Олий Мажлис Сенатида Ёшлар форуми доирасида Сенат Раиси билан “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар, турли соҳалардаги ташаббускор, фаол ва иқтидорли ёшлар, давлат мукофоти совриндорлари ва стипендиатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбир орқали онлайн ва оффлайн тарзида мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
Мулоқот давомида Сенат Раиси Т.Нарбаева ёшларга оид давлат сиёсати бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишлар, ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, устувор вазифалар ҳамда қонунчиликдаги янгиликларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги 6 йил мобайнида ёшлар сиёсатига доир 106 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари яна-да мустаҳкамланди ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди.
Ушбу ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи том маънода давлат сиёсатига айланганидан далолат бериши айтиб ўтилди.
Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ бўлиб, жами аҳолининг 60 фоизга яқинни ташкил қилади. Бу каби кўрсаткич ҳар қандай ривожланган ва ривожланаётган давлат учун беқиёс бойлик манбаи ҳисобланади.
Президент ташаббуси билан барча йўналишлар, жумладан таълим, тадбиркорлик, ижтимоий кўмак ва бошқа соҳаларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи янги даражага олиб чиқилгани эътироф этилди.
Жумладан, олий таълим қамрови сўнгги 6 йилда 4 баробарга ошди (9 фоиздан 38 фоизга). 151 минг талабага 1,7 триллион сўмлик имтиёзли таълим кредитлари берилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим - “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Шу йилнинг ўзида 282 минг ёшларга 416 млрд сўмлик ёрдам кўрсатилди. Республика бўйича ёшларнинг 124 минги касб-ҳунарларга, 133,8 минги эса тадбиркорликка ўқитилди.
Ёшлар тадбиркорлигини кредитлашнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бугунга қадар 253 минг 789 нафар ўғил-қизга 6,2 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
Ушбу амалий ишлар натижасида охирги 6 йилда мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар 8 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 750 мингдан ошди.
Ёшларимиз ҳам яратилган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамиятда ўзини тўла намоён этмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли, фидойи ёшларнинг 758 нафари турли давлат мукофотларига сазовор бўлган.
Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилганлиги ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва саводхонлиги, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунчилик жараёнларига ёшларни жалб қилиш борасида муҳим аҳамият касб этаётганига тўхталиб ўтилди.
Сенат Раиси мулоқот давомида ёшларнинг айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигига тўхталди.
Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ва Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқилаётган қонунлар бўйича ёшлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, ёшлар ўзларининг муҳим масалалари юзасидан фикрлари, ғоялари ва таклифларини Ёшлар парламентидаги вакиллари орқали Сенатга ва унинг қўмиталарига етказиб боришлари, ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни яна-да кенгайтириш, хорижий мамлакатлар ёшлари билан алоқалар ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, парламентда, маҳаллий Кенгашларда ёш депутатлар салмоғини йигит-қизлар сонига мос равишда ошириб бориш шулар жумласидан.