Марказий Осиё: Катта минбарларга қайтмоқда

 

24 ноябрь куни Озарбайжон пойтахти Бокуда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури – SPECAнинг илк саммити бўлиб ўтди.

1998 йил 26 мартда Тошкент декларацияси билан асос солинган SPECA Марказий Осиёда субминтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва унинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини кучайтириш мақсадида ташкил этилган.

 

Дастур ишлаб чиқилган пайтда минтақани ривожлантириш бир нечта босқичларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Жумладан, биринчи босқичда:

транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва товарлар, хизматлар ва меҳнат ресурсларини миллий чегаралар орқали ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш;

Марказий Осиёнинг энергия ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

углеводородларни жаҳон бозорига қувурлар орқали етказиб беришда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш каби йўналишлар устувор қилиб белгиланган.

Ташкил этилганига 25 йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамасдан, шу йиллар давомида дастур доирасида бирор марта давлат ва ҳукумат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилмаган.

Платформанинг илк саммитида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти еттита ташаббусни илгари сурди.

биринчи ташаббус – SPECAни иқтисодий ҳамкорлигимизни кенгайтириш борасида очиқ ва янада таъсирчан минтақавий платформага айлантириш мақсадида “SPECA–2030” тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш;

иккинчи ташаббус – мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш учун жаҳондаги энг илғор тажрибаларни жорий этиб минтақавий савдони рағбатлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш;

учинчи ташаббус – “яшил” иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган Мақсадли жамғармани ташкил этишни тезлаштириш;

тўртинчи ташаббус – Транскаспий мультимодал йўлаги бўйича маълумот ва ҳужжатлар алмашиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ва келгуси йилнинг бошида Ўзбекистонда мамлакатларимиз транспорт вазирлари, логистика компаниялари, юк ташувчилари, йирик саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда соҳанинг етакчи экспертлари иштирокида “Рақамли транспорт маршрутлари” халқаро форумини ўтказиш;

бешинчи ташаббус – озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича махсус ишчи гуруҳини тузиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш;

Ушбу тадбирнинг кун тартибидан етакчи агросаноат корхоналаримиз ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-технологик алмашувларни рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган илғор ечимларни жорий этиш, “экспресс” йўлакларни ишга тушириш каби масалалар асосий ўрин эгаллаши;

олтинчи ташаббус – сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, SPECAнинг кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини – кўп томонлама “Яшил стратегияси”ни қабул қилиш;

еттинчи ташаббус – SPECA доирасида ишбилармон хотин-қизларнинг фаол ташаббусларини ва аниқ режаларини доимий ва тизимли рағбатлантириш мақсадида SPECA Тадбиркор аёллари кенгашини тузиш шунингдек, Кенгаш доирасида мамлакатларимиз равнақи ва иқтисодий тараққиётига, умумий ҳамкорлигимизга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган аёлларни “SPECA эътирофи” халқаро мукофоти билан тақдирлаш каби таклифлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилди.

Қайд этиш керакки, билдирилган таклифлар дастурнинг самарадорлиги ва унинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга катта ҳисса қўшиши турган гап.

Кейинги пайтларда сиёсий таҳлилчилар томонидан Марказий Осиё минтақасига коллектив ғарбнинг қизиқиши ортишига сабаблардан бири сифатида ўлканинг уран ва углеводород захираларига бойлиги айтилмоқда. SPECA дастури ишлаб чиқилиб, унинг биринчи босқичида ҳам минтақанинг углеводородларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш режа қилинганига гувоҳ бўламиз. Тўғри, орадан 25 йил вақт ўтди, лекин режалар ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган. Айнан шу сабабдан 25 йилдан кейин дастур доирасида биринчи саммит уюштириш зарурати пайдо бўлгандир.

Балки, коллектив ғарб Африка қитъасида кечаётган сиёсий беқарорлик туфайли сиёсий барқарор бўлган Марказий Осиёни истиқболли ҳамкор сифатида кўраётгандир. Аслида бу ҳам очиқликка асосланган дипломатиямизнинг ютуғи, дейилса ҳеч муболаға бўлмайди.

Ўз навбатида бир қанча экспертлар ҳудуд истиқболи Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг ҳамжиҳатлиги, умуммиллий минтақа манфаатлари доирасида уйғун ҳаракатни давом эттиришига боғлиқ эканини ҳам таъкидлашмоқда.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

сиёсий шарҳловчи.

«Ўзбекистон овози», 29.11.2023, №47

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш