Соғлом халқ катта ишларга қодир бўлади

 

Инсон капиталини ривожлантириш, албатта, аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари яхшиланиши билан чамбарчас боғлиқ. Саломатлик инсоннинг турмуш тарзи, ҳаёт даражаси ва сифати кўрсаткичидир. Соғлом жамият давлатнинг стратегик мақсади, миллий хавфсизликнинг муҳим шарти саналади.

Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда олиш ҳуқуқи, давлатнинг соғлиқни сақлаш, тиббий суғуртани ривожлантириш, санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш каби кафолат ва мажбуриятлари мустаҳкамланди. Фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли экани белгиланди.

Бу борада “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам муҳим вазифалар қўйилган. Ушбу чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши натижасида тиббиётдаги ислоҳотлар инсон манфаати йўлида изчил давом этмоқда. Хусусан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Унга кўра, оилавий шифокорлик пунктларида 68 турдаги нозология, 15 турдаги лаборатория (амалда 5 турдаги), 15 турдаги инструментал текширувлар (амалда 10 турдаги), 78 турдаги дори-дармон бўлиши керак.

Оилавий поликлиникаларда 85 турдаги нозология, 15 турдаги лаборатория (амалда 10 турдаги), 23 турдаги инструментал текширувлар (амалда 15 турда), 90 турдаги дори-дармон, кўп тармоқли марказий поликлиникада эса 110 турдаги нозология, 22 турдаги лаборатория, 28 турдаги инструментал текширувлар, 137 турдаги дори-дармон бўлиши белгиланди.

Туман, шаҳар марказий шифохоналарида 257 турдаги нозология, 46 турдаги лаборатория, 28 турдаги инструментал текширувлар, 234 турдаги дори-дармон бўлиши назарда тутилди. Бунинг учун соғлиқни сақлаш соҳасига 2023 йилда давлат бюджетидан 20,3 триллион сўм ажратилган бўлиб, шундан 5,5 триллион сўми бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига тўғри келади ёки умумий ажратилган маблағга нисбатан 27 фоизни ташкил этади.

 

Маблағ шифохонага эмас, беморга ажратилмоқда

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудлар тиббиёт муассасаларига давлат бюджетидан жами 17 триллион 944 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу маблағ 2016 йилдагидан 5 баробар кўп. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағ 12 баробар кўпайтирилди. Энг муҳими, маблағ шифохонага эмас, беморга ажратилмоқда.

Бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришилди. Ўтган йилдан ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган 17 минг 400 та тиббий бригадаси ташкил этилди, аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходими учун штат ажратилди. Қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника замонавий УТТ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.

 

Сифатли тиббий хизмат маҳаллага туширилди

Тиббий хизматларни маҳаллагача тушириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. 2023 йилда 1251 та оилавий шифокорлик пункти, 1082 та оилавий поликлиника, 209 та КТМП фаолияти таъминланди. Республикада мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига “бир қадам” тамойили асосида тиббий хизматлар яқинлаштирилди. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларигача 3 километр масофада жойлашган маҳаллалар 62 фоизга етказилди (5 806 та маҳалла), 3-5 километргача 23 фоиз (2 151 та маҳалла)ни ташкил этади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар 2000 аҳолига 1 та, республика бўйича жами 17 минг 400 та тиббиёт бригадаси ташкил этилиб, оилавий шифокорга ёрдам берадиган умумий амалиёт ҳамшираси, патронаж ҳамширалари, патронаж доялар жамланди. Амалиётда кам самара берган аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўриклари ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Бу, ўз навбатида, оналар ва гўдаклар ўлими камайиши, ноинфекцион — юқумли бўлмаган касалликларнинг эрта аниқланиши, асоратлари камайишига олиб келмоқда.

Тизимда электрон рақамлаштириш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. “Электрон поликлиника” тизимида 2500 дан ортиқ бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси (БТСЁМ) ишламоқда. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига 32 миллиондан ортиқ аҳоли электрон ахборот тизими орқали БТСЁМларга бириктирилди. Тизимда оилавий шифокорлардан тор доирадаги мутахассисларга, тор доирадаги мутахассислардан оилавий шифокорларга йўналтириш амалиёти яратилмоқда.

Ушбу тизим орқали аҳолини оилавий шифокорларга бириктириш, шу билан бирга, беморни амбулатор тиббиёт муассасасидан стационар тиббиёт муассасасига электрон йўналтириш амалиёти синовдан ўтказилмоқда.

 

Мураккаб тиббий амалиётлар ўзимизда ўтказиляпти

Ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилмоқда. Бугунги кунда тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда.

Биргина мисол — қисқа даврда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайраларда 1000 дан ортиқ мураккаб операция муваффақиятли амалга оширилди. Аҳолига юқори технологияли тиббий ёрдамни яқинлаштириш мақсадида барча вилоятларда ихтисослашган илмий-амалий тиббий марказлар филиаллари ташкил этилиб, аввал фақат хорижда ёки пойтахтда қилинган операциялар бугун барча вилоятларда ва баъзи туманларда ҳам бажарилмоқда.

Ривожланган давлатлар тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш, мутахассисларнинг чет элда малака оширишини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда шифохоналар комплексларини ташкил этиш бир пайтлар орзу бўлган, бугун амалга ошаётган воқеликдир.

Мактабгача таълим ва ўрта таълим тизимида соғлом овқатланишни таъминлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш билан касалликларни эрта аниқлашни 70 фоизга етказиш, юқумли бўлмаган касалликлардан ногиронлик ва эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири, деб ўйлаймиз.

Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида аҳолининг ёши, жинси ва мавжуд касалликларидан келиб чиқиб, овқатланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ҳар бир маҳаллада волонтёрлик жамиятларини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзи асослари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш, маҳаллаларда эрталабки бадантарбия ва кечки сайрларни ташкиллаштиришга эътиборни кучайтириш керак. Бунинг натижасида ортиқча вазн ҳамда семизлик, юқумли бўлмаган касалликлар асоратлари, ногиронлик ва эрта ўлимнинг камайишига эришиш мумкин.

Тиббиёт академияси, ихтисослашган илмий марказлар, ҳудудларда институтлар бор. Уларни ҳудудларга бириктириш йўли билан соғлом тиббий-ижтимоий муҳит яратиш зарур. Масъул мутахассисларни ўз маҳалласида касалликлар камайишига қараб рағбатлантириш амалиётини жорий этиш мумкин.

Олдимиздаги вазифа ва мақсадлар жуда улкан, кучларни бирлаштириб, собитқадамлик билан ҳаракат қилсак, албатта, муваффақиятга эришамиз. Зотан, сифатли тиббий хизматга эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди. Энг катта бойлик халқимиз саломатлигидир. Соғлом халқ катта ишларга қодир бўлади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 
 
 
 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш