ЎзА: “Стратегия – 2030”: Юртни илм-маърифат юксалтиради

 

“Ўзбекистон – 2030 стратегияси тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш таклиф этилмоқда. Дастурда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватларни ташкил этиб бориш кўзда тутилган. Бу эзгу мақсад, албатта, ёш авлод олдидаги жуда масъулиятли вазифадир.

Янгиланган Конституцияда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани ҳам бежиз эмас. Чунки жамият ҳаётида ўқитувчининг ўрни ва таъсири ошса, мактабнинг обрўси ошади, илм-фан, таълим ва тарбия соҳасининг қадри кўтарилади. Муаллимнинг обрў-эътибори эса миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда кўплаб янги боғчалар, мактаб ва олийгоҳлар барпо этилмоқда. Таълим-тарбия ва илм-фан муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилмоқда. Соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сонини 77 тадан 212 тага етказишга эришилгани бунинг яққол исботидир. Таълим-тарбия соҳасида қабул қилинган дастурлар асосида кейинги вақтда 261 та янги ўрта таълим муассасасини қуриш, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилганини таъкидлаш лозим.

Стратегияда ўқув ўринлари сонини 7,5 миллионгача етказиш,100 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш белгиланган. 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга эса 8 миллиард доллар ажратиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади. Мақсад фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратишдан иборат.

Таъкидлаш керакки, кейинги беш йил давомида таълим ва тарбия жараёнларини тартибга солиш борасида 105 та норматив ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Президентимизнинг 37 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 66 та қарори қабул қилинди.

Тан олиб айтишимиз керакки, яқин ўтмишда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, уларни ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш каби нохуш ҳолатлар бор эди. Давлатимиз раҳбарининг шахсий иродаси ва ташаббуси билан сўнгги йилларда бу каби инсон ҳуқуқларини камситувчи ишларга барҳам берилди. Ўқитувчининг мақоми ва обрўсини кўтаришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда, уларнинг ўз касбий фаолияти билан тўлиқ шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Янги таҳрирда қабул қилинган мамлакатимиз Конституциясининг 52-моддасида ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш, касбий жиҳатдан ўсиш борасида қатор ҳуқуқий асослар келтириб ўтилган. Бу эса ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, унинг касбий фаолиятини давлат томонидан ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий асосини яратиб берди.

Жорий йилнинг 27 мартида қабул қилинган, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонуни ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, янглишмаймиз. Қонунда назарда тутилган ҳуқуқий нормаларнинг ҳаётийлиги шундаки, педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ жиҳатлар аниқ ва адолатли белгиланган.

Эътибор берайлик, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача жаримага сабаб бўлса, мазкур қонун асосида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача жарима билан жазоланиши белгиланмоқда.

Яна бир жиҳат, эндиликда педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, агар худди шундай қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси белгиланди. Бундан кўринадики, педагогларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ёки мажбурлаш, нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Аниқроқ айтганда, эндиликда ушбу ҳолатга такроран йўл қўйган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Айни вақтда “Педагог мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасида ҳам қатор муҳим жиҳатлар кўзда тутилган. Жумладан, унда педагогдан касбий мажбуриятларига кирмайдиган ҳисоботлар ва бошқа маълумотлар, шу жумладан, аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги бўйича маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги бўйича ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Биз бугун бир миллат, бир давлат бўлиб ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишда айнан таълим-тарбия стратегик аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида жами 640 минг нафардан зиёд ўз ишининг жонкуяри бўлмиш педагоглар фаолият олиб бормоқда. Қонун биринчи навбатда ана шу миллат фидойиларининг ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга, қолаверса, улар орқали миллионлаб фарзандларимизни қамраб олган таълим даргоҳларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, таълим-тарбия сифати ошишига хизмат қилади. Бундан ташқари, қонунда педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг аттестациядан ўтиши ва малака тоифалари олишлари белгиланмоқда. Педагогик этика қоидалари таълим ташкилотлари учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади. Яна энг муҳим жиҳатлардан бири – педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қоидалар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари назарда тутилмоқда.

Юртимизда таълим сифатини оширишга қаратилган эътибор ҳам таълим-тарбияни юксак босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 26 майдаги фармонига асосан, мактабгача ва умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифатини ошириш ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумтаълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий қилинди.

Тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган янги баҳолаш тартибига кўра, 5-11-синф ўқувчиларининг билими форматив ва сумматив усуллар ёрдамида баҳоланади. Форматив баҳолаш – ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги узлуксиз фикр алмашиш жараёнидир. Фикр-мулоҳаза оғзаки ва ёзма, расмий ва норасмий бўлиши мумкин. Бу – ўқувчиларнинг кейинги ҳаракатларини мослаштириш мақсадида унинг ютуқлари тўғрисида маълумот олишнинг узлуксиз жараёнидир. Сумматив баҳолаш эса ўқишнинг маълум бир даврида ўқувчининг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларида белгиланган компетенцияларни эгаллаганлик даражасини расмий баҳолаш жараёнидир. Бу жараён тест, ёзма иш, оғзаки суҳбат, лойиҳа иши, тақдимот ишлари, амалий машғулот, лаборатория иши, ижодий ишлар ва шу каби бошқа йўналишларда амалга оширилади.

Мазкур баҳолаш жараёнлари давомида ўқитувчи ўқувчининг ўзлаштириш баҳоларини электрон журналга киритиб боради, юқори кўрсаткичга эришган ўқувчилар чораклик сумматив баҳолашдан бир муддатга озод этилади. Баҳолашнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида фанлар бўйича тегишли сумматив баҳолаш барча параллель синфлар учун ягона талаблар асосида ўтказилади. Текшириш якунига кўра ўқувчиларнинг тўплаган баллари бир ҳафта муддат ичида электрон журналга жойлаштирилади. Сумматив баҳолаш пайтида ички тартиб-қоидани бузган ўқувчилар баҳолашдан четлаштирилади.

Айни пайтда мамлакатимизда хусусий таълим тизимига кенг йўл очилмоқда. Бу борада лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент мактаблари ҳамда ижод мактаблари бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Математика ҳамда кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан ҳар бир туман ва шаҳарда ана шу фанларга ихтисослашган мактаблар босқичма-босқич ташкил этиляпти. Математика, кимё, биология, ахборот тизимлари ва информатика фанлари бўйича сертификация тизимини жорий этиш бошланди. Халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Илгари олимпиадада олтин ёки кумуш медаль олса, совриндор ўқувчига ҳам, уни тайёрлаган ўқитувчига ҳам нари борса битта фахрий ёрлиқ бериларди. Ҳозир улар миллионлаб пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Бу рағбатлантириш тизими амалда ижобий натижа бера бошлади. Пандемия шароитига қарамасдан, ўқувчи ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаётгани барчамизни қувонтиради.

Бу кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу ҳақда гапирганда тарихга назар солиш ўринли бўларди. Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради. Ўн иккинчи асрда Марказий Осиё ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди. “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади. Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди.

Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Хўш, бизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришган? Улар, энг аввало, маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар. Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур. Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғориш кераклиги ҳақида давлатимиз раҳбари кўп бора куйиниб гапирадилар.

Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтараётган эканмиз, мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси сифатида кўрилмоқда. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устунидир. Президентимиз ўз чиқишларидан бирида ота-оналар бу ташаббусни, албатта, қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўлишини таъкидлаган эдилар.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш – беш-ўн йилда бўладиган иш эмас. Бунинг учун, аввало, юзлаб, минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар керак. Биз истеъдодга парвариш зарурлигини, агар ўз вақтида шароит яратиб берилмаса, ҳар қандай иқтидор ҳам сўниб қолиши мумкинлигини яхши англаймиз.

Бугун давлатимиз томонидан илм-фан, таълим ва тарбия, маданиятни ривожлантириш учун қанча куч, қанча маблағ керак бўлса, аялмаяпти. Қандай имконият зарур бўлса, яратилмоқда. Бу бежизга эмас. Президентимизнинг бир ибораси ёдга келади: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”. Чиндан ҳам, бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади. Ишончимиз комил, ўз тарихида не-не буюк ишларни шараф билан амалга оширган халқимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти, куч-қудрати ва олижаноб фазилатларига таяниб, ўз олдимизга қўйган улуғ ва эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз.

Ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи ўқитувчилар мақоми ва обрўсини ошириш, ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш борасидаги ишлар келгусида ҳам давлатимиз эътибори марказида бўлади. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақомининг мустаҳкамлаб қўйилгани бунга муҳим замин бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

ЎзА

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш