Ўзбекистон – ташқи сиёсатда дўстона муносабат ўрнатган давлат

 

Ўзбекистонимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича муайян натижаларга эришилди.

Жумладан, 2023 йил том маънода Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси, таъсири ошган, қиёфаси янгиланган йил сифатида тарихга мухрланди, десам муболаға бўлмайди. Йил давомида мамлакат раҳбарининг 20 дан ортиқ давлатларда расмий ва амалий ташрифларда бўлгани Шавкат Мирзиёевни дунёдаги энг фаол Президентлар қаторига қўшди. Бу албатта Ўзбекистон халқига фахр-ифтихор бағишлайди. Биргина ташқи сиёсат эмас бали ички сиёсатда ҳам яхши натижалар қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, халқ манфаати ҳамда хоҳиш-истагини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган ислоҳотлар жараёни очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилаётгаи мамлакатни ривожлантиришнинг янги босқичига хос алоҳида жиҳат ҳисобланади. Мамлакатимизда Президент Халқ қабулхоналари амалиёти жорий этилгани, бошқа мамлакат фуқароларида қизиқиш уйғотгани сизу бизга сир эмас. Давлат ва халқ ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилгани фуқаролар муаммоларини ҳал этишда самарали натижаларни кўрсатди, бу тизим албатта ўзини оқлади.

Фикримча, мазкур амалиёт бундан буёғига ҳукумат ва жамият ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишда муаммоларга дуч келаётган ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатлар учун ижобий тажриба сифатида қўлланилади. Бугун фуқароларда ҳуқуқий онг сезиларли даражада ўсди. Уларнинг демократик жараёнлардаги ижтимоий-сиёсий иштироки фаоллашиб, сиёсий партиялар ва парламентлар фаоллиги ҳам тобора кучайди. Аҳолида ўзгаришларга алоқадорлик, дахлдорлик ва масъуллик ҳисси ошмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, хусусан, қўшни мамлакатлар билан бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик асосидаги уйғун, дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга, янада ривожлантиришга интилиши мазмунан мафкуравий, ғоявий ва сиёсий жиҳатдан тўғри йўналтирилганлигини ифодалайди.

Биргина мисол, ўтган йилда давлатимиз раҳбарининг қўшни Қирғиз Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон-Қирғизистоннинг дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Унда манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қайд этилиб, биринчи навбатда, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги белгиланди. Фахрланадиган жиҳати шундаки, Ўзбекистон етакчиси дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти МДҲ Фахрий нишони билан тақдирланди.

Ўзгаришлар силсиласи шуни кўрсатиб турибдики, Ўзбекистоннинг очиқлик, тенглик, ўзаро ҳурмат ва дўсликка асосланган фаол ташқи сиёсати халқаро майдонда муносиб ўринга эга бўлмоқда.

Мухтасар қилиб атйганда, янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида дўстона ва тинчликсевар давлат сифатида конституциявий эътироф этилиши унинг дипломатик имиджини янада оширишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда инсон қадри биринчи ўринда туриши бугуннинг, давлат сиёсатининг пойдевори ҳисобланади. Бундай қулайликларнинг яратилиши фуқаролар турмуш тарзини яхшилашга қаратилган мақсадли ва сифатли ёрдам кўрсатиш хизматини янада кенгайтиради. Умуман олганда, илгари сурилаётган бу каби ташаббус ва ғоялар мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш