МАҲАЛЛА — БУ СИЗ, БИЗ, ҲАММАМИЗ

 

Маҳаллалар уюшмаси инсонни жамият билан уйғун яшашга ўргатадиган тизимга айлансин

Маҳалла - узоқ ўтмишимиз, маҳалла - бугунимиз, маҳалла - шубҳасиз келажагимиздир. Айнан шу ҳалқа ҳаётимиз давомийлиги асосини таъминлаб келади. Айниқса, минг-минг йиллардан буён ўз қадриятларига эга, миллийлиги анъанага айланган бизнинг заминда шундайдир.

Хабарингиз борки, Президент “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига имзо чекди. Албатта бундай саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун, халқимиз учун узоқ йиллар хизмат қилади.

Хусусан, ташкил этилаётган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаларининг асосий вазифалари сифатида халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилма шаклига келтириш белгиланган. Шунингдек, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг иштирокини таъминлаш каби бир қатор меъёрлар ҳам ўрин олган.

Шулар ичида “маҳалла еттилиги”га тўхталиб ўтсам. Бу жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда фидоийилик кўрсатадиган кучлардир. Негаки, аҳоли орасига кириб улардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ечилишида “маҳалла еттилиги” вакилларининг алоҳида ўрни мавжуд.

Ўзбекистондаги олимлар “маҳалла инсонни жамият билан уйғун яшашга ўргатадиган, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, дўстлик, ҳамкорлик ришталарини қарор топтиришга, инсон камолоти ва жамият ривожини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим восита сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, деган хулосада ўз фикрларини билдирмоқда. Ушбу фиркларнинг қанчалар ҳақиқат эканини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, янги Ўзбекистон маҳаллаларининг ташқи манзараси ҳам, ички шакл-тамойили ҳам, одамлар дунёқараши ҳам тубдан ўзгарган — фаровонлик, ободлик, улуғворлик касб этган. Ёдингизда бўлса бу йўлдаги чора-тадбирлар беш йил олдин 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бошланган эди.

Ўзгаришлар силсиласи шуни кўрсатадики, халқ билан самарали мулоқот йўлга қўйилди. Одамларнинг дардини эшитадиган ягона тизим яратилди, мурожаатлар тизимли таҳлил қилиниб, одамлар ҳаётда бугун яхши яшаши учун катта ислоҳотлар бошланди. Қонунчилик, ҳуқуқий асослар тубдан қайта ишлаб чиқилди, янги фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ҳар бирида фуқароларнинг кўп сонли мурожаатларида билдирилган муаммоларга ечим топиш кўзда тутилди. Натижада, бугунга келиб Президент қабулхоналарига маҳалла тизими ёки ҳаётдан норози бўлиб йўлланган мурожаатларни кам учратасиз. Бундай шукроналикка арзийдиган ўзгаришларни кўп ва хўп ёзишимиз мумкин, ҳар қадамда янгиланишни учратамиз. Буни инкор этолмайсиз.

Президентимизнинг ўзи маҳаллаларга кириб, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, орзу-истакларини эшитиш тизимини йўлга қўйди. Ана шу тизим одамларга катта куч-ғайрат, бугунги ислоҳотлар мазмундорлигига зўр ишонч бағишламоқда. Сабаби, бу каби дилдан, самимий, тайёргарлик кўрилмаган суҳбатларда кутилмаган масалалар кун тартибига чиқади.

Тўкис ҳаёт йўқ — ҳар жойда, ҳар вақт муаммо бўлиши табиий. Шундай экан, Президентимизнинг одамлар билан учрашганида билдирилган фикрлар жамият тараққиёти учун хизмат қилиши фойдадан ҳоли эмас. Шунингдек, маҳаллаларга маънавият қайтди. маҳаллада китобхон ёшлар сони кўпайди. Китоб — эзгулик манбаи. Шу маънода, ҳар бир маҳаллага маънавиятнинг қайтиши ёшларни турли иллатлар таъсиридан асрашга хизмат қилиб, келажак авлодларга ўзлигимизни етказишдек азалий вазифа ўринланмоқда, дейиш мумкин.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш