Ҳамма муҳим қарорларни саноқли кишилар қабул қилавериши охир-оқибат яхшилик олиб келмаган. Шуни тушуна ва тан ола бошлаганимиз катта ўзгаришларга асос бўлиши керак.
Тараққиёт стратегиясида депутатлар фаолиятини яхшилаш, маҳаллий Кенгашлар нуфузини ошириш, ваколатларини кенгайтириш каби долзарб вазифалар белгиланган. Бугун халқ депутатлари Кенгашларининг фаолияти, вакиллик органидаги муҳит ва кайфият янгиланмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Кейинги йилларда маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар тақдири билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпнинг фикри билан қабул қилиш бўйича анча натижаларга эришилмоқда. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди, бу – Кенгашларнинг салоҳияти, масъулияти ошишига замин яратди. Шунга яраша маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашиб бориши ҳам керак. Кенгашлар уйғоқ экан, ҳудудлар ривожланади, депутатлар фаол экан, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топилади.
Ҳозир ҳамма жойда ҳаёт қайнаган, ислоҳотларнинг кўлами кенг. Кўпчилик келгуси йил учун янги режалар тузиш, жорий йилдаги ишларни сарҳисоб қилиш ўйлари билан банд. Шундай муҳим паллада маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партияси депутатлари нималар билан машғул, уларнинг маҳаллий Кенгашлар сессияларида ташаббускорлиги қандай?
757 масала. Кўп ёки кам?
Айтиш керакки, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз жойларда Халқ демократик партиясининг электорати манфаатларини ифодалайдиган, ҳимоя қиладиган энг муҳим кучдир.
Таҳлилларга кўра, Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури ижросини босқичма-босқич таъминлаб боришга қаратилган амалий Ҳаракат дастурининг жорий йилга мўлжалланган қисмида 884 масала партия гуруҳлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланган эди. Бу режа ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, сайловчиларнинг хоҳиш-иродаси, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалардан келиб чиқиб белгиланганди.
Ўтган 10 ой давомида партия гуруҳида 757 та, доимий комиссияларда 613 та, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида эса 513 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинган. Ушбу жараёнда депутатларимиз, фаолларимиз муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдирмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Буларнинг барчаси партияларнинг электорати олдидаги масъулиятини ошириши аниқ.
Тақдим этилган маълумотларга назар ташласак, ўтган 10 ой вақт ичида халқ депутатлари Сирдарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 13 та масала партия гуруҳларида, 11 та масала доимий комиссия йиғилишларида ва 11 та масала сессиялар кун тартибига киритилиб, муҳокама этилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилингани қайд этилган. Ваҳоланки, вилоят Кенгашида 11 нафар, шаҳар ва туман кенгашларида 73 нафар депутатимиз бор. Бугун ўзгаришлар катта, ислоҳотлар кўлами кенг. Депутатлар ҳам шунга яраша фаол бўлиши, ўзгаришларга тайёр туриши керак, деб ўйлаймиз.
Жаҳонгир ОЛИМОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:
- Депутатлик гуруҳлари партия дастурий мақсадларини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларда парламент ва депутатлик назорати тизимли йўлга қўйилган. Таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кейинги пайтларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг марказий нуқтасига чиқаётган муҳим соҳаларда депутатлик назорати олиб борилди ва улар сессиялар кун тартибига киритилди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласида 118 та масала сессияларда кўриб чиқилди. Соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли 124 та масала, таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича 62 та, қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, шунингдек, намунавий маиший хизмат комплексларини ташкил этиш ҳамда транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантириш бўйича 91 та, бошқа соҳаларга оид 118 та масалалар сессияларда муҳокама этилди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани депутатлик назоратини олиб бориш давомида янада яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижроси, яъни рўёбини билиш учун кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш керак. Муҳими – мана шу ишни сидқидилдан бажаришда.
Энг катта хатомиз нимада?
Зулфия ТЎЙЕВА,
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
- Муҳими, қанча йиғилишда иштирок этганимиз эмас, одамларнинг мушкулини осон қилувчи таклифлар, масалаларни кўтарганимизда, деб ўйлайман. Қайси тизим, қайси соҳа яхши ишламаётгани, аҳоли нималардан норози эканини кўпроқ уларнинг ўзидан эшитамиз. Фуқаролардан олинган маълумотлар асосида камчиликларни туман ҳокимига айтган вақтларимиз кўп бўлади.
Жойлардаги кўплаб масалалар қай даражада самарали ҳал этилиши халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти, вакиллик ҳокимиятининг ўзгаришига, юрагида ўти бор депутатлар кўпайишига ҳам боғлиқ. Очиғини айтганда, бугун маҳаллий Кенгашлар илгарига қараганда анча фаоллашган. Кенгашларда бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда. Йиғилишлар анча мунозарали, савол-жавоблар билан қизғин кечади. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўлиб қолади.
Бухоро вилоятида жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида партия гуруҳлари томонидан 62 та масала партия гуруҳларида, 56 та масала доимий комиссия йиғилишларида ва 49 та масала сессиялар кун тартибига киритилиб, муҳокама этилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Бугунги кунда вилоят Кенгаши депутатлари сони 16 нафар, шаҳар ва туман кенгашларидаги депутатларимиз эса 73 нафарни ташкил этмоқда. Ўтган давр мобайнида 383 та депутатлик сўровлари юборилди. Шулардан 240 таси ўз ижобий ечимини топган. Ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоботлари 41 марта эшитилди.
Лекин шуниси ҳам борки, фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади. Албатта, бу йўлда тўхтаб қолиш керак эмас, ҳар доим ўзгаришлар, янгиланишлар томон юриш зарур.
Партия фаоллари, депутатлик гуруҳ аъзолари ўрганган масала юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросига яна бир бор қайтдикми? Бизнинг «нозик» жойимиз ҳам шунда бўлиб қоляпти. Тўғриси, аксарият ҳолларда қарор қабул қилиниши билан чекланиб қоляпмиз. Шунинг учун аҳвол ўзгариши, ислоҳотлар бўй кўрсатиши қийинроқ бўляпти. Жон куйдириб ишласак, вазият бутунлай бошқача ҳолатга келади, деб ўйлайман.
Сайёра ФАЙЗИЕВА,
халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
- Депутат ўзи сайланган ҳудудда қандай дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётгани-ю, улар қандай самара бераётганини бошқалардан кўра яхши билади. Қисқа қилиб айт ганда, уларнинг ҳар бир куни ҳаёт билан юзма-юз бўлади, ҳар они сайловчилар билан ҳамнафас туради. Шунинг учун жойлардаги ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш, бу борада асосли таклифлар билан чиқишда халқ вакилининг ўрни ниҳоятда катта.
Сайловчилар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида чекка қишлоқларга кўп борамиз. Одамларнинг мурожаатлари асосида ёки ўзимиз кўрган, кузатган камчиликлар, муаммолар юзасидан таклифлар тайёрлаймиз, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари жўнатамиз.
Бир мисол. Чирчиқ шаҳар кенгашидаги фаол депутатларимиздан бири Анвар Махсумов йил бошидан бери 20 га яқин депутатлик сўрови билан чиқди. Улардан айримларини келтириб ўтаман. «Маърифат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Низомий, Ю.Фучик, «Ватан» кўчаларидаги эски симёғочларни янгисига алмаштириш юзасидан депутатлик сўрови билан чиқилди. Мутасадди ташкилотлар масалага жиддий ёндашишди. Чунки олдинда қиш, бирор муаммо келиб чиқса, аҳоли эътирозларига сабаб бўлади. Масъул корхона симёғочларни янгисига алмаштирди. Ҳозирги кунда кўчаларга яна 33 дона янги симёғоч ўрнатилиши кутилмоқда.
«Бирлик» ва «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига туташ бўлган автошоҳбекатининг йўли мукаммал таъмирланиши бўйича чораларни кўриш юзасидан чиқарилган депутатлик сўрови ҳамда шаҳар Кенгашига ёзма мурожаати тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилди. Доимий комиссия қарорига асосан 550 миллион сўм ажратилиб, узунлиги 220 метр ва эни 8 метр бўлган йўл асфальт қилинди.
Бу мисоллар бир депутатнинг фаолиятидан эди. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг қанчадан-қанча депутати, халқ сайлаган вакиллари бор. Ҳамма юраги ёниб ишласа, ишончни оқлаш учун беҳаловат бўлса, қанчадан-қанча мурожаатлар ҳал бўлади, одамларни ўйлантираётган кўпдан-кўп масалалар ечилади. Шундай масалалар борки, вақт ҳам, катта маблағ ҳам талаб этмайди. Шунчаки эътиборнинг ўзи ҳал қилиш учун етарли. Фақат депутат сайловчилари учун жон куйдирса бўлди.
Сўзингиз ҳам, сўровингиз ҳам кучли бўлсин!
Сайловчи маълум бир масалада депутатга мурожаат қилади. Тўғри, мурожаатларни ҳал этишга келганда, депутатларга ҳам осон тутмаслик керак. Айниқса, маҳаллий Кенгаш депутатларига. Улар ҳар куни фуқароларни қабул қилади, депутатларга осон бўлмаган шароитда муаммоларга мутасаддилар билан биргаликда ечим топишга интилади.
Маълумотларга кўра, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз томонидан жойларда сайловчилар эътирозига сабаб бўлаётган масалалар юзасидан 4553 та депутатлик сўрови жўнатилган. Шундан 3121 тасига ижобий жавоб хатлари олинди. 489 марта жойлардаги худудий раҳбарлар, мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилган.
Депутатларимизнинг айтишига қараганда, жойларда бирламчи тиббий хизмат сифатининг пастлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Соҳа бўйича қабул қилинган ҳужжатларининг жойларда етарлича ижро қилинмаётгани асосий муаммолардан бири бўлиб, бу ҳолатдан биринчи навбатда, партиямиз электорати азият чекмоқда. Шунинг учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларида депутатлик назоратини кучайтириш керак.
Шунингдек, ёшларни ишга жойлаштириш, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви, зарур дори воситалари билан таъминлаш ишлари таҳлилий ўрганилиб, муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари тайёрланмоқда. Албатта, натижадорлик ҳам қатъий назоратга олинмоқда.
Қочадиган, қўрқадиган депутатлар
Очиғини айтиш керак, муаммо ва мурожаатлардан қочиб юрадиган депутатлар ҳам йўқ эмас. Зиммасидаги вазифаларга эътиборсиз қараб келаётган партия гуруҳлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, 2023 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида белгиланган масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари етарлича эшитилмасдан қолмоқда. Аксарият ҳолларда партия гуруҳлари масалани муҳокамаларга олиб чиқиш билан чекланиб, қабул қилинган қарорлар ижроси назоратсиз қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Ваҳоланки, энг муҳими, эришиладиган натижадир.
Шунингдек, «марказ-вилоят-туман» тизимида парламентда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари юзасидан кенг жамоатчилик таклифларини партия фракциясига тақдим этишда ҳам маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар сусткашликларга йўл қўйишмоқда.
Тўғри, депутатларнинг ҳаммаси ҳам фаол эмас, ҳудудларимизда ечимини кутаётган, одамларни ўйлантириб келаётган муаммолар бор бўлса-да, уларни кўриб кўрмаганга олиб юрган халқ вакиллари ҳам йўқ эмас. Бундай бефарқликни замон, халқимиз қабул қила олмайди. Улар депутат тимсолида эл дарди билан яшайдиган, жойлардаги муаммоларни қўрқмасдан кўтариб чиқадиган, масалани ҳал қилмагунча тиниб-тинчимайдиган вакилни кўришни хоҳлайди. Ишончга яраша иштиёқ бўлиши керак. Фаол депутатларсиз эса демократия ҳам ривожланмайди. «Ҳаммаси жойида», деган кайфият йўқолса, депутатнинг сўзи ҳам, сўрови ҳам кучли бўлади.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 22.11.2023, №46