Ижтимоий соҳанинг асосини таълим тизими ташкил этади

 

Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ. Бугунги кунда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимиз тараққиётини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим мақсад ва вазифалар белгиланган. Бугун бўлиб ўтган Президентимиз раислигидаги ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда таълим, тиббиёт, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар санаб ўтилди.

Йиғилиш жараёнида барча соҳалар қатори таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли ҳол. Хусусан, Президент мактабгача ва мактаб таълимидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгуси режаларни белгилаб берганлиги айни муддао бўлди. Албатта, шундай ислоҳотлар натижасида мактабгача таълимда қамров 74 фоизга етказилди. Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда бу кўрсаткич 27 фоиз эди. Бу йил давлат боғчалари қуввати яна 10 минг ўринга, хусусий боғчаларда 50 минг ўринга оширилади. Лекин баъзи чекка қишлоқларда боғча ҳали йўқлиги сабабли, ҳамма болалар ҳам мактабгача таълим билан қамраб олинмаган, айрим туманларда боғча етарли бўлишига қарамай, қамрови ўтган йилга нисбатан бироз камайганлигини ҳам эътиборга олиш керак. Жумладан, хусусий боғчаларда болалар ҳисобини юритиш рақамлаштирилмоқда, лекин давлат боғчаларида бу жараён ҳали бошланмаган. Шу муносабат билан Мактабгача таълим агентлигига боғчаларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизим яратиш топширилганлиги ҳам диққатга сазовор.

Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилгани таъкидланди. Назарда тутилаётган вазифалар халқимиз фаровонлиги йўлидаги мақсад ва ғояларга уйғун ва ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга мутасаддиларга “мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга тушириш топшириғи берилганлигини қўллаб-қувватлаймиз.

“Юқорида айтилган ташаббуслар амалиётда йўлга қўйилса, ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади”, - деди давлатимиз раҳбари.

Биз депутатлар соҳадаги ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш