Улуғ орзулар, қутлуғ ниятлар

 

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари:

— 2023 йил барчамиз учун муҳим сиёсий жараёнларга бой йил бўлди. Халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданиятини намойиш қилиб, катта бир уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди. Бу ҳужжат Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштиргани, унда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани билан қадрлидир.

Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш каби қатор ижтимоий масалаларга Бош қомусимизда кенг ўрин берилди. Мактабгача таълим масаласи илк марта Конституциядан жой олди. Ўқитувчиларнинг мақоми, манфаатлари белгиланди. Ногиронлиги бўлган шахслар таълим олиши, меҳнат қилиши учун зарур шароит яратиш, инклюзив жамият барпо қилиш билан боғлиқ ҳуқуқлар ўз ифодасини топди.

Шунингдек, жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди. Унда белгиланган вазифаларнинг катта қисми партиямиз дастурий ғоя ва мақсадларига чамбарчас боғлиқлиги муҳим аҳамият касб этди. Шу сабабли партиямиз стратегияни қўллаб-қувватлабгина қолмай, уни амалга оширишда барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлашга интилмоқда.

2024 йилги режа ва дастурларимизни янгиланган Конституцияни рўёбга чиқариш, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг мақсадларини амалга ошириш нуқтаи назаридан янада такомиллаштирмоқдамиз.

Тилагим – янги йилда Ватанимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлсин, барча эзгу ниятлар рўёбга чиқсин!

 

 

Муножот Йўлчиева,

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Юртимиздаги барча янгиланиш ва ўзгаришларнинг барчаси санъат ва мадният соҳасида янгиликларга, кўрсатилаётган эътибор, кўмак, моддий ва маънавий рағбат яхши натижаларга асос бўлмоқда. Санъат оламининг вакили сифатида ўзимизнинг амалий ишларимиз, ижодимиз билан инсонлар қалбига эзгулик улашишга, тараққиётга элтувчи чора-тадбирларни амалга оширишга камарбаста бўлишга ҳамиша тайёрмиз.

Биз таълим бераётган Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа ва санъат институтида кўплаб ёшлар мақом йўналишида ўзларини кашф қилмоқда. Нафақат кашф қиляпти, балки халқаро нуфузли саҳналарда миллий санъатимизни намоён этяпти, тарғиб қиляпти. Бу ҳам давлатимиз раҳбари эътиборининг ҳосили, деб ўйлайман.

Яна бир жиҳати, санъат бугун илмий жиҳатдан ҳам бойиб бормоқда. Биз билан бир сафда ишлаб келаётган оддий ўқитувчилардан тортиб, профессорларгача нуфузли халқаро журналларда илмий мақолаларни чоп этиб, изланишларни амалга оширяпти.

Масалан, шогирдларимдан бири мақом йўналишида PhD даражасини қўлга киритди. Эътиборлиси, у йигит бакалавр босқичини академик хонандалик йўналишида битирган. Магистрлик босқичини эса анъанавий хонандалик йўналишида давом эттирди. Бу ҳам соҳадаги янгилик. Бошқа бир аёл шогирдим эса Зулфия мукофоти совриндори ва айни пайтда монографиялар ёзмоқда. Яқин кунларда унинг ҳам ана шундай унвонни қўлга киритишига ишонаман.

Янги йилда янги талантларни кашф этиш, турли ижодий лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилиш ниятимиз. Халқимизга аввало саломатлик ёр бўлсин. Чунки кейинги йиллар давомида хасталиклар туфайли катта йўқотишлар бўлди. Шу сабабли ҳар бир юртдошимизга, бутун дунё аҳлига соғлик, хотиржамлик, тинчлик-омонлик тилайман.

 

 

Одилжон Иминов,

Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси:

— Бу йил, умид қиламизки, юз йилликнинг энг оғир талофатларидан бири саналган коронавирусдан тўлиқ халос бўлдик. Пандемик вазият 2022 йилда ҳам давом этган эди. Соғлиқни сақлаш соҳасида, тез ёрдам, стационар билан ишлаш борасида тажриба орттирдик. Қонунчилигимизга ҳам бу борада ўзгартиришлар қилинди. Тизимга инновацион технологиялар жалб қилинди.

Педагогларнинг мақоми тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий соҳага бўлган эътиборни янада оширди. Ишонаманки, бу жамиятда ўқитувчининг обрў-эътиборини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Буларнинг барчаси Конституциянинг янгилангани сабаб бўлди. Авваллари битта жумла билан ифодаланган меъёрлар моддалар, боблар кўринишида Бош қонунимиздан жой олди. Ана шу асосида меъёрий ҳужжатлар ўзгартириляпти, янгилари қабул қилинмоқда.

Келгуси йил бу йилгидан ҳам самаралироқ бўлиши зарур. Бу эса парламент вакилларига катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, қатор масалаларни иш режамизга киритганмиз. Мисол учун, органлар трансплантацияси билан боғлиқ қонун тасдиқланган. Аммо унинг ижросини таъминлаш учун ечишимиз зарур бўлган қатор масалалар бор. Чунки бу янги жараён, янги соҳа. Кадрлар малакасини ошириш, жарроҳлик амалиётини бажариш борасида тажриба алмашиш чораларини кўриш бўйича назорат олиб бориш керак.

Иккинчидан, 5 ярим ёшдан 6 ярим ёшгача бўлган болаларни мактабга тайёрлаш масаласи ҳам энг йирик муаммолар сирасидан жой олган. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам бу борада алоҳида вазифалар, хусусан, ҳар бир инсонни баркамол шахс сифатида шаклланиши учун қонунчилик базасини яратиш белгиланган. Келгуси йилда ҳар бир масала бўйича ўрганишлар олиб бориш, муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича муҳокамалар ўтказиш режалаштирилган. Ўйлайманки, 2024 йилда уларнинг ижросини таъминлашда барчамиз камарбаста бўламиз.

2024 йил мамлакатимизда, минтақамизда ва албатта, бутун дунёда барқарорлик ҳукм сурсин. инсонлар янгиликлар яратиб, илмий изланишларини амалга оширадиган, орзу-истаклари рўёбга чиқадиган йил бўлишига тилакдошман.

 

 

Шомансур Саъдуллаев,

Фанлар академияси С.Ю. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти директори, академик, Сенат аъзоси:

– Ўтиб бораётган йилдан барчамиз миннатдормиз. Таълим ва фандаги, илмий йўналишдаги ўзгаришлар, ютуқлар ҳам салмоқли.

Айниқса, декабрь ойи мен ва мен каби кўплаб олимлар учун қувонч олиб келди. 16 нафар илм фидойилари академик унвонига сазовор бўлди ва улар қаторида менинг исмим борлигидан бағоятда шодман. Рўйхатни ўқир эканман, исм-шарифимни кўриб кўзларимга қувонч ёшлари қалқиди. Умримни илм-фан, кимё-технология, табиий моддалар кимёси, синтетик дори препаратларни тайёрлаш бўйича илмий изланишларга бағишлаган инсон учун бу унвон энг катта совға.

Фаолиятимга тўхталадиган бўлсам, 1974 йилда академик Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институтига ишга кирганман. Унгача эса икки йил заводда ишлаганман.

Номзодлик диссертациям пахта кунжарасидан фитин олиш технологиясига бағишланган бўлса, докторлик диссертациямни «Парпи, омонқора, наматак доривор ўсимликлари ва пахта шротини комплекс қайта ишлаш технологияси» мавзусида ҳимоя қилганман.

Фаол моддаларни доривор ўсимликлардан ажратиб олиш, структураси, самарадорлиги, хавфсизлиги, унинг фаоллигини аниқлаш, амалиётга татбиқ қилиш учун янги технологияларни яратиш масалаларида катта илмий ишлар қилдим. Масалан, Аллапинин дори воситасини ишлатиш учун Россия патентини олиш ва «Аллапинин» товар белгисини қайд этиш, ушбу дорига республикамиз талабини қондириш ва уни экспорт қилиб, институт валюта маблағларини оширишга озми-кўпми ҳисса қўшяпман. Бу ҳам менга илҳом беради.

2016 йил 30 декабрда давлатимиз раҳбари «Ўзимизнинг олимларни қўллаб-қувватламасак, чет эл олимларини қўллашимизга тўғри келади», деган эди. Ҳақиқатан ҳам 7 йил ичида жуда кўп қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Илм-фанда катта ўзгаришлар бошланди. Тўғри, буларнинг барчаси бирданига натижа бермаслиги аниқ. Аммо йўлга тушилди, устувор йўналишлар бўйича ишлар кўпайди, ёш ходимларнинг чет эл илмий марказларига бориб малака ошириш имкониятлари кенгайди. Буларнинг барчаси эртанги кун учун, тараққиёт учун амалга оширилмоқда.

Бундан кўринадики, олимларнинг вазифаси янги, фундаментал билимларга асосланиб, фанда янгиликлар яратиш, маҳсулотлар ҳажми ҳамда сифатини оширишдан иборатдир. Ана шунда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан иқтисодиётимизни бойитишга ҳисса қўшамиз. Ўсимликлар кимёси ҳам мураккаб, ҳам жуда қизиқарли соҳа. Демак, ҳали яна кўплаб янгиликлар яратиш ниятидамиз ва изланишдан тўхтамаймиз.

Барчани кириб келаётган янги йил билан қутлайман!

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола Убайдуллаева ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 27.12.2023, №51-52

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш