Дунёда сайловлар йили

 

2024 йил халқаро майдонда, айтиш мумкин бўлса, сайловлар йилига айланади. Сабаби, ер юзидаги 60 дан ортиқ давлатда бу йил сайловлар ўтиши режалаштирилган. Қонунга мувофиқ жорий йилда юртимизда парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов бўлиши кутилмоқда. Дунё аҳолисининг тахминан 4,2 миллиарди жорий йилда сайловларда иштирок этиши кутилмоқда.

Сайлов – мустақил шахсларни маълум бир ғоя ва мақсад атрофида бирлаштирувчи, уларнинг хоҳиш-истакларини ифодаловчи воситадир. Шу маънода ер шаридаги 60 дан ортиқ мамлакатда сайлов жараёнларининг бўлиб ўтиши халқаро ҳамжамият учун катта аҳамиятга эга.

Сайловлар халқаро ва минтақавий куч марказларидаги ҳокимиятларнинг алмашишига олиб келиши мумкин. Маълумки, янги кучларнинг ҳокимият тепасига келиши кўп ҳолларда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида янги тенденцияларни бошлаб беради. Занжир реакцияси тарзида кечадиган бундай жараёнлар халқаро майдоннинг амалдаги тартиботи ва мувозанатига таъсир этмай қолмайди. Шу сабабдан халқаро майдондаги ҳар бир воқеликдан хабардор бўлиб бориш муҳимдир.

 

Осиё қитъасида

Озарбайжонда 7 февраль куни Прези дентлик сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда. 2018 йилда етти йиллик муддатга сайланган Илҳом Алиев навбатдаги Президентлик сайловини 2025 йилда эмас, балки 2024 йилда ўтказиш тўғрисида фармон чиқарди.

Бу йил Грузияда Президентлик ва парламентга сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган. Грузияда Президент 5 йил муддатга, 150 нафар аъзодан иборат парламентнинг 30 нафар вакили тўғридан-тўғри, 120 нафари эса пропорционал тизим орқали 4 йил муддатга сайланади.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси, яъни Лок Сабҳага сайловлар бўлиб ўтади. Қуйи палата 543 депутатдан иборат бўлиб, улар 5 йил муддатга сайланади.

Покистонда 8 февраль куни Миллий Ассамблеяга сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган. Эътиборлиси, Қуйи палатада мусулмон бўлмаганлар ва аёллар учун алоҳида ўринлар ажратилади. Аъзолар 5 йил муддатга сайланади. Шу нингдек, 9 март санасидан кечиктирилмасдан Президентлик сайлови ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда. Покистонда Президент ҳам 5 йил муддатга сайланади.

Шу йил март ойида Туркияда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Одатда Туркия маҳаллий сайловларида шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят ва шаҳар кенгашлари аъзолари, маҳалла посбонлари каби мансабдорлар сайланади.

 

Европа қитъасида

6-9 июнь кунлари Европарламентга сайловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Европарламентга сайловлар 1979 йилда бошланган ва бу йил 10-бўлади. Унинг аъзолари сони 705 нафар депутатдан иборат.

Россия Федерациясида 17 март куни Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу сайлов Федерация ташкил қилинганидан бери саккизинчи Президентлик сайлови ҳисобланади. Президентликка номзодлар 35 ёшга тўлган, 25 йил Россия ҳудудида яшаган бўлиши кераклиги каби талабларга мос бўлиши керак. Президентнинг ваколат муддати 6 йил.

Буюк Британияда 2 май куни маҳаллий сайловлар бўлиши режалаштирилган. Бу йилги маҳаллий сайловларда Англияда кенгаш ва мерлар, шунингдек, Уелс ва Англияда полиция ва жиноят комиссарлари сайланади.

Финляндияда 28 январь куни Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Агар шу куни номзодларнинг бирортаси 50+ овоз йиғса, 11 февралга белгиланган иккинчи босқич сайлови бўлмайди. Финляндияда Президент 6 йил муддатга сайланади.

Ноябрь ойида Руминияда Президентлик сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда. Руминия қонунчилигига кўра, Президент олти йил муддатга сайланади ва айни бир шахс икки муддатдан ортиқ бу лавозимда қолиши мумкин эмас.

 

Америка қитъасида

АҚШда 5 ноябрь куни мамлакат Президенти ва Конгресснинг иккала палатаси учун сайловлар бўлиб ўтади. Унда Қўшма Штатлар фуқаролари кейинги 4 йиллик муддатдаги ўзларининг 47-президентларини, олти йиллик муддатга Сенаторларни ва икки йиллик муддатга Вакиллар палатасининг аъзоларини сайлашади. Сайланган сенатор ва депутатлар АҚШ тарихидаги 119- Конгресс таркибига киради.

2 июнь куни Мексикада умумий сайловлар бўлиб ўтади. Сайловчилар 6 йил муддатга янги Президентни, Депутатлар палатасининг барча 500 нафарини уч йил муддатга ва Сенатнинг 128 нафар аъзоларини 6 йил муддатга сайлашади. Мексика сайлов қонунчилигига кўра, Депутатлар палатасининг 300 нафар депутати тўғридан-тўғри, қолган 200 нафари пропорционал усулда сайланади. Сенатнинг 96 нафар сенатори тўғридан-тўғри, 32 нафари эса пропорционал тартибда сайланади.

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Уругвайда умумий сайловлар бўлиши режалаштирилган. Унда сайловчилар мамлакат Президенти ва парламентининг иккала палатаси номзодлари учун овоз беришади. Уругвай сайлов қонунчилигига кўра, Президент тўғридан-тўғри, парламентнинг иккала палатасининг аъзолари эса пропорционал сайлов тизими асосида сайланади.

Венесуэла қонунчилигига кўра, 2025 йил 10 январь куни янги Президент лавозимга киришиши лозим. Шунинг учун 2024 йил якунига қадар мамлакатда Президентлик сайлови бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Венесуэлада Президент бир босқичли сайлов йўли билан 6 йил муддатга сайланади.

Бразилияда муниципал сайловларнинг биринчи босқичи 6 октябрда бўлиб ўтиши белгиланган. Унда сайловчилар мамлакат ҳудудидаги барча шаҳарларнинг ҳокими ва ўринбосарларини, шунингдек, шаҳар кенгашларининг аъзоларини сайлашади. Аҳоли сони 200 мингдан ошиқ бўлган шаҳарларда эса сайлов икки босқичда бўлиб ўтади.

 

Африка қитъасида

2024 йилда Тунисда Президентлик сайлови режалаштирилган. Президент давлат бошлиғи ҳисобланса-да, ҳукумат бошлиғи бўлган Бош вазир ҳам кенг ваколатларга эга. Мамлакат Конституциясида ҳар бир ислом динига эътиқод қилувчи 35 ёшга тўлган фуқаро Президентликка номзод бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Бу йил Жанубий Африка Республикасида янги Миллий Ассамблея (парламент)ни, шунингдек, ҳар бир провинцияда қонун чиқарувчи органини сайлаш учун умумий сайловлар бўлиб ўтади. Эътиборлиси, амалдаги парламент ваколати тугатганидан сўнг 90 кун ичида сайлов кунини Президент белгилайди.

Гана фуқаролари 7 декабрь куни мамлакат Президенти ва парламентининг 275 аъзосини сайлайди. Мамлакат қонунчилигига кўра, айни бир шахс икки муддатдан ортиқ Президентлик лавозимига кириша олмайди. Президент икки мандатли округлардан 4 йил муддатга, парламент аъзолари эса бир мандатли округлардан 4 йил муддатга сайланади. Парламентга номзодлар 18 ёшга тўлган, ўз номзодини қўяётган сайлов округида камида 5 йил яшаган бўлиши керак.

Шу йил декабрь ойида Жазоирда Президентлик сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда. Жазоир қонунчилигига кўра, мамлакат Президенти 5 йил муддатга икки босқичли тизим орқали сайланади. Агар номзодларнинг ҳеч бири мутлоқ кўп овоз йиғолмаса, унда энг кўп овоз йиғган икки номзод иккинчи босқичда кураш олиб боради.

Мавританияда ҳам 22 июнь куни Президентлик сайлови бўлиб ўтиши режалаштирилган. 2006 йилги Конституциявий реферундумга кўра, Президент 5 йил муддатга сайланиб, номзодларнинг ёши 40 дан 75 гача қилиб қатъий чегараланган. Шунингдек, номзод албатта мусулмон бўлиши ва айни бир шахс икки мартадан ортиқ бу лавозимга кириша олмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Юқорида келтирилганлардан ташқари, Эрон ва Жанубий Кореяда қонун чиқарувчи органлар учун сайловлар, Тайвандек қайноқ нуқтада ҳам Президентлик ва қонун чиқарувчи органлар учун сайловлар бўлиши қайд этилган. Дунё саҳнидаги йирик куч марказлари қутблашаётган, сиёсий мотивлар орқали конфликтлар чуқурлашаётган даврда сайловлар дунё аҳли учун катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлишини қайд этиш жоиз.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 10.01.2023, №1

 

 

 

 

Теглар

Хориж хабарлари Олий Мажлис Сайлов
← Рўйхатга қайтиш