Давлатнинг конституциявий мажбурияти кучайган

 

Конституциямиз қабул қилинган кун бу йил ўзгача, янгича шукуҳга эга. Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ референдуми орқали бевосита халқимиз томонидан қабул қилинди.

Конституциямизнинг мамлакат бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши принципи жуда долзарб. Унинг асосий фарқли, устувор жиҳатларидан бири ҳам шунда. Яъни, давлат органлари ҳуқуқни қўллаш амалиётида, шу жумладан, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятида Бош қомусимиз қоидалари тўғридан-тўғри қўлланилиши керак. Бу ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим ва устувор шартларидан бири ҳисобланади.

Миллий қонунчиликни янги таҳрирда қабул қилинган Конституция асосида такомиллаштириш муҳим вазифалардан биридир. Бу бевосита норма ижодкорлиги жараёни билан боғлиқ мураккаб ва узоқ муддатли вазифаларни қамраб олади.

Конституциямизда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилган. Яна бир муҳим янгилик ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди.

Бош қомусимизда ёшларга алоҳида эътибор берилиши бежизга эмас. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 14-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 9,5 миллиондан ортиқ. Бу жами аҳолининг қарийб 27 фоизига тенг, дегани. Шундай экан, ёшларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Демак, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Ўзбекистоннинг Конституциясида ўз аксини топган.

Янгиланган Конституцияни “халқ Конституцияси”, деб ҳисоблашимиз мумкин. Ундаги ҳар бир қоидага амал қилиш, керак бўлса, шуни талаб қилиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 6.12.2023, №48

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш