Туғилиш ва ўлим. Бу икки эшик орасида ўтадиган инсон ҳаёти бир неча фаслларга бўлинади. Гўдаклик, болалик, ўсмирлик, ёшлик, кексалик каби узун йўлдан ўтган умрни ҳар ким ўз билганича яшаб ўтади. Кимдир яхшиликлар, хайрли ишлари билан ёдга олинса, яна биров одамларга кўрсатган меҳри билан хотирланади. Муҳими, кимгадир қисқа, кимгадир узоқ тақсимланган ҳаётда яхши ном қолдиришдир.
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани “Исковот” қишлоғида яшаб ўтган Соҳиба Жуманова яхши ном қолдиришга интилган инсонлардан эди. Улар ўзларидан яхши фарзандлар, эзгу амаллар қолдирди.
1986 йилларда Наманган қишлоқ хўжалик техникумининг агроном мутахассислигини тамомлаган. Бир қиз учун бу жуда қатъиятли қарорлардан бири эди. Чунки, у пайтларда қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш, айниқса, қизларга осон бўлмаган. Оғир меҳнат шароитлари, унча катта бўлмаган маош ҳам унинг ўз ишига нисбатан меҳрини камайтира олмади.
Жамоа хўжалигида бошланган фаолият туман касаба уюшма қўмитасида давом этди. Меҳнаткашлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бефарқ эмаслиги сабаб узоқ йил ушбу ташкилотда фаолият олиб борди. 1998 йилда эса, туман “Соғлом авлод“ жамғармаси директори, 2001 йилдан Наманган вилоят “Аёл ва саломатлик” уюшмасида ижрочи директор лавозимида фаолият юритди. Шу тариқа бир қанча ташкилотларда раҳбарлик вазифаларида фаолиятини давом эттирган Соҳиба Жуманова 2012 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Янгиқўрғон ту ман кенгаши раисининг ўринбосари сифатида сиёсий фаолиятга кириб келди.
Соҳиба Жуманованинг эзгу фазилатлари унинг элда азиз бўлишининг омили эди. 2013 йилдан то умрининг охирги кунларига қадар Халқ демократик партиясининг Янгиқўрғон туман кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бориб, ушбу туман партия кенгашини Республикадаги энг намунали туман партия кенгашига айлантирган.
У ислоҳотларга ҳам, одамларнинг ташвишига ҳам бефарқ эмасди. Юртимиздаги демократик ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, амалиётга жорий этиш борасида мунтазам фаоллик кўрсатиб келган.
У билан бирга ишлаган одамлар билан гаплашсангиз, фақат илиқ гаплар, юзда мамнунлик ифодаси билан ёдга олганининг гувоҳи бўласиз. Аёлни яхшироқ билганлар унинг ишни тўғри ташкиллаштириши, устувор вазифаларни белгилашда катта тажрибага эга бўлганини таъкидлайди.
Марҳуманинг шогирдларидан бири, айни пайтда Наманган вилояти партия кенгашининг ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири сифатида ишлаб келаётган Сарвиноз Эшалиева устозини қуйидагича хотирлади:
- Устозим Соҳиба ая партиямизнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, сайлов қонунчилигини мукаммал биларди ва қизиқарли тушунтира олардилар. Улар самарали фаолият кўрсатиб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларида ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ажралиб, алоҳида ҳурмат қозонгандилар. Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурини ҳаётга татбиқ қилишда доим фаоллик кўрсатардилар. Устозимнинг иродаси, яхшиликсеварлигига доим ҳавас қилардим. Оилада ҳам намунали турмуш ўртоқ, меҳрибон она, меҳрибон қайнона эдилар...
Чиндан ҳам, партия ғояларини тарғиб қилиш билан бир қаторда Соҳиба Жуманова маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига туманда ечимини кутаётган долзарб масалаларни ҳам ўз вақтида киритиб, қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатган. Айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, оилаларни яраштириш ҳамда хотин-қизларнинг ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредитлар олишига доимо бош-қош бўлган. Опа-сингилларимизнинг мурожаатларини ҳал этмагунча тиним билмаган.
Марҳуманинг партиядошлари уни сиёсий фаол, қатъий сиёсий позицияга эга раҳбар, туман кенгаш аъзолари ва фаоллари ичида ҳурматга, эътиборга эга инсон, деб таърифлайди.
Кўп йиллик депутатлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя масалаларида ҳаётий тажриба тўплаган сиёсатчи аёл кўпчиликка ўрнак, мотивация бўлгани эса ҳақиқатдир.
Соҳиба опа кечагина ҳам ёнига келган юртдошининг мурожаатини ҳал этиш билан банд эди. У оғир шароитдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан яқиндан ишлаб, уларнинг қалбларига меҳрибон она сиймосида кириб бориб, ўксик дилларига малҳам бўлган. Бир сўз билан айтганда, Соҳиба опа атрофдагиларнинг қувончу ташвишини ўзиники билиб, қалбан ҳис қилган, бутун ҳаёти ҳамда фаолиятини бошқаларга кўмаклашиш асосига қурган, яхшилик қилиб ҳаловат топадиган инсон эди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси кўп минг сонли аъзолари номидан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Соҳиба Жумановадек фидойи инсонлар хотираси қалбларимизда мангу қолади.
Ўзбекистон Халқ демократик
партияси фаоллари.
«Ўзбекистон овози», 10.01.2023, №1