Матбуот хабарномаси

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Миллий университети ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчи ва талабалари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида ташриф буюрувчилар қонунчилик палатаси билан таништирилди. Хусусан, катта мажлислар зали, музей ва кутубхонага кичик тур ўтказилди. Бинонинг меъморчилиги, ўзига хосликлари ҳақида меҳмонларга маълумотлар берилди.

Шундан сўнг партия фракцияси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамкорлигида “Конституция – ижтимоий давлатнинг ҳуқуқий асоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда янги таҳрирдаги Конституция ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр юритилди.

Таъкидландики, юртимизда кейинги йилларда қонун устуворлиги, эркинлик ва очиқликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият даражасига кўтариш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналиши сифатида қаралмоқда. Халқимиз учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ҳаётий мақсадга айланди. Бунда янги таҳрирда қабул қилинган Бош қомусимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, давлат органларининг халқ билан бевосита мулоқот асосида фаолият юритишини кафолатлашни ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган эди. Янгиланган Конституцияда юртдошларимиз томонидан билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топди. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги қайд этилди.

Шунингдек, партиянинг кўп йиллик ғоялари бош қомусимизда акс эттирилгани кўп сонли электорат вакиллари учун муҳим аҳамият касб этганига урғу берилди.

Мисол учун, Конституциямизнинг 42-моддасида ҳар ким меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди. 43-моддада эса давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоялаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланди. Бундай халқчил конституциявий асослар эса ушбу йўналишдаги ишлар кўлами кенгайишига йўл очиши шубҳасиздир.

Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш