Осмондаги ой эмас, саволга жавоб, таклифга муносабат керак

 

Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланмоқда. Олдинда катта вазифалар бор. Токи, ҳудудлардаги раҳбарлар аҳолини рози қилишни, уларга ҳисобдор бўлишни ўрганмагунча, эзгу мақсадларга эришиш осон бўлмайди. Маҳаллий Кенгашлар иши эса доимий комиссияларда фаолият кучайиши билан чамбарчас боғлиқ.

 

613 та масала доимий комиссияларда кўриб чиқилди

Доимий комиссиялар иши шу жиҳатдан муҳимки, ижтимоий масалалар дастлаб ишчи гуруҳи томонидан ўрганилади. Йиғилишларда муҳокама этилиб, шулар асосида депутатлик сўровлари юборилади, сессияларга олиб чиқилади. Доимий комиссияда иш қанча пишиқ бўлса, сессиялар шунча самарали ўтади.

Маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 1500 нафарга яқин депутат фаолият юритади. Партия Сайловолди дастуридаги мақсад-вазифаларни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинган. Унга биноан октябрь ойига қадар 800 дан ортиқ масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Амалда маълумотларга кўра, ўтган 10 ой давомида 757 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида муҳокама қилиниб, шундан 613 таси доимий комиссияларда кўриб чиқилган.

 

Турсунбой Солиев,

Халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, Одоб-ахлоқ масалалари бўйича доимий комиссия раиси:

– Яқинда туман Кенгашидаги партиямиз депутатлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг туманда бажарилишини ўрганиб чиқдик. Бизга шу масала бўйича кўплаб мурожаатлар бўлди, сайловчилар билан учрашувларда ҳам шу масала кўп кўтариларди. Шунинг учун биз бу масалани ўрганишга киришдик.

Ўрганиш натижаларига кўра, 2023 йилда туманимиздаги «Ахшак», «Садда» ва «Тошлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинларида 6 та 196 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Ҳозир ушбу кўп қаватли уйнинг биттаси фойдаланишга топширилди. Қолгани ҳам яқин кунларда битказилиш арафасида.

Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд фуқароларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг бошланғич бадалини тўлаб бериш ҳақида фуқаролардан тушган аризалар асосида 53 нафар фуқарога 32.0 миллион сўмдан субсидия маблағлари олиши учун махсус сертификатлар берилган. Барча аризалар «Халқпарвар» комиссияси аъзолари томонидан манзилли ўрганиб чиқилган ва туман холимлигига тақдим этилган.

Виждони бор депутат ўрганилган масаланинг тақдирига бефарқ бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Лоқайд, бефарқ халқ вакиллари эса «сессияга масала киритдим, ишимни зўр бажардим», деган хулоса билан хотиржамликка берилади ва хато қилади. Чунки ҳақиқий иш сессиядан сўнг бошланади. Биз ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш масаласини доимий комиссияда, сессияда кўрдик, таклифлар билан чиқдик. Ҳозир субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларимиз билан боғланяпмиз. Улар ипотека асосида уй олдими, йўқми шуни ўрганиб боряпмиз.

Шунингдек, яқинда яна бир масалани ўрганиб чиқдик. Туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, маънавий ва маърифий ишларни янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларни ўргандик. Тўғри, ижобий, эътиборга молик ишлар жуда кўп. Лекин мактабларни ахборот технологиялари билан таъминлаш борасида амлга ошириш керак бўлган ишлар талайгина. Масалан, 29 ва 41-умумтаълим мактабларида компьютер жамланмаси етарли эмас. Интернет тезлиги ҳам юқори эмаслиги маълум бўлди. Ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни замоннинг ўзи талаб қиляпти. Биз ушбу масаладаги таклифларимизни ҳам сессия муҳокамасига киритдик. Ҳозир сессия қарори ижросини депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда ўрганиб боряпмиз.

 

Ҳақиқат ширин бўлмайди

Султон ҲАМРАЕВ,

Касби туман Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари доимий комиссия раиси:

– Бугун депутатлар анча уйғоқ. Атрофга, жамиятга, сайловчилар ҳаётига дахлдорлик бор уларда. Буни келаётган мурожаатларда, ўрганилаётган масалаларда кўришимиз мумкин. Доимий комиссия йиғилишлари қизғин, баҳсли ўтади. Ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитамиз, ҳудуддаги муаммоли масалаларни ўрганамиз, улар асосида сессияларга масалалар тақдим этамиз.

Биз ҳаётимизда аҳоли бандлиги, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт, уй-жой билан боғлиқ масалаларда депутатлик назоратини олиб бориб, уларни доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига олиб чиқяпмиз.

Лекин яна бир масала бор. Доимий комиссия ва сессияларда кўрилган масалаларнинг ижроси назоратга олинганми, ечими бўйича ишлар якунига етказилганми-йўқми, деган саволларнинг жавобига қараб натижани баҳолаш керак. Бу эса бевосита маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари масъулияти ва виждонига ҳам боғлиқ.

Масалан, халқ депутатлари Касби туман Кенгашида 8 та доимий комиссия мавжуд. Ҳар чоракда биз партия гуруҳимизни таклифлари билан ёки жойларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликларни ечиш юзасидан амалий тадбирлар олиб боамиз. Масалани ўрганиб, доимий комиссия қарори билан сессияда муҳокама қилинаётганда сессия қарорига қўшимча таклифлар ҳам берамиз. Чунки биз масалани ўрганганмиз, ҳудудлардаги аҳволни жойига чиқиб, ўз кўзимиз билан кўрганмиз, муаммоларга бевосита гувоҳ бўлганмиз.

Аммо шундай ҳолатлар бўладики, сессия қарорига қўшимча киритиш бўйича таклиф айтганимизда, бу инобатга олинмайди. Ваҳоланки, биз бу таклифларни сайловчилар мурожаатлари асосида ёки кўриб, ўрганган масаламиздан келиб чиқиб айтаяпмизку. Тортишиб, баҳслашиб сессия қарорига киритган тақдиримизда ҳам масала ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Энди ўйлаб кўринг, бу жамиятда депутатнинг обрўйини туширмайдими? 70-80 фоиз ҳолатларда сессия қарорлари ижро этилмасдан қолаверса, оқибат нима бўлади?

Айрим мансабдор шахслар ҳисоботи ёки ахбороти юзасидан доимий комиссиялар ишчи гуруҳларини тузамиз. Улар жойларга чиқиб долзарб масалаларни ўрганади, доимий комиссияда кўриб чиқади. Масалаларни тезкорлик билан 1 ой муддатда ёки 3 ой муддатгача муҳокама қиламиз, асосли таклифлар ишлаб чиқишга ҳаракат қиламиз. Лекин қарорлар ижроси ҳам, бу таклифларимиз ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Шунингдек, кўп ҳолларда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг фикрлари ҳам ҳисобга олинмайди.

Яқинда сентябрь ойида халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияда доимий комиссия раиси сифатида ҳудудимиздаги ижтимоий масала юзасидан таклиф билдирдим. Касби туманида Мурувват ёки Саховат уйини очиш таклифини бергандим. Сабаби, Миришкор тумани вилоят марказидан 70-80 км узоқликда, бизнинг туман 50 км узоқликда, яна бир ёнимиздаги туман Муборак 100 км узоқликда жойлашган. Ана шу туманлар аҳолисига хизмат қиладиган Мурувват ёки Саховат уйи ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу уччала тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз, боқувчиси йўқ қарияларимиз ушбу уйларга жойлаштирилиши керак, деб ўйлайман. Чунки Яккабоғ тумани, Карши шаҳридаги Мурувват уйларида жойлар етишмаслиги учун навбат кутиш муддати узоққа чўзилиб кетаётгани бўйича кўп мурожаатлар бўлган эди. Лекин бу таклифимга ҳеч қандай жавоб ҳам, изоҳ ҳам йўқ.

Бугун аҳоли саломатлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор бериляпти. Соғлиқни сақлаш соҳасида катта ислоҳотлар олиб бориляпти. Буни ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Туманимизда бу борада олиб борилаётган ишлар бўйича доимий тарзда назорат-таҳлил ишларини олиб боряпмиз. Ушбу масалани ҳам бир неча маротаба доимий комиссия йиғилишларида, сессияларда муҳокама қилдик. Яқинда туман тиббиёт бирлашмасидаги болалар бўлими фаолиятини ўргандик. Ушбу муассаса 70 ўринга мўлжалланган. Бу ерда қўшни туманлардан ҳам ҳар куни ўнлаб, ҳаттоки юзлаб бемор болалар келяпти. Натижада 70 та ўринга жойда 130-140 нафар бола даволаняпти. Беморлар жуда тиқилинч шароитларда ётибди, жой, шифокорлар етишмаяпти. Ушбу масалада ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам таклиф билан чиққан эдик. Туманимизда 2021 йилда асосларсиз ёпиб юборилган болалар шифохонаси бор эди. Табиати ҳам сўлим бу бино ҳозир бўш турибди. Шу ерда туманлараро болаларни даволаш марказини очиш бўйича таклифини бердим. Лекин бу бўйича ҳам муносабат билдирилмади.

***

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар бугун муҳокама, мунозара майдонига айлангани рост. Сессиялар ҳам аввалгидан кўра анча жонли ўтяпти, депутатлар фаол. Лекин кенг муҳокама этилган масала сессиядан кейин яна ўз ҳолига ташлаб қўйилса, замонга мослашиб, фаоллашган депутатнинг таклифи, фикри ерда қолдирилса, доимий комиссиянинг, сессия йиғилиши жамиятга наф келтириши қийин. Тўғри, депутатлар кўтарга ҳар бир масала зудлик билан ҳал қилиниши шарт, ҳар бир таклифи амалга ошиши зарур, деган қоидалар йўқ. Лекин таклифга, фикр-мулоҳазага муносабат билдирилиши, саволга жавоб берилиши, асослар кўрсатилиши керак. Қонун шуни талаб қилади.

Халқ демократик партияси депутатлари ҳукумат, жойлардаги ҳокимиятлардан сессиялар қарорлари, депутатлар сўровларига қонунда белгиланган даражада муносабатда бўлинишини сўрашмоқда. Бу масалада партия алоҳида мурожаат билан чиқиши кутилмоқда.

 

Лазиза Шерова,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 29.11.2023, №47

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш