Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида соғлиқни сақлаш тизими томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ўрганиш якунларига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти кенгаши масъуллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, ёшлар иштирок этган йиғилишда Сирдарё вилоятидаги ўрганишлар якунлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6221сонли фармонида Оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш борасида бир қанча вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўзбекистон Халқ Демократик партияси депутатлик гуруҳлари томонидан чекка худудлар, туман ва шаҳарларда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда кўрсатилаётган барча турдаги тиббий хизматлар сифати ҳар ойда ўрганилди.
Жамоатчилик назорати натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Республика бўйлаб аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланган. Аҳоли ўз ҳудудларидан чиқмаган ҳолда малакали шифокорлар кўригидан ўтмоқда. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам аксарият ҳолларда ҳудудларнинг ўзида ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Янгиер туманида аҳолига 1 та КТМП, 3 та оила шифокорлик пункти ва 1 та оилавий поликлиника томонидан бирламчи тиббий санитария ёрдами сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Аҳоли сони жиҳатидан вилоятда кичиклиги билан фарқ қилса-да, тиббий салоҳияти юқори ҳисобланади. Шунга қарамай, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар, камчиликлар ҳам мавжуд. Ўрганиш натижалари мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниб, масалаларга ечим топиш мақсадида Янгиер шаҳар Кенгашининг сессиясига қўйилган.
Онлайн давра суҳбатида депутатлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Ҳудудда тор доирадаги мутахассислар - онко-мамолог, болалар логопед-дифектологи, аллерголог, фтизиаторлар етишмаслигини ҳал қилиш лозимлиги таъкидланди. Тиббиёт олийгоҳларига қабул қилишда ҳудудлар талаб эҳтиёжларини эътиборга олиб, қўшимча квоталар ажратиш масаласи муҳокама қилинди.