Халқ демократик партияси фаоллари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида пиёдалар ўтиш йўлакларининг ҳолатини ўрганди
Бугун Тошкент шаҳридаги пиёдалар ўтиш жойлари аҳоли учун, ногиронлиги бўлган шахслар учун қай даражада қулай? Халқ демократик партияси жамоатчилик назорати тартибида Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг айрим кўчаларида ўрганиш олиб борди. Хусусан, “Чилонзор”, “Қатортол” кўчалари ҳамда Кичик ҳалқа йўлидаги светофорлар, чорраҳалар ўрганилди. Аҳоли вакиллари фикрларини билдирди.
— Набирам билан айланишга чиққандик, йўллардаги ҳаракатни кўриб, хавотирга тушдим, — дейди Наргиза Йўлдошева. — Айниқса, болалар аравачасида кўчада юриш жуда қийин. Йўлдан ўтиш учун пиёдалар учун шароитлар етарли эмас. Чунки пиёдалар ўтиш жойи бор, лекин унга ўтиб олиш имконсиз. Ўртада “лоток” ёки “бордюр”лар бор. Ҳайдовчиларга ҳалал бериб, автомобиль йўлидан юришимизга тўғри келяпти. Пиёдалар йўлагида ҳам юриш ноқулай. Менимча, йўлларни “коляска”дан фойдаланмаган одамлар қурган шекилли.
“Чилонзор” кўчасидаги “Роҳат” меҳмонхонасининг қаршисида белгиланган пиёдалар ўтиш жойи бор. У ерда ҳам анча вақт кузатув олиб борилди. Ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бериши бир масала бўлса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши яна бир масала. Исмини сир тутишни истаган фуқаронинг сўзларига кўра, эмин-эркин ҳаракатланишга қийналади. Ҳамроҳларсиз камдан-кам кўчага чиқар экан. Чунки ногиронлик аравачасида йўлларни кесиб ўтиш, умуман, кўчада мустақил равишда юришда қийинликларга дуч келишини таъкидлади.
Шу кўчада жойлашган кўплаб пиёдалар ўтиш жойларида ана шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик. Чилонзор савдо маркази яқинидаги бекатнинг ҳар икки томонига чизилган пиёдалар ўтиш жойи эса одамларга хавфсизликдан кўра, хатар бераётгандек. Чунки, биламизки, пиёдалар автобусларнинг олд томонидан ҳаракатланиши уларнинг ҳаётини хатарга қўяди. Айни манзилда мавжуд ер ости ўтиш жойи эса фақатгина ёшлар ва соғлом одамлар учун мўлжалланган. Сабаби пандус тик ҳолатда бўлгани учун қариялар, болалар аравачаси билан юрган оналар ёки ногиронлик аравачасида шахсларнинг ҳаракатланиши имконсиз.
Қатортол кўчаси |
Шу кўчада болалар аравачасида амал-тақал қилиб йўлни кесиб ўтган аёл эса қуйидагиларни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳар куни бирор бир юмуш билан йўлни кесиб ўтишига тўғри келади. Лекин ҳайдовчиларга ҳалал бериб, уларда норозиликларни келтириб чиқаришига тўғри келаркан. Чунки пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланиб келган одам хавфсиз шаклда пиёдалар йўлагига ўта олмайди. Ўртадаги “лоток” бунга ҳалақит қилади.
Эътибор қилган бўлсангиз, пиёдалар ўтиш жойларининг айримлари светофорлар билан тартибга солинган. Бу борада ўзгаришлар бор. Лекин кўчани кесиб ўтган одам йўлини қай шаклда давом эттириши керак, деган саволга ҳамма жойда ҳам бош қотирилмаган чоғи. Акс ҳолда, бироз меҳнат ва арзимаган маблағ эвазига ҳал этилиши мумкин бўлган масала бугун одамларга қийинчилик туғдирмас, уларнинг норозиликларни келтириб чиқармас эди.
Ойбек ИСОҚОВ,
Ногиронлар ассоциацияси раиси:
— Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғридаги қонуннинг 23-моддасида ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда, лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш талаблари белгилаб қўйилган. Унга кўра, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг, шу жумладан ўриндиқли аравачалардан ҳамда етакловчи итлардан фойдаланувчи шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (турар жойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томоша муассасаларига ҳамда бошқа муассасаларга) монеликсиз кириши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.
Шунингдек, қонунчиликка кўра, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоат бинолари ҳамда иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.
Айни қонуннинг 24-моддасида эса транспорт воситаларининг ва йўл инфратузилмасининг қулайлигига оид меъёрлар ўрин олган. Жумладан, транспорт воситаларининг ва йўл инфратузилмасининг қулайлиги аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар (ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари иштирокида амалга оширилиши керак.
Шунингдек, тўхташ майдончаларини шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, жиҳозлаш, жумладан уларга пандуслар ва тутқичлар ўрнатиш, транспорт воситасининг кириш эшиклари олдидаги майдончаларда тактил қопламаларини қўллаш, шунингдек электрон ахборот таблоларини ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳаларини, кўчалар ҳамда умумий фойдаланишдаги йўлларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мувофиқ мослаштириш, чорраҳаларда эса товушли ва визуал сигнализация тизимларини ўрнатиш зарурлиги ҳам қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларига оид ҳуқуқий ҳужжат бор. Мазкур ҳужжатда қонун талабларини бажаришга оид ҳар бир масала аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Оддий мисол, пиёдалар ўтиш жойлари ариқ ва лотоклар билан тугаши мумкин эмас. Уларнинг усти бетон қопламалар билан ёки бошқа воситаларда ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шаклда беркитилиши лозим.
Қатортол ва Тахтагул кўчалари кесишмаси |
Бунинг ўзигина эмас. Қурилиш вазирлиги қошида нодавлат назорат инспекция ҳамда бино ва объектларни қабул қилиш давлат комиссияси бор. Лекин негадир бугунги қурилиш майдонида уларнинг иштироки у даражада сезилмаяпти. Ваҳоланки, қурилиш соҳасининг қай бир йўналиши бўлишидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратилмаса, улар ўзларининг бошқа қонуний ҳуқуқларидан ҳам фойдалана олмайди.
Яна бир жиҳати шундаки, ногиронлиги бўлган шахсларга қулай бўлган шароит барча учун қулайдир. Бунинг акси бўлса, нотенглик ва ҳуқуқларнинг чекланишига олиб келади.
Мана бу йил Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши билан боғлиқ бир йиллик ҳисобот берилди. Унда ҳам мазкур масалаларга алоҳида ўрин берилган. Яъни, камчиликлар бор ва уларни бартараф этиш зарур.
Таклифимиз шундан иборатки, ушбу масала парламент назоратига олинса ва парламент даражасида муҳокамага қўйилса. Чунки жамоатчилик назорати бор. Нодавлат ташкилотлари, ХДП фаоллари ва бошқа алоқадор ташкилотлар қатор ишларни амалга оширяпти. Мониторинг ҳам олиб бориляпти. Бироқ натижа кутилгандек эмас. Яъни, Қурилиш вазирлиги ва улар орқали қурилиш ташкилотларининг масъулиятини ошириш учун масала парламентда кўриб чиқилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунки бу борада қонунчилик меъёрлари бор, қурилиш талаблари бор, ҳатто маъмурий жавобгарликка, яъни жаримага тортиш билан боғлиқ меъёр ҳам белгилаб қўйилган. Айбдор ёки жавобгар ким деган саволларга жавоб топиш учун ҳам тегишли ташкилот ва идоралар иштирокида парламент муҳокамаси амалга оширилиши зарур, деб ўйлайман.
Майли, ҳамма нарсани бирдан ўзгартириб юборишнинг имкони йўқ. Буни тушунамиз. Лекин биринчи қадамни ташлаш мумкинку. Мисол учун, биринчи босқичда йўллар, бекатлар, светофорлар, жамоат транспортларини ногиронлиги бўлган шахсларга учун қулай ҳолатга келтириш бўйича доимий назорат олиб бориш лозим.
Чиндан ҳам, пиёдалар ўтиш жойлари ҳайдовчига ҳам, пиёдага ҳам қулай шаклда тартибга солишини керак. Биз эса гувоҳи бўлдикки, пиёдалар ўтиш жойларининг ҳаммаси ҳам ушбу талабга жавоб бермайди. Ваҳоланки, пиёдалар йўлнинг бундай қисмидан қўрқмасдан ўтиши керак. Аҳоли хавфсизлигига хизмат қилиш учун мўлжалланган йўл чизиқлари, аксинча, уларнинг ҳаётини хатарга қўймоқда ва қийинчиликларга сабаб бўляпти.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири
«Ўзбекистон овози», 6.12.2023, №48