Ватан ҳимояси муқаддас бурчимиздир

 

Тинч ва осойишта ҳаётимиз, ёруғ ва бехавотир кунларимиз ҳарбийларнинг фидойилиги, садоқати, матонатига бевосита боғлиқ албатта. Мардонаворликни қалб амри деб билган халқимиз ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ ҳолда хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф билан адо этаётган забардаст фарзандлари - баҳодир ва довюрак ҳарбийларни мамнуният билан эътироф этади. Мард ўғлонлари билан фахрланади.

32 йил тарих саҳнида ўттиз икки йил унчалик кўп вақтни англатмас, балки. Лекин унинг ортида оғир ва синовли йилларда бир давлатнинг ўз миллий армияси ташкил топиши, такомиллашуви ва юрт сарҳадларини ишончли ҳимоя қилаётган қудратли Қуролли Кучларига айланишидек матонат ва жасоратдан таркиб топган улкан довон мужассам.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, дейишга барча асосларимиз бор. “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.Ушбу стратегия асосида Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини амалга ошириш, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилинди. Янада аниқроғи, ҳарбий жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланди.

Инчунун, Ватан ҳимоячилари байрамининг қутлуғ шукуҳи кезиб юрган шу кунларда кўплаб соҳа фидойилари учун янги турар жойлар қуриб, фойдаланишга топширилмоқда. Соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг олий таълим олиши, ижтимоий муҳофазаси, ҳар жиҳатдан рағбати борасида янгидан-янги имкониятлар яратилаётгани ҳам эътиборга моликдир. Президентимиз таъкидлаганидек, армия фақат қурол ва аслаҳа билан кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир.

Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этаётир. Шу боис инсон қадрига устувор эътибор қаратилаётган тараққиётнинг янги даврида ҳарбий соҳани ислоҳ этиш, мазкур йўналишдаги миллий қонунчиликни давр талабига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга ошириляпти. «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғоя ҳарбий соҳадаги миллий қонунчилигимизга ҳам тобора сингиб бормоқда. Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда ҳам Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш масалалари кўзда тутилган.

Унга кўра, 2030 йилгача бўлган даврда Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, замонавий жанг ва ҳарбий можаролар ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва маҳоратини ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Бугунги ғоят мураккаб глобаллашув замони тинчлик ва осойишталик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик, бошимиз узра мусаффо осмонимиз - энг бебаҳо бойлигимиз эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бу эса осойишталигимизни асрашда наинки ҳарбийлар, ўзини шу табаррук диёр фарзанди, деб билган барча ҳамюртимиз, айниқса, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлардан жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдирига, келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, унинг тупроғини муқаддас билишга ва бу йўлда масъулиятни теран англашга даъват этади. Зеро, юртимизнинг давлат суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, ҳудудларимиз яхлитлиги ва осойишталигини сақлаш барчамизнинг бирдек Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш