Ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Шу маънода Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ана шу йўналишдаги ишлар давомийлигининг бир кўринишидир. Бу йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтиришга, илм-фан, инновация, ИТ каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшлар учун янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори оширилиши, шунингдек, хотин-қизлар ва нуронийлар, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, ёшларга оид олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлиб, ёшларнинг таълим олиши, истеъдодларини юзага чиқариши, уларда тадбиркорлик, ишчанлик, мустақил фикрлаш қобилиятларини шакллантириш, бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун шароит яратиб бериш, умуман ёшлар масалалари доимий равишда давлатимиз эътиборида эканлигини билдиради.
Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ишонч ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшлари ҳам бу каби ислоҳотларни амалга оширишда фаол бўлиши, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида белгиланган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ёшлар билан индивидуал ишлашни жадаллаштириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, йигит-қизларнинг муаммоларини ўрганган ҳолда, уларни ҳал этиш бўйича тизимли ишларни олиб боришимиз зарур.
Бугун қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, ҳар биримиз ёшлар масаласидаги белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Бу билан ёшлар давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилиши ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз.
Мухсиддин Низомиддинов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшлар сектори раҳбари,
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари,
Тошкент вилояти Паркент туман Кенгаши депутати.