Бугун ҳудудларимизда янгиликлар кўп, ўзгаришлар катта. Аммо одамларимизни ўйлантираётган, ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Ютуқларда ҳам, тўғрисини айтганда, камчиликларда ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатларининг озми-кўпми ҳиссаси бўляпти.
Маҳаллий Кенгашларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 1500 нафарга яқин депутат фаолият юритади. Партия Сайловолди дастуридаги мақсад-вазифаларни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий ҳаракат дастури қабул қилинган эди. Унга биноан ўтган йили Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлари томонидан сессиялар кун тартибига 879 та масала олиб чиқилди.
Мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам бор...
Ўтган йили маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партияси депутатлари томонидан қарийб бир ярим мингга яқин масала юзасидан назорат-таҳлил ишлари олиб борилган. Мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, 1101 та масала партия гуруҳларида кўрилган бўлса, 940 та масала доимий комисиялар муҳокамасига олиб чиқилган.
Шунингдек, депутатларимиз томонидан ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган 5 679 та депутатлик сўровлари юборилди. Шундан 4 163 тасидан ижобий жавоб хатлари олинди. Бундан ташқари, жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг 729 маротаба ҳисобот ва ахборотлари эшитилди.
Буни минтақалар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон республикасидаги депутатларимиз масалани ўрганиш ва сессия муҳокамасига киритишда фаоллик кўрсатишди.
Таҳлилларга эътибор қаратсак, бугун депутатларимиз анча уйғоқ эканига гувоҳ бўламиз. Атрофга, жамиятга, сайловчилар ҳаётига дахлдорлик бор уларда. Буни келаётган мурожаатларда, ўрганилаётган масалаларда кўришимиз мумкин.
Хусусан, ўтган йили аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида 238 та масала партия гуруҳларида, 184 та масала доимий комиссияларда, 177 таси сессияларда кўриб чиқилди. Соғлиқни сақлаш, поликлиникаларни замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб ускуналари билан жиҳозлаш, қишлоқ жойларида ҚВПларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, дори воситалари ва фармацевтик фаолияти бўйича 246 та масала ўрганилди.
Таълим тизими билан боғлиқ 100 дан ортиқ масала сессиялар муҳокамасига киритилди.
Бирор-бир масалани ўрганиб, уни доимий комиссия ва сессия муҳокамасига олиб чиқиш осон жараён эмас, аслида. Ишчи гуруҳлар ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганади, ижтимоий масалаларни таҳлил қилади, маълумотлар ва таклифларни сессияларга тақдим этади. Бир сўз билан айтганда, ҳудудлардаги масалалар кўп жиҳатдан уларнинг фаолиятига боғлиқ. Қачонки, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзара, асл ҳолат ўрганилиб, муаммо юзага чиқсагина мутасадди ташкилотларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ҳам ошади.
Таҳлилларга эътибор қаратсак, Андижон вилоятининг Андижон тумани, Бухоро вилоятининг Жондор тумани, Навоий вилоятининг Ғазғон шаҳар, Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Бекобод туманлари, Қашқадарё вилояти Шахрисабз шаҳар, Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳар, Қува ва Ёзёвон туманларида бирорта ҳам масала сессия кун тартибига киритилмаган. Ушбу ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар йўқми?
80 дан ортиқ муаммо ўрганилди
Илҳом АТАБАЕВ,
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
– Депутатлик гуруҳларимиз сессияга масала киритишдан олдин аввал муаммо бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб боришади. Масала жойига чиқиб ўрганилади, шу бўйича қандай мурожаатлар бўлгани кўриб чиқилади. Шунингдек, мониторинг давомида ҳудудларда кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага кириб борилади, сайловчиларнинг эътирозлари, таклифлари эшитилади.
Ҳозир яхши бир тажрибага таяниб иш кўряпмиз. «Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал» дейишади-ку. Шу маънода жойлардаги муаммолар ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмаяпмиз. Ўзимиз одамлар орасига, халқ ичига кириб боряпмиз. Улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш кўзланган бош мақсад ҳисобланади.
Айтиш керакки, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларнинг таъсир кучи янада кўпроқ бўляпти, сезиларли натижалар кўзга ташланяпти. Чунки жонли суҳбатлар давомида мурожаатга, қоғозларга сиғмай қолган тафсилотлар ойдинлашмоқда. Масалалар бўйича янги ва қўшимча маълумотлар юзага чиқмоқда.
Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят Кенгашида 17 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 118 нафар депутатимиз бор. Ўтган йили партия гуруҳларимиз томонидан 57 та масала партия гуруҳларида, 63 та масала доимий комиссия йиғилишларида ва 81 та масала сессиялар кун тартибига киритилиб, муҳокама этилди.
Сессияларда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш, бизнесни ривожлантириш соҳаларидаги муаммолар муҳокама этилди. Ижро ҳокимияти органларига 287 та депутатлик сўровлари юборилди, шундан 169 таси ўз ижобий ечимини топди. Ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоботлари 48 маротаба эшитилди.
118 та депутатлик сўровига жавоб йўқми?
– Қолган 118 та депутатлик сўрови ижрода турибди. Масалан, айтайлик, биз қандайдир муаммо юзасидан ижро ҳокимяти органларига сўров жўнатдик. Биз кўтарган масала 2024 йил дастурга киритилиш арафасида турибди. Ёки шундай масалалар борки, унинг ечими бир неча ташкилотга боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ижро бироз чўзилиши мумкин. Аммо ҳар бир депутатлик сўрови, унинг ижроси доимий, қатъий назоратимизда туради. Биз ҳар ҳафта депутатларимиз билан буларни муҳокама қиламиз, - деди И.Атабаев.
Соғлиқни сақлаш тизими: Қибрайда ҳолат қандай?
Акмал УМАРАЛИЕВ,
ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:
– Кенгашларда бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда, яхши таклифлар билдирилмоқда. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўляпти. Аммо фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади.
2023 йил давомида Тошкент вилоятидаги депутатлик гуруҳларида 137 та масала, доимий комиссия йиғилишларида 134 та ҳамда сессиялар кун тартибига 126 та масала кўриб чиқилди. Ўткир таклифлар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши сессиясида депутатларимиз ташаббуси билан «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижроси муҳокама этилди.
Назорат-таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, туманда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида қатор эътиборга молик ишлар қилинган. Хусусан, тумандаги туғуруқ мажмуасига чақалоқлар учун 2 та сунъий ўпка вентиляцияси аппарати, 2 та SRAR аппарати, 1 та кувез, 1 та кардиомонитор каби тиббий ускуналар олиб келинган. Ҳозирги кунда бўлимда 62 нафар шифокор, 110 нафар фелдшер ва 5 нафар кичик тиббий ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳаётий зарур 62 хил дори-дармон воситалари мавжуд. Шунга қарамай, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам бор. Сессия қарорида булар эътиборга олинди.
Жумладан, олис ҳудудларда жойлашган шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни малакали мутахассислар билан тўлдириш, тумандаги барча оилавий шифокорлик пунктларини EKG, UTT, стоматологик ускуналар билан таъминлаш ҳолатларини ўрганиб чиқиб, эскирган тиббий асбоб-ускуналарни янгилаш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Ҳозир сессия қарори назоратимизда турибди.
Асосийси, сессияга масала тайёрлаш давомида депутатлар жойлардаги реал вазиятни ўз кўзи билан кўриб, одамлар билан юзлашмоқда. Шунинг учун улар маҳаллий Кенгашларда кўрилаётган масаланинг ипидан игнасигача билади, қоғоздаги маълумот билан уни алдаб ҳам бўлмайди. Сайловчиларга қулоқ тутиш, улар билан елкама-елка туришда гап кўп.
«Депутатга ҳисоб бериш шарт(ми?)...»
Эркин ЭРГАШЕВ,
халқ депутатлари Ангрен шаҳар кенгашидаги ЎзХДП депутати:
– Ҳар бир сессияда қатнашаман. Уларда ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади. Саволлар берилади. Депутатлар ҳудудлардаги камчиликлар бартараф этилиши, одамларнинг ташвишлари енгил бўлиши учун курашади. Мен ҳам депутат сифатида одамларга нафим тегса қувонаман.
Ўтган йили депутатлик гуруҳимиз бир қатор масалаларда депутатлик назоратини олиб борди ва уни сессиялар муҳокамасига олиб чиқди. Албатта, натижаларимиз ҳам ёмон эмас. Масалан, шаҳарда фаолият юритаётган спорт мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш масаласини сессияда кўриб чиқдик ва бунинг учун маблағ ажратилди. Шунингдек, опен бюджет маблағларининг тўғри тақимланиши ва ишлатилиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг тўғри сақланиши, нарх-навонинг барқарорлиги, соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори-дармонлар билан таъминланиши, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самараси, Бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ўргандик. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласидаги ўрганишларимиз ҳам натижа кўрсатди.
Лекин яна бир масала бор. Доимий комиссия ва сессияларда кўрилган масалаларнинг ижроси назоратга олинганми, ечими бўйича ишлар якунига етказилганми-йўқми, деган саволларнинг жавобига қараб натижани баҳолаш керак. Бу эса бевосита маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари масъулияти ва виждонига ҳам боғлиқ.
Тўғри, ҳозир ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари, вакиллари депутат ҳисоб сўраса, буни тўғри қабул қиляпти. Аммо ёш кадрлар, яъни ижро ҳокимияти органларининг ёш раҳбарлари ҳали депутат кимлигини, унинг ваолати ва мақомини тўлиқ тушуниб етгани йўқ. «Биз нимага ҳисоб берамиз?», «Бу масалада депутатга жавоб бериш шартми?», деган саволлар кўп бўлади. Ўйлашимча, ижро ҳокимияти органлари вакиллари учун ҳам депутатлик мақоми, депутатлик назорати ҳақида маълумот берувчи семинарлар ташкил этиш керак. Мақсад маълумот тақдим этиш ёки ҳисобдорликда ҳам эмас, аслида, гап қонунлар ва уларнинг ижросида, аҳоли муаммоларини ҳал этишда.
Вилоят ҳокими ўринбосари депутат саволига нега жавоб бермайди?
Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,
халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:
– Очиғини айтиш керак, депутат сўровига ҳар доим ҳам масъул раҳбарларнинг ўз вақтида ёки умуман жавоб бермаслиги ҳолатлари учраб туради. Бу эса ҳудудларда аҳоли кўтарган масалаларнинг ечилмай қолиб кетишига сабаб бўлади.
Мисол учун, мен сайланган «16-Дўстлик» сайлов округи ҳудудида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан биридир. Депутатлик фаолиятим даврида жуда кўп маротаба маҳаллий ҳокимлик ва вилоят «Сув таъминоти» корхонаси масъул раҳбарларига ушбу масалада депутатлик сўровлари жўнатдим. Аммо депутатлик сўровга бир бетлик жавоб хати ёки умуман жавоб бермаслик ҳолатлари бўлди. Жумладан, 2023 йил 28 июлда Жиззах вилоят «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ раҳбари М.Юсуповга юборилган депутатлик сўрови жавобсиз қолдирилган.
«2022-2026 йилларда Жиззах вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Унга кўра, Жиззах вилоятида автомобил йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш мақсадида 470,3 км узунликдаги йўлларни таъмирлаш, мавжуд 545,6 км узунликдаги таъмирталаб кўприкларни жорий тўла таъмирлаш ва реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, 2022 йил декабрь ойига қадар 230 км ички хўжалик йўллари ва кўприкларни таъмирлаш ишларини якунлаш қайд этилган эди. Ушбу вазифалар қай даражада бажарилганлиги тўғрисида ахборот беришни сўраб вилоят ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Б.Назаровга депутатлик сўрови билан чиқдим. Аммо бунга жавоб берилмади.
Одамлар яна неччи йил кутиши керак? Дастурга киритилишини кутади, кейин унинг ижросини... Унгача тоза ичимлик суви муаммосидан қийналиб юриши керакми? Ёмғир, қор ёғса лой кўчаларга ботиб, машинада паст-баланд бўлиб ўйилиб ётган асфальт йўлларда қоқилиб юриши керакми?... Мансабдорлар, амалдорлар назарига илмаётган, жавоб қайтаришни ўзларига эп кўрмаётган депутатлик сўрови ортида аслида оддий одамларни ўйлантираётган, қийнаётган ана шундай муаммолар бор...
Шундай вазиятларда ҳафсаламиз пир бўлади. Депутатга умид боғлаган сайловчига нима деб жавоб қайтаришга қийналади киши.
Ҳақиқатан ҳам аввало, аҳоли, депутат ва ҳокимликлар ўртасида демократик мулоқот муҳити юзага келиши керак. Қайси ҳудудда шундай муҳит бўлса, муаммоли масалалар кўпаймаганига амин бўлиш мумкин. Шундай экан, ҳокимликлар, мутасаддилар ва халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг сиёсий позицияси ва демократик характерини мустаҳкамлаш бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган талабидир.
Ҳокимлик вакиллари хафа бўлишмасину, юрагида ўти бор депутатнинг оғзини ёпиш эмас, аксинча, муаммоларни ҳал этишда уларнинг тажрибасидан тўғри фойдаланиш лозим, деб ўйлаймиз. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар муҳокама, мунозара, ҳаққоний баҳс майдонига айланса, шунда ўсиш, ўзгариш бўлади.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 24.01.2023, №3