IT соҳасида банд бўлган шахсларга қўшимча имкониятлар яратилади

 

Инсон қадри учун тамойили асосида мамлакатимизда узоқ йилларга мўлжалланган тараққиётимизнинг асосий мақсадларидан бири аҳолининг бандлигини таъминлаш, соҳаларнинг ривожланишига қўшимча имкониятлар яратиш орқали ишсизликнинг олдини олишдан иборат. Бандликни таъминлаш учун қабул қилинган дастурларни рўёбга чиқариш орқали эса мамлакат аҳолиси турмуш даражасини ошириш кўзда тутилган. Бунда, айниқса, замонавий технологиялар имкониятидан энг самарали усулда фойдаланиш, уларни соҳалар кесимида татбиқ қилиш орқали инсонларнинг ҳаётини қулайлаштириш, вақти ва маблағини тежаш, муҳими, жамиятда шаффофликни таъминлаш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан ушбу жиҳатлар қайд этилди. Яъни, IT соҳасини ривожлантириш, иқтисодиётни рақамлаштириш орқали шаффоф, коррупциядан холи бўлган тизимни яратишни жадаллаштиришга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари 2024 йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилишини эълон қилди. Бунда:

– IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;

– иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;

– 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;

– экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Бу мақсадларга келгуси йилда 65 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналарини очади.

Бу ўз навбатида аҳолига даромадларини ошириш, экспорт имкониятларини рағбатлантириш билан бир қаторда шу соҳа мутахассислари бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш