ДАВЛАТ ХАРАЖАТЛАРИ ЎЗ ВАҚТИДА АМАЛГА ОШИРИЛЯПТИМИ?

 

ХДП фракцияси йиғилишида бюджет ижроси муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил 9 ойлик ижроси юзасидан ҳисобот тингланди. 2023 йилнинг 9 ойлигида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда ўсиш суръати 5,8 фоизни (йил бошидаги прогноз – 5,4%) ташкил этди.

Бунда иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери хизматлар соҳаси бўлиб, унинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 6,5 фоизни (ўсишдаги ҳиссаси – 2,5 фоиз банд) ташкил этди. Шунингдек, саноат 5,7 фоизга, қурилиш ишлари 5,6 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳукумат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда. Фракция аъзолари ҳисобот даврида бюджет харажатларининг асосий қисми - Халқ демократик партияси электорати манфаатлари, яъни ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланганлигини эътироф этишди. Шунингдек, айрим масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар.

 

Қизилгул Қосимова, ХДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз томонидан назорат-таҳлил асосида стационар-шифохоналар ўрганилди. Шифохоналар аллақачон давлат тиббий суғуртаси асосида иш бошлаши керак эди. Давлат томонидан 16,7 миллиард сўм маблағ айнан электоратимиз вакилларига ажратилиши белгиланган. Аммо стационарлар эски база, эски компьютерлар билан ишлаяпти. Кўпчилиги ходимлар томонидан таъмирланган. Тизим яхши ишламаяпти. Интеграция қилинмаган. Ҳолбуки, аллақачон ишга тушиши керак эди. Сизнинг ҳисоботингизда келтирилишича, бу йўналишда 4,4 миллиард сўм, яъни бор-йўғи 26 фоизи ўзлаштирилган холос. Нега вазифалар охирига етказилмаган? Нега ходимларга қийинчилик қўйиляпти? Яна биз улардан сифатни талаб қиляпмиз. Шунча эҳтиёж бўла туриб нега ўзлаштирилмаган?

Отабек Фозилкаримов. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазири ўринбосари.

– Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштирмас эканмиз, ҳеч қандай тиббий суғурта, ислоҳот ҳам бўлмайди. Бир нарсани тўғри тушуниш керакки, уни жорий қилишни истаётганлар билан бирга истамаётганлар ҳам бор. Ўзим гувоҳи бўлдим. Хабарингиз бор, гемодиализ олувчи беморларни бепул фильтрлар билан таъминлаймиз. Бу ишни тўғри йўлга қўйиш учун барча беморларни тўлиқ рақамлаштиришга мажбур бўлдик. Ишонасизми, 40 фоиз касал чиқмаяпти. Биз мана шунча касаллар бор, деб ҳисобот юритганмиз. Бу рақамлаштиришнинг битта натижасидир.

ХДП фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил 9 ойлик ижроси партия электорати манфаатлари нуқтаи-назаридан таҳлил қилиниб, кучли ижтимоий сиёсат юритишдаги кенг қамровли, масъулиятли фаолият ижобий баҳоланди ва Ҳукумат ҳисоботи маъқулланди.

Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона ва юк операцияларини амалга ошириш жараёнларини янада соддалаштириш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланишни кучайтириш муҳим вазифалардан биридир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, глобаллашув жараёнида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажмлари ортиб бораётгани, трансчегаравий электрон савдонинг ривожланиш омиллари соҳани тўлиқ рақамлаштиришни тақозо этмоқда.

Фракция йиғилишида мазкур масалаларга бевосита алоқадор, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Божхона ва Солиқ кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, Божхона кодексига тўланиши божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимлари божхона органлари томонидан тегишли ҳаракатлар ва тартиб-таомиллар бажарилишидан олдин тўланиши белгиланганлигини инобатга олиб, мазкур йиғимларни тегишли ҳаракатлар ва тартиб-таомиллар бажарилишидан кейин тўлаш имконияти Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари чегара ўтказиш пунктларида автотранспортлар ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назopaт тартиботларини соддалаштириш, республикага кириб келаётган ва транзит ўтаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишни енгиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Автотранспорт воситаларидан чегара постларида йиғимларни ундириш жараёни кўшимча вақт талаб этиб, тирбандликлар ва ортиқча тўсиқларга олиб келаётгани, ушбу қонун лойиҳаси мазкур масалаларга ечим бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш