Бахмалда ишлар «беш»ми?

 

Бугун замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиш қийин. Ҳозир қай бир соҳани олманг, унинг ривожи учун энг аввало, таълим тизими ривожланган бўлиши керак. Зеро, инсон капиталига, унинг иқтидорига эътибор қаратмай туриб, натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учун кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча куч ҳамда имкониятлар сафарбар этилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

Маърифатпарвар олим Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ибораси ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Бугун дунё билан бўйлашишимиз учун ёшларнинг билим ва тафаккури муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, кейинги йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб замонавий янги мактаблар қурилди. Узлуксиз таълим тизимида, хусусан, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълим йўналишларида катта ўзгаришлар юз берди.

Ана шундай ислоҳотларнинг натижасини Жиззах вилояти Бахмал туманида ҳам кўрдик. Хусусан, тумандаги 19 та ДМТТ, 7 та ДХШ асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва 131 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларида 11308 нафар 3–6 ёшли болалар тарбияланмоқдалар. Ушбу мақсадли ислоҳотлар натижасида мактабгача таълимга қамров даражасини 72,2 фоиздан 75 фоизга етказиш режалаштирилган.

Янги турдаги таълим масканлари, жумладан, ихтисослашган мактаблар, Президент мактабларига тайёрлов курслари йўлга қўйилган.

Бахмал туманида бугунги кунда таълим муассасаларининг умумий сони 86 тани ташкил қилади. Шундан 85 таси умумтаълим мактаблари бўлиб, уларда 32531 нафар ўқувчига 3015 нафар олий маълумотли педагог таълим-тарбия бериб келмоқда, Баркамол авлод болалар мактабида эса 1261 нафар ўқувчи тўгаракларга жалб қилинган.

Биргина 2023 йилни оладиган бўлсак, 24- ва 55- мактабларда замон талабларига мос равишда спорт заллари қуриб битказилди. 24 та умумтаълим мактабларига 408 дона замонавий компьютер ускуналари етказиб берилган.

“Ташаббусли бюджет” доирасида 2023 йилнинг биринчи босқичида тумандаги 41-, 47-, 66-, 74-мактабларнинг синф хоналари керакли ўқув жиҳозлар билан, яъни, компьютер, электрон доска, стол-стуллар, ўқув парталар билан жиҳозланди. Умуман олганда, мактаблардаги шароитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Бу, албатта, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Мисол учун, 2022-2023 ўқув йили якунида 34 нафар битирувчи олтин, 4 нафари кумуш медаль билан тақдирланди. Шу билан бирга, 2162 нафар битирувчининг 32 фоизи олий таълим даргоҳларига талабаликка қабул қилинган. Яқин келажакда ушбу натижани 40-50 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

Қўлга киритилган ютуқлар бизни янада руҳлантириши керак. Чунки глобаллашув даврида жаҳонда илм-фан, техника ва технологиялар шиддат билан ривожланмоқда. Бу ўз навбатида таълим, илм-фан олдига янги марраларни қўймоқда. Таълим тизимини мунтазам ислоҳ этиш, ўқитишнинг замонавий усул ва воситаларини такомиллаштириш, таълим мазмунини бойитиб бориш замон билан ҳамнафас бўлишнинг асосий талаби бўлиб қолаверади.

Шу ўринда юртимиздаги таълим тизими халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадими, деган танқидий савол билан Бахмал туманида мазкур соҳада ечимини кутаётган масалаларга назар ташлаймиз.

Ўрганишлар натижасида тумандаги “Оқтош” МФЙ Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган 640 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 5-умумтаълим мактаби жамоаси “Фаоллар зали” қурилишини интиқлик билан кутмоқда. Шу билан бирга, муассасада ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳам бор. Мактаб биноси йўл ёқасида жойлашгани учун пиёдалар ўтиш жойига светафор ўрнатилиши хусусида жамоа депутатлардан амалий ёрдам сўради.

Яна бир масала. Туманда жойлашган 59-умумтаълим мактабига 120 нафар ўқувчи 3 км масофадан қатнаб ўқийди. Уларга қулайлик яратиш учун мактаб филиалини қуриш таклифини давлат дас турига киритиш билан боғлиқ масала белгилаб олинди.

Ҳар бир мамлакат истиқболли режалар тузар экан, аввало, таълимга катта эътибор қаратади. Сабаби, таълим ҳар бир жамиятнинг келажаги, маданияти ва тараққиётини ҳаракатлантирувчи энг асосий драйверлардан ҳисобланади. Демак, мазкур тизимни ривожлантиришга, янгилашга қаратилган ислоҳотларнинг самарали ижросини таъминлаш учун доимий равишда жамоатчилик назорати ҳам ўрнатилиши керак. Партиямиз депутатлари бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда.

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 20.12.2023, №50

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш