ҳуқуқлари бўйича (омбудсман) тасарруфида эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ташкил этилди. Вилоятларда ҳам болалар омбудсманлари фаолияти йўлга қўйилди.

Яқинда яна бир муҳим қадам қўйилди. Яъни, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг ҳуқуий асосини таъминлаш мақсадида бир гуруҳ депутатлар ташаббус билан чиқди ва бу борадаги қонун лойиҳаси 1-ўқишда муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.

Мазкур Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсмани) ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатларини белгилашдан, шунингдек, фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ҳамда воситаларини тўлдиради. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини халқаро ҳуқуқ нормалари асосида такомиллаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади.

Муҳими, вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдор саналади. Келгусида келажагимиз бўлган болаларимиз ҳар томонлама соғлом ва етук бўлишига қонунларимиз, ислоҳотларимиз хизмат қилишига ишонамиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш