Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко Андижон тумани «Бобоғози» оилавий поликлиникасида бўлди.
Депутат мазкур поликлиникага 2022 йилнинг куз фаслида келганида бино таъмирталаб аҳволда бўлиб, поликлиникада иситиш тизими ишламас, хоналар даволаш масканига муносиб ҳолда эмас эди. Е. Бабенконинг маҳаллий ижро ҳокимияти, соғлиқни сақлаш идораларига мурожаатидан сўнг аҳвол кескин яхшиланган.
Ҳозирги кунда 3 та МФЙда истиқомат қилувчи 10 000 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган бу даргоҳ замонавий усулда таъмирланиб, санитария талаблари асосида фаолият юритмоқда. Совуқ қиш мавсумида ҳам иссиқ хоналарда 48 нафар шифокор ва ҳамширалар беморларга малакали хизмат кўрсатишмоқда.
Тиббиёт ходимлари билан учрашув чоғида Е. Бабенко тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берди.