Бундан бир неча йиллар аввал жамиятимизда қийналган, алданган, эътиборсиз қолганлар орасида ёшлар кўпроқ эди. Мактаб ва коллеж давридаги бир неча ойлик пахта, ўқишнинг ўлда-жўлдалиги, олий таълим имкониятларининг ҳаддан ташқари чеклангани, ишга жойлашиш ҳақидаги маълумотларнинг сохталиги ва бошқа кўп муаммолар қийнарди.
“Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ёшлар тоифасига киради. Бугун уларнинг сони эса 9,5 миллиондан ортиқни ташкил қилмоқда. Бу мамлакатимиз умумий аҳолисининг деярли 27 фоизи ёшлардан иборат, дегани.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга эътибор, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, қобилият ва истеъдодларини ривожлантириш каби масалалар давлатимиз сиёсатининг доимий кун тартибидан ўрин олди.
15 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишгани бунга яққол мисолдир.
Хабарда айтилишича, чора-тадбирлар 7 та йўналишда амалга оширилган. Юртимиздаги алоҳида эътиборга муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 минг нафарининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилган. Жумладан, 94 минг нафарининг бандлиги таъминланган, 56 минги эса касб-ҳунарларга ўқитилган.
“Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунгача қисқартирилган.
2023 йил давомида ёшлар етакчилари тавсияси билан 338 минг нафар йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилган. Хусусан, ёрдам доирасида талабаларнинг шартнома маблағлари тўланган, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилган ва ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилган.
Ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, жорий йилда 236 минг нафар ишсиз йигит-қиз ва 189 минг нафар мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланган.
Яқин йилларгача бундай натижаларни тасаввур қилиш қийин эди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” бу йилдан бошлаб 4 та йўналишда –маҳалла, мактаб, профессионал таълим ва олийгоҳлар тизимида ўтказилиб, жами 12 миллион нафар ёшлар қамраб олинган. Унда ғолиб бўлган ёшларнинг маҳаллаларида эса жами 623 та спорт майдончаси барпо этилган.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида кечаю кундуз фаолият юритадиган илк “Креатив парк” фойдаланишга топширилган. “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларга 2 миллион нафар ёшлар жалб қилинган.
Ҳисоботда Президентимизга Навоий вилоятида барпо этилган “Тўдакўл” халқаро шахмат мактаби тўғрисида ҳам маълумот берилган.
Замонавий инфратузилма билан таъминланган ушбу мактаб йил давомида 1 минг 700 нафар ўғил-қизни ўқитиш ва 7,5 минг нафар ёшни турли тадбирлар билан қамраб олиш имкониятига эга. У ерда жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиада каби халқаро мусобақаларни ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу мактабга халқаро гроссмейстерларни олиб келиб, олис ҳудудлардаги иқтидорли болаларни ҳам жалб қилиш, улар учун шахмат бўйича қисқа муддатли оромгоҳлар ташкил қилиш ва тегишли сертификатлар беришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган.
Йиғилишда ёшлар билан ишлаш борасида 2024 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга ҳам эътибор қаратилган.
Ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича янгича ёндашув жорий этилади. Ёшлар етакчиси тавсияси билан бериладиган ёрдам турлари трансформация қилиниб, асосий эътибор уларни замонавий касб-ҳунарга ўргатишга қаратилади.
Йиғилишда болаларнинг кўникмалари, қизиқишлари ва истеъдодини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилган. Мазкур ташкилот «Камалак» болалар ташкилоти негизида ташкил қилиниши режалаштирилган.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни 1 миллион нафарга, “Мутолаа” дастури орқали ёш китобхонларни 1,5 миллион нафарга етказиш кўзда тутилмоқда.
ПАРЛАМЕНТДА ЁШЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ
18 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Қонунчилик палатасининг раҳбарияти, фракция раҳбарлари, депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” вакиллари ва талаба ёшлар иштирок этди. Шу билан бирга, барча ҳудудларда ташкил этилган студиялар орқали фаол ва ташаббускор ёшлар ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳудудлардан сайланган аъзолари ҳам қатнашишди.
Илк бор бундай кенг кўламли форматда ташкил этилган учрашувда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шарт-шароитлар, бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритилди.
Қонунчилик палатаси Спикери ўз сўзида янги таҳрирдаги Конституцияда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари мустаҳкамлаб қўйилгани юртимизда ёшларга бўлган эътиборни янги босқичга кўтариш имконини беришини айтиб ўтди.
Спикер ёшларни парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларига жалб этиш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, ўтган қисқа даврда ёшларга оид 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш мақсадида ёшлар етакчиси лавозими жорий этилган.
Учрашувда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини муҳокама этиш ва умумхалқ референдуми орқали қабул қилишда ҳам ёшларимизнинг алоҳида фаоллик кўрсатгани эътироф этилди.
Бош қомусимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида моддалар билан муҳрлаб қўйилди. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Учрашувда таъкидланганидек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолият олиб бормоқда.
Учрашувда сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, фракциялар томонидан ёшлар фаоллигини ошириш учун илгари сурилаётган янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:
– Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани ҳаммамизга яхши маълум.
Ўтган давр мобайнида партиямиз тизимида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшларга кўмак”, “Ёш етакчи”, “Қонунчилик ёшлар нигоҳида”, “Сафимиздаги ёшлар”, “Депутат ва ёшлар”, “Имконият сиз учун!”, “Биз бир сафдамиз” каби 10 га яқин лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Бу эса хайрихоҳларимиз сафининг янада кенгайишида алоҳида аҳамият касб этади. Партиямиз томонидан ёшларнинг турли соҳаларда интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилади.
Учрашувда иштирок этган ёшлар ҳам кўплаб таклиф ва ташаббуслар билдиришди.
Дилшод МИРЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
– Мен Ёшлар парламенти аъзоси сифатида сиёсий партияларнинг фракциялари фаолиятини доимий кузатиб бораман. Менимча, фракциялар сайловолди дастуридан келиб чиқиб баҳс-мунозаралар, дебатлар ўтказиб туриши керак. Шунингдек, фракциялар томонидан ялпи мажлисларда қандай масалалар кўтарилгани юзасидан брифинглар, шарҳлар бериб бориш йўлга қўйилса, жуда фойдали ва самарали бўлар эди.
Бердах ЖИЙЕНБАЕВ,
қорақалпоғистонлик фаол ёш:
– Президентимиз шу йил 15 декабрда ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди. Ҳисоботда тақдим этилган маълумотларни кўздан кечирсак, ёшларга қанча эътибор берилаётгани ва у қанчалик самара бераётганига ишонч ҳосил қиламиз. Президентимиз томонидан келгуси йилда ёшлар сиёсатидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди. Бу болалар истеъдодини ривожлантириш, уларнинг қизишлари ортишида муҳим аҳамият касб этади.
Фарзона ИСКАНДАРОВА,
Тошкент давлат юридик университети талабаси:
– Қонунчилик палатасида ташкил этилган учрашув биз учун жуда фойдали бўлди. Чунки биз қуйи палата фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, палата мажлисларининг онлайн узатилаётгани биз, бўлажак юристлар учун фойдали бўлмоқда. Сабаби, қабул қилинаётган қонунлар мазмуни, муҳокамалар жараёни, тортишувлар, баҳс-мунозаралар бизда катта қизиқиш уйғотяпти. Бундан ташқари, депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлардан ҳам хабардор бўлиб турибмиз. Умуман олганда, бугунги ушрашув бизда катта таассурот қолдирди.
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 20.12.2023, №50