Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Кейинги йилларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни уларнинг ижтимоий оғирлик даражасидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва жарима тарзидаги маъмурий жазоларнинг миқдорини мақбуллаштириш, маъмурий иш кўриб чиқилишида аҳолининг оворагарчилигини, коррупция ҳолатларини ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини аниқ белгилаш ва маъмурий ишларни кўриб чиқишда фуқароларга енгиллик яратишга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан маъмурий жазолар миқдорини камайтириш, уларни бир хил кўринишга келтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳамда аҳолига енгилликлар яратиш лозимлигини инобатга олган ҳолда белгиланишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17, 223, 2233, 225 ва 248-моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, Кодекснинг 223 ва 2233-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун белгиланадиган жарималар миқдори бир хил кўринишга келтирилмоқда. Бу ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва электрон иш юритув тизимидан унумли фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини аниқ белгилаш ижтимоий адолат тамойилларига мос келишини ҳамда аҳоли орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга енгиллик яратишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар. Бундан ташқари, ортиқча бюрократия ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш таъминланади.
Киритилаётган нормалар юзасидан фикр мулоҳазалар алмашингач, Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.