Аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар илгари сурилди

 

Коррупцияга қарши курашиш бугун кечиктириб бўлмас масалалардан бири ҳисобланади. Унинг мавжудлиги давлатга, жамиятга, инсон ҳақ-ҳуқуқларига ва ҳаётимизнинг барча жабҳаларига салбий таъсир кўрсатади.

Ушбу иллат мамлакатда демократия ва инсон ҳуқуқлари институтларнинг мустаҳкамланишига ҳам жиддий путур етказади. Кенг жамоатчиликда ҳокимиятга бўлган ишончни сўндириб, жамиятдаги тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, мамлакат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари, “Йўл хариталари” ва дастурлар тасдиқланди ҳамда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши  юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни тизимли амалга оширилмоқда. Барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилган бўлса, давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Шубҳасиз, бу борада Миллий Стратегиянинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши орқали миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, мамлакатда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий тизим яратилади. Асосийси, мамлакатнинг бу соҳадаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари янада яхшиланади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимининг айнан бизнинг юртимизда бўлиб ўтиши замирида катта маъно бор. Бу ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ва имиджини ошишига катта ҳисса қўшади.

Айтиш жоизки, мазкур тадбир Ўзбекистон ички барқарорлиги ва изчил тараққиёти мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим. Айниқса, Президентимиз нутқи коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини ва бу ортга қайтмас даражага чиққанини англатади.

Ушбу нуфузли тадбирда илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус кенг қамровлилиги ва муҳимлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш ҳақидаги таклиф эътиборга моликдир.

Шу нуқтаи назардан айтганда, мазкур анжуман Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик сиёсатининг навбатдаги амалий натижаси, десак муболаға бўлмайди. Зотан, ушбу халқаро тадбир мамлакатимизнинг коррупцияга қарши муросасиз курашишида қатъий ва дадил позицияда эканлигини халқаро ҳамжамиятга намоён этди.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш