Ишда унум, қалбдаги хотиржамлик – бу кишининг уйида барқарорлик борлигидан далолат. Уйда, оилада “ҳаммаси беш” бўлиши эса ундаги катта-кичик ташвишларнинг ечимига боғлиқ. Бу занжирнинг энг мустаҳкам қисми иқтисодий барқарорликни билдиради. Буларнинг барчаси эса бандлик, иш жойи ҳамда даромад манбаига эга бўлиш масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида бандликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган, бу борада муҳим устувор вазифалар белгилаган. Партия фаоллари ва депутатлар уларнинг ижросини таъминлаш, дастурий мақсадларига эришиш учун белни маҳкам боғлашган.
Бунда албатта, партия фаоллари ҳамда депутатлар ҳамкорликда вазифалар ижросини таъминлайди. Партиядан сайланган депутатлар ўзларига берилган халқ вакили таърифини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Улар ҳар куни фуқароларни қабул қилади, депутатларга осон бўлмаган шароитда муаммоларга мутасаддилар билан биргаликда ечим топишга интилади.
Аслида ҳам депутат мана шу юртда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаронинг ташвишини ўзиники, деб қараши лозим. Яъни, ким ёки қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар одамларнинг мурожаатига қулоқ тутиши зарур. Айрим депутатлар сингари “Мени Сиз сайламагансиз”, деган ўта кулгули баҳона билан келганларнинг кўксидан итариш мутлақо нотўғри. Шундан келиб чиқиб, ХДП депутатлари қайси ҳудудда бўлишидан қатъи назар, ўша жойдаги аҳолининг иссиқ-совуғидан хабар олиш, дардига қулоқ тутишга интилади.
Бу борада ўтган йилда ундай қилинди, бундай бўлди, деб қуруқ гапларни айтишдан кўра бирор бир ҳудуд мисолида масалага назар ташласак.
Самарқандда бандлик ҳолати
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида 1 миллион 600 мингдан зиёд аҳоли иқтисодий фаол бўлиб, уларнинг 1,5 миллионга яқини иш билан таъминланган. Буни қарангки, расмий секторда ишлаб, оила тебратаётганлар уларнинг қарийб учдан бирини, яъни 530 мингдан кўпроғини ташкил қилади. Қолган қисми эса, норасмий секторда фаолият олиб боради. Ишсизлар сони иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 8,6 фоизни кўрсатмоқда. Табиийки, банд аҳоли орасида хорижга ишлаш учун кетганлар ҳам бўлиб, улар 300 мингдан зиёд. Бу ўтган йилнинг январь ҳолатига кўра олинган маълумотлар.
Ишсизликни камайтириш, одамларни даромадли қилиш мақсадида бир йил олдин, яъни 2023 йил 25 январь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишига асосан вилоятда 451,6 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш вазифаси белгиланганди. Бу вазифалар ижроси қатор соҳалар кесимида амалга оширилиши назарда тутилган. Масалан, қишлоқ хўжалиги йўналишида 235,2, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳасида 194, инвестициялар ва маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига 22,4 минг аҳоли бандлигини таъминлаш керак эди.
Депутатларнинг ўрганишлари шуни кўрсатадики, қўйилган аниқ мақсад, тузилган тўғри режа асосида бу ишлар деярли 109 фоизга бажарилган. Хусусан, доимий иш ўринларида 184,0 минг, мавсумий ва вақтинчалик ишларда 225,8 минг ҳамда легаллаштириш ҳисобига 81,6 минг нафар аҳолини иш билан таъминлашга эришилди. Энг юқори натижага инвестициялар ва саноатни ривожлантириш ҳисобидан эришилди. Демак, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ва янги инвесторларни кенгроқ жалб қилиш талаб этилади.
Аммо масаланинг яна бир томони борки, бунга кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, иқтисодий фаол аҳоли сони кўпчиликни ташкил қилиши мумкин, бироқ уларнинг ҳаммасини юқори даромадли, гипперфаолликни талаб этувчи ишларга жалб қилиш имконсиз. Бу ҳаётий ҳақиқатни ҳамма англайди. Ушбу ҳолатда одамлар ўзини-ўзи банд қилиши, шахсий бизнесини ишга тушириши, томорқа ва ердан унумли фойдаланиши зарур. Шундан келиб чиқиб, бугун аҳолини тикувчилик, сартарошлик, ошпаз-қандолатчилик ва ахборот технологиялари каби касб-ҳунарга ўқитиш ташкил этилган.
Самарқанддаги ана шундай марказларда 40 дан ортиқ касблар бўйича 13 минг 700 дан ортиқ фуқаро ўқитилди. Шундан, 8600 нафари хотин-қизлар, 5100 минг нафари эса ёшлардир. Ногиронлиги бўлган шахсларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар натижасида эса 967 нафар ногиронлиги бўлган фуқаронинг бандлигига кўмаклашилган.
Қилинган ижобий ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Асосийси, улар тўхтаб қолмади. Жорий йилда ҳам давом этади. Лекин баъзи ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.
Ишга муҳтожлар қанча?
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда бугун меҳнат ресурслари сони ўртача 19 миллион 700 мингни ташкил қилади. Иқтисодий фаол аҳоли сони эса 15 миллиондан кўпроқ. Сўнгги маълумотларга асосан иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар 14 миллионга яқинлашганини кўриш мумкин. Ишга муҳтожлар эса 1 миллион 200 минг, деб хабар қилинмоқда. Демак, ишсизлик даражаси ўртача 8,1 фоизни ташкил этади.
Аслида, бу жуда катта рақам. Ишсизликнинг юқори даражаси шуни кўрсатадики, мамлакат табиий ресурслар, транспорт, ишлаб чиқариш бинолари ва жиҳозларидан камроқ фойдаланади. Шундан бўлса керак, чет элга ишлаш учун кетаётган мигрантлар сони ҳам ортиб бормоқда. Таҳлиллар 2023 йил декабрь ҳолатига хориждаги меҳнат мигрантлари сони ўртача 2 миллион киши эканини кўрсатган.
Тўғри, мигрантларга имкониятлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, бўлажак меҳнат мигрантларини касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 32 та мономарказ ва унинг филиаллари, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ишга тушган. Шунингдек, 13 та қурилиш соҳасида малакали мутахассисларини тайёрлаш марказлари ҳамда бошқа турли вазирлик ва идоралар, нодавлат таълим муассасалари, 10 та хорижий ҳамкор билан ташкил этилган 50 га ўқув курслари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳам қонуний асослар такомиллаштирилиб, сезиларли ўзгаришларга эришилди. Чунки бу бевосита давлатнинг зиммасидаги бурч саналади. Сабаби, мигрантлар ҳам ўзини, ҳам оиласини боқиш билан бирга мамлакатга валюта кириб келишини таъминлайди. Афсуски, пайти келганда мигрантларни ҳам солиққа тортишдан тап тортмайдиганларни ҳам кўрдик. Бир нарсани аниқ тушуниб олиш керак: мигрантлар юбораётган маблағлар солиққа тортиладиган даромад эмас. Ватани, яқинлари, оиласидан узоқда ишлаш осон эмас, аслида. Мусофирчиликнинг минг бир машаққатини бўйнига олган, вақти келганда ҳар қандай оғир ва қийин шароитларда ҳам яшаётган, ишлаётган бу фуқароларимизнинг оиласига бераётган кўмагини, даромадини қандай солиққа тортиш мумкин?..
Мигрантлар ва уларнинг ҳуқуқлари
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Биз мигрантларни расмий, норасмий тоифага ажратишга одатланганмиз. Агар буни кенгроқ таҳлил қилсак, қандай таърифлаш мумкин эди?
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг фикрларига эътибор қилинг.
— Аввало, расмий, ёки норасмий ва қонуний ёки ноқонуний тушунчаси ҳақида. Ўзбекистон чегарсидан ҳеч ким ноқонуний чиқиб кетмайди ва етиб борадиган давлати чегарасини ҳам ноқонуний кесиб кирмайди. Етиб боргандан кейин хорижий давлат миграция қонунларини бузмаса, мигрант қонуний ва расмий ишлайди, дейиш тўғри бўлади. Агар ҳужжатисиз, яъни патент, ишчи визаси ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатларсиз ишласа, бундай ҳолатда ноқонуний дейиш мумкин.
Шу сабабли бу рақамларни ажратиш қийин. Миграция агентлиги учун Ўзбекистон фуқароси қандай йўл билан бўлишидан қатъи назар агар ишлаш учун хорижга кетган бўлса, уни ҳимоя қилиш вазифаси.
Биздаги маълумотларга кўра, дунёнинг турли давлатларида ўзбекистонлик жами мигрантлар сони 2 млнга яқин. Марказий банк томонидан трансчегаравий пул ўтказмалари ҳақида маълумотлар эълон қилиб борилади.
Масалан, 2023 йилнинг 6 ойида 5,2 млрд АҚШ доллари миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган. 2023 йил якунлари бўйича маълумотлар ҳам эълон қилиниб қолса керак.
Агентликнинг вазифалари нималардан иборат?
Хорижий давлатлар меҳнат бозорини мониторинг қилиш, иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан ҳамкорлик ўрнатиш асосий вазифалардан бири саналади. Шу билан бирга, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш. Бунда албатта, мамлакатимиздан мигрант сифатида чет элга борадиган фуқаронинг ҳуқуқлари қай даражада ҳимоялангани ҳам инобатга олинади.
Масалан, 2023 йил давомида дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 118 та шартнома имзоланишига эришилди. Улардаги 100 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланиб, 60 мингдан ортиқ ўринга талабнома олинди.
Натижада 38 минг 401 нафар фуқаронинг Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Буюк Британия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Руминия, Япония, Литва, Болгария, Польша каби давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди. 2022 йилда уларнинг 40 фоизи ривожланган ва иш ҳақи юқори бўлган давлатларга жалб қилинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 62 фоизга оширилди. Илк бор 2 мингга яқин фуқаро Буюк Британияга, 500 га яқин фуқаро Германияга юборилди. Жанубий Кореяга юборилган фуқаролар сони 1,5 бараварга кўпайтирилиб, 4900 нафарга етказилди.
Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни кетишдан олдин чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Япониянинг “Prometric” билимни баҳолаш ташкилоти, инглиз тили бўйича билимни баҳоловчи бир нечта тизим, Германиянинг “ÖsD” билимни баҳолаш маркази, корейс тили ва маданиятини ўргатишга ихтисослашган “Қирол Сежонг” ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Амалдаги субсидия ҳисобига меҳнат мигрантларига тақдим этилаётган суғурта полиси самарадорлигини ошириш мақсадида суғурта ҳодисалари бўйича кўрсатиладиган хизматлар 3 тадан 6 тага кўпайтирилди. 227 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган бўлса, 1499 нафар юртдошимизга 79 минг 447 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.
Оғир вазиятларга тушиб қолган ҳамюртларимизни Ватанга қайтариш, меҳнат ҳақини ололмаётганларга эса иш берувчиларидан ойликларини ундириб бериш борасида ҳам самарали чоралар кўрилган.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 24.01.2023, №3